Давлат дастурида 11 млрд долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши кўзда тутилган

03.03.2023, 15:49

Давлат дастурида 11 млрд долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши кўзда тутилган

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги Президентимиз Фармони қашқадарёлик депутатлар, партия фаоллари ҳам чуқур ўқиб – ўрганган ҳолда унда кўрсатиб ўтилган устувор вазифаларни аҳоли ва партия электорати ўртасида тарғиб қилишни бошлаб юборишди.

Инвестиция иқтисодиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи – драйвери ҳисобланади. Уни жалб этиш  замонавий лойиҳаларни амалиётга  татбиқ этилишига, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, ёшлар ва хотин-қизлар учун янги иш ўринлари очилишига кенг йўл очади. Давлат дастурида жорий йилнинг ўзида 11 млрд долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши кўзда тутилган. Биргина ўтган йили Қашқадарёга 764 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб этилиб, тўрт юз мингга яқин янги иш ўринлари яратилди. Вилоят иқтисодиётининг турли соҳа ва тармоқларига жалб этилаётган инвестиция маблағлари воҳамизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан тараққий эттириш, барқарор иқтисодий ўсишига эришиш, аҳоли даромадларининг ошиши, турмуш шароитининг яхшиланишида долзарб аҳамият касб этаётир. Ўтган йили Миср, Испания, Таиланд мамлакатларига тўқимачилик маҳсулотлари, саноат, мева сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди. Янги маҳсулот сифатида телевизор ва броколли карам хорижлик харидорларга тақдим этилди.   

Президентимиз вилоятимизга ташрифи чоғида бандлик масаласи бугуннинг энг долзарб вазифаси, одамларнинг ўз ҳаётида мамнун ҳолда умргузаронлик қилишга, иш билан таъминланиб, эл-юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган бахтли инсонларга айлантириш ҳар бир раҳбарнинг, депутатнинг вазифаси эканлигини алоҳида қайд этдилар. 2023 йилда вилоятга 1,5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиб, 440 минг аҳолини даромадли иш билан таъминлаш борасида вазифалар белгилаб берилди.  Болгария, Португалия, Чехия ва Македония мамлакатлари бозорига янгидан цемент, мебель маҳсулотлари чиқариш кўзда тутилмоқда. 18 та тўқимачилик кластери томонидан хориж мамлакатларига 373 млн. АҚШ доллари миқдоридаги матодан бўлган тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинади. Президентимиз маҳаллалардаги бандлик ва ижтимоий масалаларни ҳал қилишда кластерлар фаол бўлиши кераклигини алоҳида таъкидладилар.

Партиямизнинг  депутатлик гуруҳлари йиғилишларида вилоятимизда хорижий инвестициялар иштирокида амалга оширилаётган истиқболли   лойиҳаларнинг амалга оширилиш мониторинги, яратиладиган янги иш ўринлари юзасидан мутасаддилар эшитувларини  ташкил этиш борасида тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.  

Мухтасар қилиб айтганда, Фармонда кўрсатиб ўтилган дастурий вазифалар мамлакатимиз иқтисодини барқарор ўсиши, аҳолининг ҳаёт даражасини янада яхшилаш, камбағалликни қисқартиш борасидаги ислоҳотларимизни янада жадаллаштириш баробарида Янги Ўзбекистонимизни барпо этишда иқтисодий таянч бўлиб хизмат қилади.  

Арзиқул ШЕРОВ,

  O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши раисининг

биринчи ўринбосари, аппарат раҳбари.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    459
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+