Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимояси янада кучайтирилади

01.03.2023, 10:51

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимояси янада кучайтирилади

Давлатимиз раҳбари 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги Фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” давлат дастури тасдиқланди. Жумладан, мамлакатимизнинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида 2023 йил 1 июлдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига нисбатан янги турдаги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга уч йиллик мораторий ўрнатилади.

Яна бир муҳим масалалардан бири сув ресурсларини бошқаришда рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш, зарур ирригация ва мелиорация тадбирларини ўз вақтида амалга ошириш орқали камида 7 миллиард метр куб сув иқтисод қилинишини ҳамда 300 минг гектар майдонда такрорий экинларни суғоришга йўналтирилиши таъминланади.

Уй-жой ипотекаси ривожлантирилади, хусусан 32 минг нафар фуқарога бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари, шунингдек, 11 минг нафар фуқарога бошланғич бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплашга субсидиялар ажратилади.

Жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган лойиҳаларни молиялаштиришга маблағлар сезиларли даражада кўпайтирилган, хусусан 2023 йилда давлат бюджетидан 8 трлн сўм, шундан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари учун 4 трлн сўм йўналтирилади.

Дастурда қонунчиликни такомиллаштириш, инсон қадри учун ислоҳотларни,  иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантириш, ижтимоий масалалар, ёшлар, аёллар ва бошқа тоифаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган кўплаб муҳим тадбирлар назарда тутилган.

Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий Кенгашларга Давлат дастурининг бажарилишини туманлар, шаҳарлар ва маҳаллаларга бориб ўрганиш, масъул давлат органлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиб бориш вазифаси белгилаб берилди. Бу борада партиямиз фракцияси аъзолари ва жойлардаги депутатлик корпуси вакиллари ҳам ўз фаоллигини оширади.

O'zLiDeP инсон қадри учун ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” дастурини амалга оширишда Хукумат идоралари билан фаол ҳамкорлик қилади.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O'zLiDeP фракцияси раҳбари.

  • Кўрилди
    347
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+