Руҳ берди, қанот берди бу ташриф

02.03.2023, 15:41

Руҳ берди, қанот берди бу ташриф

Президентимизнинг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида воҳадаги 6 та янги корхона ўз фаолиятини йўлга қўйди. Эндиликда Қарши туманидаги “Омад старт”, Қарши шаҳридаги “Китоб ип йигирув”, Деҳқонобод туманидаги “Бахт текстил”, Шаҳрисабз шаҳридаги “Оқсарой текстил” ва “Пит-стоп” корхоналари ҳамда мебель фабрикасида минглаб йигит-қизларнинг бандлиги таъминланади.

Эътироф этмоқ жоизки, сўнгги беш йилда вилоят иқтисодий салоҳиятини юксалтириш учун 10 миллиард доллар инвестиция жалб қилинди. Тадбиркорлар сони 2,5 баравар ортиб, қўшимча 325 мингта янги иш ўрни яратилди. Воҳамизда саноати ривожланмаган 8 та туман бор эди. Маҳаллий ишлаб чиқариш ривожлантирилгани боис мазкур туманларнинг вилоятдаги улуши 36 фоизга етказилди. Янги-янги лойиҳалар амалиётга татбиқ этилиб, маҳаллий хомашёдан экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу йил ҳам вилоятимизга 1,5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиниб, 440 минг аҳолини даромадли иш билан таъминлаш режалаштирилмоқда.

Ишлаб чиқаришни ривожлантириш – янги саноат корхоналарини ишга тушириш демакдир. Уларнинг бетўхтов ва самарали ишлаши учун электр энергияси талаб этилади. Тадбиркорликни ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратиш учун вилоятда энергия таъминотини яхшилаш ниҳоятда зарур. Электр энергиясини табиий газ ёқиб ишлаб чиқараётганимизни ҳисобга олсак, ундан тежамкорлик билан фойдаланишни давр тақозо этаётир. Давлатимиз раҳбари қуёш ва шамол энергиясидан самарали фойдаланиш борасида бир қатор амалий таклифларни ўртага ташлади. Ўз уйида қуёш батареяси ўрнатган фуқаро хонадонини электр билан таъминлабгина қолмай, ортиқчасини давлатга сотиш орқали даромад топиши мумкин. Шамол қурилмаларини воҳамизнинг тоғ этаклари ёки электр энергия симлари етиб бормайдиган чўл ҳудудларида ўрнатиш электроэнергиядан фойдаланишнинг иктисодий самарадорлигини ошириб, кўпгина ишлаб чиқариш соҳалари, айниқса, чорвачиликни ривожлантиришда жуда қўл келишини айтиб ўтди.

Президентимиз маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш орқали аҳоли бандлиги ва фаровонлигини ошириш учун қанча маблағ зарур бўлса, шунча маблағ йўналтирилишини таъкидлади. Туман, шаҳарлардаги саноат зоналарида бўш турган майдонларда 50 та лойиҳа амалга оширилиб, 2 мингта янги иш ўрни яратиш борасида мутасаддиларга кўрсатма берилди. Жойлардаги “ўсиш нуқталари”га тадбиркорларни жалб қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш янги иш ўринлари яратишга яқиндан ёрдам беради.

Партиямизнинг асосий электорати бўлган тадбиркор ва ишбилармонлар учун шарт-шароит яратиш, янги лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш, ислоҳотларни жадаллаштиришга кўмаклашиш дастурий мақсадларимизнинг бош ғоясини ташкил этади. Ушбу ташрифдан руҳланган депутатларимиз ва фаолларимиз вилоятда маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, ёшларни тадбиркорликка йўналтириш орқали бандлигини таъминлаш борасида партиявий лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш юзасидан тушунтириш-тарғибот ишларини янада кучайтиради.

Шуҳрат АСЛАНОВ,

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши раиси,

халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    357
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+