Ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиш институти бекор қилинади
10.03.2023, 10:26

Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида янгиланаётган Конституция лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. Кеча 9 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш ҳақидаги масала муҳокама қилинди. Ушбу муҳокамалар бугун ҳам давом этади.
Шу ўринда муҳим бир масалага эътибор қаратмоқчи эдим. Лойиҳада маҳаллий давлат ҳокимияти бошқарувига оид нормани қўллаш борасида норма киритилган. Унга кўра ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиш институти бекор қилиняпти.
Маҳаллий ҳокимларнинг бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашлари раиси сифатида фаолият юритиши мумкин эмаслигига оид норма Конституция лойиҳасида ўз аксини топди. Бу анча вақтдан буён кутилган ислоҳотлардан бири эди.
Кенгаш раиси ва ҳокимнинг алоҳида-алоҳида мансабдор шахслар сифатида белгилаш бу – маҳаллий даражада ҳокимиятлар мувозанатини таъминлаш йўли бўлади.
Шу билан бирга, мамлакатдаги сиёсий-ҳуқуқий жараёнларни инобатга олиб, ушбу муҳим нормани икки босқичда амалга ошириш таклиф қилинаяпти. Дастлабки босқичда вилоятлар даражасида, яъни халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари учун 2024 йилдан, туман ва шаҳарлар даражасида ҳокимлар ва кенгаш раиси ваколатини ажратишни 2026 йил 1 январдан жорий этиш кўзда тутилмоқда.
Туман даражасида жорий этишни 2026 йил 1 январдан амалга ошириш вилоятлар тажрибасини ўрганиш, хато ва камчиликлардан чуқур хулоса чиқариш, айрим ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдиришга имкон беради.
Маҳаллий давлат бошқаруви соҳасида киритилаётган мазкур ўзгаришлар бутун давлат ҳокимияти тизимини демократлаштиришга, ҳокимиятлар бўлиниши принципини изчиллик билан амалга оширишга ҳамда чинакам халқпарвар давлатчилик асосларини яратишга хизмат қилади.
Актам ХАИТОВ,
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши
Ижроия қўмитаси раиси, Олий Мажлис
Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари
Ўхшаш янгиликлар
-
Энг эзгу мақсадимиз оилалар мустаҳкамлиги ва аёллар ҳуқуқий ҳимоясидир
21.09.2023, 10:23
-
Мирзаободда саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш борасида қилинаётган ишлар танқидий таҳлил қилинди
21.09.2023, 09:40
-
Ҳудудий инвестиция лойиҳаларни жалб қилиш борасидаги ишлар танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди
20.09.2023, 17:45
-
ТАРИХИЙ ИСЛОҲОТЛАР
18.09.2023, 12:33
-
"Ўзбекистон - 2030" стратегияси: Қишлоқ хўжалигида бошланган ислоҳотлар янги босқичга олиб чиқилади
15.09.2023, 17:33
Фикрингизни қолдиринг