O'zLiDeP олдидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди

07.03.2023, 14:39

O'zLiDeP олдидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди

Бугун Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда дастлаб Президентимизнинг куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Олий суд раҳбарияти билан учрашувидан келиб чиқадиган устувор вазифалар ижроси муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари билан учрашувда Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан халқимиз томонидан келиб тушган таклифлар якунлари бўйича маслаҳатлашув бўлиб ўтди. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, Конституциямизни такомиллаштириш борасида ташаббусни илгари сурган партия сифатида O'zLiDeP аъзолари, Қонунчилик палатасидаги, ҳудудий ва туман кенгашларидаги 2 минг 300дан зиёд партия депутатлари фаол қатнашдилар.

Айниқса партиянинг асосий электорати бўлган тадбиркорлар, ишбилармонлар, кластер ва фермерлар лойиҳанинг муҳокамасига бефарқ бўлмади, кўплаб таклифлар беришди, бу ўзгаришларни  қўллаб-қувватлашмоқда.

Партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб берилган аксарият таклифлар қонун лойиҳасида акс этди.

O'zLiDeP янгиланаётган Конституция лойиҳасида давлатнинг бозор муносабатларини ривожлантириш, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиши бўйича мажбуриятлари белгиланаётганини тўғри қарор деб ҳисоблайди.

Конституцияда барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги, тадбиркорларнинг қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни мустақил танлаши ва амалга оширишга ҳақли эканлиги кафолатланаяпти.

Мол-мулк, уй-жой дахлсизлиги масаласини Бош қомусимизда белгилаш - партия аъзолари ва электорати учун айни муддао бўлаяпти. Мол-мулк дахлсизлигининг юксак даражада кафолатланиши ишбилармонлик ва инвестициявий фаолликни ҳам рағбатлантиради.

Яна бир муҳим масала товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатлари Конституцияда белгиланиши айни муддао бўлаяпти.  Ҳозирда асосий қонунимиз билан банк омонатлари кафолатланган бўлса, эндиликда банк амалиётлари ва ҳисобварақларнинг сир тутилиши Конституцияда белгиланиши халқаро нормаларга ҳам мос келади.

Йиғилишда Конституция лойиҳаси халқимиз иштирокида ҳар томонлама муҳокама қилиниб, бирга тайёрлангани, лойиҳада белгиланаётган янги нормалар партия фаоллари фикрлари билан ҳамоҳанг эканлиги айтилиб, кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Мажлисда “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Президент Фармонидан келиб чиқувчи партия ва фракция олдида турган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури 7 та йўналиш, 303 та банд ва 100 та мақсаддан иборат бўлиб, ушбу мақсадларга умумий қиймати 54 триллион сўм ва 15 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган. Давлат дастурида давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ, иқтисодиёт, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш борасида қатор устувор вазифалар белгилаб берилмоқда.

Ушбу белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида партия фаолларидан таркиб топган Ишчи гуруҳлар шакллантирилди.

Йиғилишда мазкур ишчи гуруҳларга фаолияти давомида ишлаб чиқилган таклиф ва тавсияларни қонун ва қонуности лойиҳалари, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идораларга тақдим этиб бориш вазифалари юклатилди.

Давлат дастурида белгиланган вазифаларни партия Депутатлик назорат-таҳлил фаолиятида, мансабдор шахсларнинг эшитувларини ташкил этишда, халқ депутатлари Кенгашлари сессиялари муҳокамасига масалаларни олиб чиқишда фаол иштирок этиши кўрсатиб ўтилди.

Бундан ташқари фракция аъзолари партия электорати манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган янги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ишларида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатиш кераклиги айтиб ўтилди.

Йиғилишда барча туман ва шаҳарларда аҳоли кенг қатламлари, аввало электорат орасида Фармоннинг мазмун-моҳиятини кенг тарғибот-ташвиқот қилишга қаратилган партиявий тадбирлар ташкил этиш, уларда барча ҳудудий партия ташкилотлари, партия фаоллари ҳамда тарғиботчиларининг фаол иштирокини таъминлаш борасида аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилишда давлат дастури ижросини амалга оширишга қаратилган партиянинг чора-тадбирлар режаси муҳокама қилиниб, тасдиқлаб олинди.

O'zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    774
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+