Маърифатли миллат маърифатли оналар қўлида камолга етади

07.03.2023, 17:23

Маърифатли миллат маърифатли оналар қўлида камолга етади

Дунёда буюк шахслар, саркардалар, ўз зеҳни ва салоҳияти билан инсониятни ҳайратга солган фозилу фузолалар кўп. Уларнинг табаррук номлари эларо машҳур бўлишида оқ сут бериб, вояга етказган оналарнинг хизмати беқиёс. Онанинг буюк мураббийлиги шундаки, у ҳали оқу қорани танимаган мурғак гўдакни зуволаси пишик инсонга айланиши учун бор меҳрини, муҳаббатини беради.

Агар Имом ал-Бухорийнинг онаси  ёшлигида уни илмли қилиш учун туяга миндириб, минг азабу уқубатлар билан Саудия Арабистонига олиб бормаганида муҳаддислар имоми, ҳадис илми олимларнинг устози имом Бухорий етишиб чиқмаган бўларди. «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» асари дунё юзини кўрмаган бўларди. Албатта, фарзандини шундай мартабага кўтариш учун ўзида куч, жасорат ва матонат топа олгани онани яратганнинг буюк мўъжизаси эканидан далолат бериб турибди.

Соҳибқирон бобомиз Амир Темур, шеърият мулки султони мир Алишер Навоий, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур, фалакиёт илмини дунёга ёйган Мирзо Улуғбек, илм уммонидан дур терган ал-Фарғоний, тиб илми билимдони Ибн Сино ва бошқа шахсларни буюклик сари бошлаган аслида уларнинг онасидир. Бу далиллар оналар маърифатли бўлса миллат маърифатли бўлишини тасдиқлаб турибди. Зотан, таълимнинг, тарбиянинг илк пойдеворини оналар қўядилар. Пойдевори мустаҳкам бино эса узоқ яшаши ҳеч кимга сир эмас.

Тан олиш керак, бугун мамлакатимизда хотин-қизларни, бўлажак оналарни маърифатли қилиш йўлида улкан саъй-ҳаракатлар давом этмоқда. Хотин-қизларнинг олий ўқув юртларида таҳсил олиши учун бир қатор имтиёзу енгилликлар жорий этилган. Энг қувонарлиси, жамиятда аёлларнинг ўз ўрни ва нуфузини эгаллаши учун кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Мисол учун  Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида олий таълим, коллеж ва техникумларда таҳсил олаётган хотин-қизларга 7 йилга фоизсиз таълим кредитлари бериш тартиби жорий этилиб, бунинг учун давлат бюджетидан ҳар йили 1,8  триллион сўм ресурс маблағлари ажратиш жорий этилгани оналарни илмли қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг амалий натижаси эмасми.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, биз аёлни авваламбор она, оила қўрғонининг қўриқчиси сифатида ҳурмат қиламиз. Аммо бугун ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси ҳам бўлиши керак. Албатта, аёлларимизни шундай зукко, доно ва билимдон бўлиши миллат равнақига, мамлакат келажагига муносаиб ҳисса бўлишига шак-шубҳа йўқ.

Бунга эришишнинг бирдан бир йўли хотин-қизларни ўқимишли, ҳунарли, энг муҳими ишли бўлиши билан чамбарчас боғлиқ. Бу улуғвор вазифани амалга ошириш учун ҳар бир киши ўзида масъулият ҳиссини сезиши лозим. Мисол учун Тошкент шаҳридаги Яккасарой туманида жойлашган бизнинг корхонамизда 160 киши ишлайди. Ҳар ойда 450-500 минг долларгача 500 турдаги болалар тайёр кийим-кечакларини хорижга экспорт қиляпмиз. Россия, Украина, Белоруссия, Озарбайжон, Португалия ва Польша каби давлатларга маҳсулот чиқаряпмиз.

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида қўшимча 100 иш ўрни, Юқори Чирчиқ туманида ҳам 100 ишчи ўрни очдик. Аёлларни ишга  жалб қилиш жуда қийин кечяпти.  Шунинг учун масофавий таълим марказини йўлга қўйдик. Ўзимиз ўргатиб, ўзимиз ишга оляпмиз. Онлайн тарзда ўқишга қизиқувчи хотин-қизлар сафи тобора кўпайиб бормоқда.  Ҳозирги кунда Тошкент шаҳридаги  Машинасозлар маҳалласидан 40 нафар аёл ўқяпти, 20 нафар ўзимизнинг ишхонамиздан олий ўқув юртига кириш учун хотин-қизлар онлайн таҳсил оляпти. Қўрғонтепа ва Дўстлик маҳалласида  уйда ўтирган аёллар ҳунар ўрганишмоқда.  

Мақсадимиз юртимизда хотин-қизларни нафақат ҳунарли, ишли қилиш балки уларнинг жамиятдаги мавқейини кўтариш, илмли ва маърифатли фарзандлар қилиб тарбиялаб, Янги Ўзбекистонда пойдевори ташланаётган Учинчи Ренессансга муносиб ҳисса қўшишига қаратилган. Юртимизда кезиб юрган баҳор ва унга муштарак хотин-қизлар байрами барча опа-сингилларга, муҳтарам онахонларга муборак бўлсин!

Муҳлисахон АКРАМОВА,

O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши аъзоси,

Тошкент шаҳридаги “O`zimizniki” МЧЖ раҳбари.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    728
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+