Дастур аввало, халқни рози қилиш, инсон қадрини юксалтиришга хизмат қилади

16.02.2023, 10:26

Дастур аввало, халқни рози қилиш, инсон қадрини юксалтиришга хизмат қилади

Ҳозирда 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси кенг муҳокама қилинмоқда.

Ҳаммамизга маълумки мамлактимизда барча соҳалар қатори ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб келинади.

Куни кеча Қонунчилик палатасида кенг муҳокама қилинган “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2022 йилда бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботидан ҳам кўриш мумкинки, мамлакатимиздаги барча ислоҳотлар ижтимоий йўналтирилган бўлиб  “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.

2022 йилги Давлат дастури 7 та устувор йўналиш бўйича 100 та мақсад ва 398 та банддан иборат бўлиб, уларда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида 318 та қонун, фармон ва қарорлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Давлат дастури ижроси доирасида 2022 йилнинг ўзида умумий қиймати 55 трлн сўм ва 11,7 млрд АҚШ долларига тенг лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган.

Ҳисоботга кўра 2022 йилда Давлат бюджетининг жами харажатлари 236,6 трлн сўмни, шундан ижтимоий соҳаларга йўналтирилган харажатлар 177,7 трлн сўмни ёки жами харажатларнинг 75 фоизини ташкил қилди.

Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботидан кўришимиз мумкинки
2022 йилда Давлат дастурининг Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантиришнинг устувор йўналишларида ҳам кўплаб самарали ишлар олиб борилган.

Жумладан, ҳар бир фуқарога давлат ҳисобидан аниқ касб-ҳунарга ўқиш имкониятини яратиш, касбга ўқитиш кўламини 2 баравар ошириб, жами
1 млн нафар ишсиз фуқарони касб-ҳунарларга ўқитиш ва бу жараёнда нодавлат таълим муассасаларининг иштирокини 30 фоизга етказиш мақсадини ҳаётга тадбиқ этиш бўйича 463 та маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ташкил этилди; 100,4 минг нафар фуқаролар касб-ҳунарга ўқитиш курсларига ва 8,8 минг фуқаролар нодавлат таълим муассасаларига ўқишга жалб қилинди; “Ишга марҳамат” мономарказлари
ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг 211 нафар таълим усталари “WorldSkills International” стандартлари бўйича 14 та касб бўйича малакаси оширилганлигини эътироф этиш мумкин.

2022 йилда хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янада жадаллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.  Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ 2022 йил 1 сентябрдан бюджет ташкилотларидан бошқа барча юридик шахсларда охирги 6 ойда узлуксиз иш стажи бўлган аёлларга ҳар ой учун минимал истеъмол харажатлари миқдоридан келиб чиқиб, бюджет ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлаб келинмоқда.

Ўтган йили яратилган ва 17 миллиондан зиёд хотин-қизлар ҳақида маълумот базасини ўз ичига олган “Xotin-qizlar.uz” миллий платформаси орқали  84 104 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларнинг аризаси электрон қабул қилиниб, улардан 35 689 нафарига тавсиянома берилди. 

Тест натижаларига кўра 1 982 нафар эҳтиёжманд оила хотин-қизлари олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинди. Шунингдек, мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга бўлган, лекин олий маълумотга эга бўлмаган 29 531 нафар хотин-қизлардан аризалар электрон тизим орқали қабул қилиниб, улардан 28 664 нафарига тавсиянома берилди. Уларнинг 507 нафари олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинган.

“Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасига қарайдиган бўлсак 2023 йилда ҳам асосий этибор аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилади.

Биринчидан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари (ногиронлиги бўлган шахслар, оғир беморлар, кексалар ва бошқалар)га миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги давлат хизматларини доимий яшаш ёки вақтинча турган жойига чиқиш орқали, кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмаган ҳолда кўрсатиш йўлга қўйилиши назарда тутилмоқда

Натижада, мазкур шаклдаги давлат хизматлари билан 4 млнга яқин ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қамраб олиниши таъминлаш мумкин бўлади.

Иккинчидан, Фуқароларнинг пенсия таъминотини яхшилаш ва пенсионерларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, 2024 йил 1 январдан бошлаб пенсионерга ҳисобланган, лекин ўз вақтида олинмаган пенсияни тўлаш муддати 12 ойдан 24 ойга узайтирилиши кўзда тутилмоқда. Бунинг натижасида эса 2,4 минг нафардан ортиқ фуқарога 21,7 млрд сўм миқдордаги пенсия тўлаб берилиши имконияти яратилади.

Учинчидан, Ногиронликни белгилашда фуқароларга қўшимча енгилликлар яратиш мақсадида ҳам кўплаб ишларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.

Бунинг натижасида 2023 йил 1 мартдан бошлаб ногиронлик идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви асосида фуқаролар касаллигининг оғирлиги ва унинг асоратларидан келиб чиқиб уларнинг иштирокисиз белгиланаши кўзда тутилмоқда.

Натижада, йиллик 27 минг нафар фуқаро (25 фоиз) тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясига бормайди ва уларга ногиронлик сиртдан белгиланади.

2023 йил 1 мартга қадар эса ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш концепцияси лойиҳасини киритиш белгиланмоқда.

Концепцияга кўра фуқароларнинг меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражасидан келиб чиқиб ногиронликни белгилаш амалиётидан воз кечилиб, унинг ўрнига жаҳон стандартлари асосида ногиронликни белгилашга ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаётга ижтимоий мослашуви ва уларнинг соғлиғини қайта тиклаш, мустақил ҳаракат қилиш имконияти бўлмаган шахсларнинг барча ижтимоий инфратузилма объектларига (жамоат ва ишлаб чиқариш биноларига, соғлиқни сақлаш ва спорт объектларига, маданият ва томоша муассасаларига) монеликсиз кириши учун қулай шароитлар яратилишига, шунингдек ногиронлиги бўлган шахсларнинг қулай форматлардаги ахборот технологияларидан фойдаланиши, имо-ишора тилидан ҳамда мулоқотнинг бошқа муқобил шаклларидан фойдаланиш имкониятларини яратишга эътибор қаратилиши кўзда тутилмоқда.

Умуман олганда, Давлат дастурини мукаммал бўлиши, ушбу ҳужжат билан 2023 йилда мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча инсонлар ҳаётига ижобий таъсир қилиши учун барчамиз ўз таклиф ва мулоҳазаларимиз билан фаол иштирок этишимиз лозим бўлади. 

Дастур қабул қилиниб ҳаётга тадбиқ этилганидан сўнг эса унда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлашда биз депутатлар томонидан парламент назоратини янада кучайтиришимиз, ушбу дастур аввало, халқни рози қилиш, инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш ҳамда мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқишга қаратилгани нуқтаи назаридан ёндашишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Мавлуда ХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    61
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+