Конституцион ислоҳотлар

09.03.2023, 13:54

Конституцион ислоҳотлар

ҲАҚИҚИЙ ХАЛҚ КОНСТИТУЦИЯСИ ПОЙДЕВОРИ ЯРАТИЛАДИ

Конституциямизни такомиллаштириш ташаббуси билан чиққан партиямиз фракцияси Конституциявий комиссия ва жойлардаги депутатларимиз, аъзоларимиз билан биргаликда фаол иш олиб борди. Айниқса, асосий электоратимиз бўлган тадбиркорлар, ишбилармонлар, кластер ва фермерлар лойиҳанинг муҳокамасига бефарқ бўлмади, кўплаб таклифлар беришди, бу ўзгаришларни қўллаб-қувватлашяпти. Партиямизнинг дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб берилган таклифлар қонун лойиҳасида акс этди.

Биринчидан, кенг кўламли ва чуқур ўйланган сиёсат натижасида иқтисодий мустақил, эркин фикрловчи ва ташаббускор тадбиркор ва ишбилармонлар синфи шаклланди. Имтиёзлар ва преференциялар берилгани, текширувларларнинг кескин чекланиб, мораторий жорий этилгани, эркин фаолиятни кафолатловчи қонунлар қабул қилингани тадбиркорларнинг ислоҳотларга ишончини янада мустаҳкамлади. Натижада сўнги олти йилда барча соҳалардаги тадбиркорлар сони қарийб олти баробарга кўпайиб, уларнинг жами сони икки миллионга етган.

Янгиланаётган Конституция лойиҳасида давлатнинг бозор муносабатларини ривожлантириш, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиши бўйича мажбуриятлари белгиланаётгани тўғри бўляпти деб ҳисоблаймиз. Шунингдек, Конституцияда барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги, тадбиркорларнинг қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни мустақил танлаши ва амалга оширишга ҳақли эканлиги кафолатланиши катта аҳамиятга молик. Мол-мулк, уй-жой дахлсизлиги масаласини Бош қомусимизда белгилаш партиямиз аъзолари ва электорати учун айни муддао бўлмоқда. Мол-мулк дахлсизлигининг юксак даражада кафолатланиши ишбилармонлик ва инвестициявий фаолликни ҳам рағбатлантиради.

Иккинчидан, қишлоқ хўжалиги, ердан фойдаланиш соҳасида давлат раҳбари ташаббуси билан катта ислоҳотлар амалга оширилди ва бу жараён изчил давом этмоқда. Қишлоқ хўжалиги ерлари фақатгина ижарага берилиши ва халқимизнинг озиқ-овқат маҳсулотларига ўсиб бораётган эҳтиёжини қондирувчи асосий манба бўлиб қолиши қонунларимизда мустаҳкамланган.

Президентимизнинг фавқулодда муҳим ва тарихий ташаббуслари натижасида 2022 ва 2023 йиларда республикамиз бўйича салкам 200 минг гектар унумдор ерлар деҳқон хўжаликлари учун ажратилиши қарийб
1,5 миллион ёшлар, аёллар ва ишсизларни даромадли иш билан банд қилди. Мазкур жараёнда қишлоқ хўжалиги ерларидан, сувдан самарали ва тежамли фойдаланиш кун тартибидаги энг муҳим масалалардан бўлиб ҳисобланади. Бу борада қишлоқ хўжалигининг асосий ишлаб чиқарувчилари бўлган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим омиллардан бўлмоқда.

Тадбиркорликни ривожлантиришда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ерларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш масалалари ўта долзарб аҳамиятга эга. Бу борада 2021 йил ноябрь ойида қонун қабул қилингани биринчи қадам бўлди. Ўтган даврда 80 мингдан зиёд ер участкалари савдоларга чиқарилгани тадбиркор ва ишбилармонлар учун янги имкониятлар эшигини очди.

Янгиланган Конституциямиз лойиҳасида ерни қонунга мувофиқ хусусийлаштириш мумкинлиги белгиланиши тадбиркорларимиз узоқ кутган тарихий адолатни юзага чиқаради, кафолатни юқори даражада мустаҳкамлайди. Бу ишбилармонлар ихтиёридаги ернинг бозор қиймати шаклланишига, ер капиталга айланиши ва қўшилган қиймат занжирини яратиш учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Учинчидан, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатлари Конституцияда белгиланиши жудаям тўғри бўляпти. Ҳозирда Асосий қонунимиз билан банк омонатлари кафолатланган бўлса, эндиликда банк амалиётлари ва ҳисобварақларнинг сир тутилиши ҳам Конституцияда белгиланиши халқаро нормалар, хусусан, Жаҳон савдо ташкилоти стандартларига ҳам мос келади.

Тўртинчидан, маҳаллий давлат ҳокимияти бошқарувига оид муҳим нормалар киритилаётгани, маҳаллий ҳокимларнинг бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари кенгашлари раиси сифатида фаолият юритиши мумкин эмаслигига оид норма Конституцияда ўз аксини топаётгани ҳам эътиборга молик масаладир. Бу анча вақтдан буён кутилаётган халқчил ислоҳотлардан бири эди десак тўғри бўлади. Кенгаш раиси ва ҳокимни алоҳида-алоҳида мансабдор шахслар сифатида белгилаш маҳаллий даражада ҳокимиятлар мувозанатини таъминлаш йўли бўлади.

Конституция лойиҳаси “Инсон қадри учун” шиори остида кечаётган ислоҳотларга мос келади. Бир сўз билан айтганда, партиямиз электоратининг хоҳишини ифода этади, халқимиз қалбидаги орзу-истакларни рўёбга чиқаради. Шу боис ҳеч иккиланмасдан ушбу конституциявий ислоҳотларни Янги Ўзбекистоннинг янги Конституциясини яратиш йўлидаги ҳаётбахш қадамлар дейишга ҳақлимиз.

Ўйлаймизки, сафларида бир миллион икки юз мингдан кўпроқ аъзоларни бирлаштириб, “Биргаликда биз кучмиз!” шиори осида мардона фаолият олиб бораётган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ҳам барчани ушбу муҳим ҳужжатни қўллаб-қувватлашга даъват этиш билан бирга, O‘zLiDeP фаоллари ва парламентдаги фракциямиз аъзолари ҳамда маҳаллий кенгашлардаги депутатларимиз ҳамжиҳат бўлиб, аҳолининг барча қатламларига Конституциядаги ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини етказиш борасида фаол иш олиб боради.

Актам ХАИТОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси раиси, Олий Мажлис

 Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари

  • Кўрилди
    955
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+