Халқ орзу-умидлари рўёбига хизмат қилувчи ҳужжат

13.03.2023, 14:47

Халқ орзу-умидлари рўёбига хизмат қилувчи ҳужжат

Ҳозир мамлакатимизда тегишли қонун, қарор ва юртдошларимиз турмуш тарзига дахдор ҳар қандай масаланинг аввал лойиҳалари тайёрланиб, сўнг халқ муҳокамасига қўйилмоқда. Бу сўнгги йиллардаги энг катта ислоҳотларимиздан бири бўлиб, турли йўналишдаги қарорларнинг кенг жамоатчилик фикри асосида қабул қилинаётгани юртимизда инсон омили бирламчи ўринда эканининг яққол ифодасидир.

Шу йилнинг 28 февраль куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармон ҳам қизғин муҳокамалар босқичидан ўтди.

Юртимиз фуқаролари Давлат дастури лойиҳаси муҳокамасида фаол қатнашиб, ўз таклифларини билдирди. Ана шу таклифлар асосида қабул қилинган Давлат дастурида халқимизни узоқ йиллардан бери қийнаб келаётган масалалар, айниқса, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлашдек устувор вазифалар ўрин олган.

Дастур барча йўналишларни бирдек қамраб олгани ва ҳар бири, аввало, юртдошларимиз турмуш фаровонлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Биргина, аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласини олайлик. Одамларни энг кўп ташвишга соладиган мазкур масала кейинги йилларда давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланди. Ҳар бир фуқаро ўзининг кичик “Ватани”га эга бўлсин, кўнгил ҳотиржамлигида меҳнат қилиб, оиласи фаровонлиги ортсин, деган мақсадларда қатор фармон ва қарорлар қабул қилинмоқда. Уй оламан, деган кишиларни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича ипотека кредитлари, субсидиялар ажратиляпти.

Ҳозир қайси ҳудудга борманг, уй-жой қурилишига кўзингиз тушади. Рақамларда келтирадиган бўлсак, охирги олти йилда мамлакатимиз бўйича қарийб 300 мингта ёки аввалги йилларга нисбатан 10 баробар кўп уй-жой қурилди. Мазкур йўналишдаги ишлар янада фаол давом этяпти. Буларнинг бари талабнинг юқори экани билан боғлиқ. Ахир, юртимизда аҳоли сони 36 миллиондан ошди, ҳар йили сафимизга 900 минг янги авлод қўшилмоқда.

Шу боис, Давлат дастурида жорий йил “Янги Ўзбекистон” массивлари ва 161 та бошқа массивларда, жумладан, хусусий пудрат ташкилотлари томонидан янги уй-жойлар қуришнинг йиллик ҳажмлари 1,6 бараварга оширилиб, 90 мингга етказилиши белгиланди. Бу бир умр ўз турар макони бўлишини орзу қилиб яшаётган юртдошларимизнинг айни дилидаги иш бўлади. Гап шундаки, уй-жойлар қурилиши билан бирга, уларни қулай имкониятларда, ёрдам асосида харид қилиш шароитлари ҳам оширилмоқда. Айниқса, 32 минг нафар фуқарога бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари, шунингдек, 11 минг нафар фуқарога бошланғич бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплашга субсидиялар ажратиш учун Давлат бюджетидан катта маблағлар йўналтирилиши ҳам минг-минглаб одамларни беҳад мамнун этиши турган гап.

Бу борада янги лойиҳаларга ҳам қўл урилмоқда. Хусусан, Тошкент вилоятида тажриба-синов тариқасида “Менинг биринчи уйим” дастури ишлаб чиқилиб, амалга оширилиши белгиланган. Бу дастур аҳолини бозор тамойиллари асосида ипотека кредитлари орқали уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби доирасида мулк ҳуқуқи асосида уй-жойга эга бўлмаган фуқаролар учун жорий этилади. Албатта, бундай миқёсидаги ишлар кўламини хаёлга сиғдириш қийин. Ахир бир тасаввур қилинг, бу соҳага беш-олти йил илгари бу даражада катта маблағ ажратилмасди. Энди эса, ана шундай ишларни ҳам амалга оширса бўларкан-ку, деймиз.

Деҳқон ер эгасига айланади

Мамлакатимиз олдида турган энг катта вазифалардан яна бири аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришдан иборат. Тайинли иш жойи, даромад манбаи бўлмаган одам ҳотиржам бўлолмайди. Бир кишининг ишсизлик муаммоси бутун оиланинг кайфияти, фаровонлик муҳитига таъсир қилади. Меҳнатга лаёқатли инсоннинг бўш қолиб, аламзадаликда турли муаммоларга аралашиб қолиши эса жамият ҳаётига таъсир кўрсата бошлайди. Камбағалликнинг илдизи ҳам ишсизликка бориб тақалади.

Шу боис, юртимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, барча соҳаларда кўплаб иш ўринлари яратиш бўйича тизимли ишлар амалга ошириляпти. Аввало, бу ҳаракатлар маҳалладан бошланаётгани эса дунёда ўхшаши бўлмаган “Маҳаллабай ишлаш” тизимининг самарали механизмга айланиб улгурганидан далолат беради.

Ишсиз фуқаро авваллари, кимга мурожаат қилишини билмасдан, ташкилотлар ўртасида сарсон бўларди. Ҳозир эса маҳалла идорасига чиқишининг ўзи кифоя. Тегишли йўналиши бўйича унга ҳоким ёрдамчилари бириктирилади, тавсиялар билан чекланилмай, ўша фуқаро ишли ёки даромад манбаига эга бўлгунига қадар ёрдамлар кўрсатилади.

Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги ерлари ёки томорқа майдонларидан фойдаланишга аҳоли бандлигини таъминлашнинг энг самарали усулларидан бири сифатида қаралмоқда. Бу йўналиш қўшимча даромад топишнинг ҳам қулай йўли. Фаолиятимнинг асосий йўналиши аграр тармоқ бўлгани боис, шу соҳадаги ишларга алоҳида тўхталмоқчиман.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги иқтисодиётимизнинг тўртдан бир қисмини ташкил қиладиган муҳим соҳа. Ялпи ички маҳсулотнинг салкам 30 фоизи унинг ҳиссасига тўғри келади. Тармоқда меҳнатга лаёқатли аҳолининг учдан бир қисми фаолият кўрсатади. Соҳада мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш ҳисобига ушбу рақамларни янада ошириш мумкин.

Тармоқда яқин йилларда бошланган катта ислоҳотлар бунга имкониятларни очяпти. Хусусан, йилда бир неча маротаба ҳосил олиш, сифатли ва ҳосилдор озиқ-овқат етиштириш, бозорлардаги тўкин-сочинлик, экспорт ҳажмларининг ортиши ва агротадбиркорларнинг кўпайиб бораётгани соҳадаги янгиланишлар маҳсули. Қолаверса, замонавий технологиялар, илм-фан ютуқлари олиб кирилиб, маҳсулотни етиштиришдан то экспортгача бўлган жараённи қамраб олувчи кластер тизимининг яратилгани, аҳолига узоқ муддатли ижара шартлари асосида ер майдонларининг бўлиб берилиши, ғалла ва пахта сотувида эркин бозор механизмларининг жорий этилгани ўз самарасини бермоқда.

Давлат дастурида 2026 йилга қадар қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсиш суръатларини камида 5 фоизга етказиш, шунингдек, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ҳамда мева-сабзавотчиликни ривожлантириш, интенсив боғлар майдонини 1,5 баравар ва иссиқхоналарни 1,2 баравар кўпайтириш ҳам мақсад қилинган. Бу, ўз навбатида, экспорт ҳажмини ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Жараёнда аҳолига янада кўпроқ имкониятлар бериш кўзда тутилмоқда. 2023 йилда сув таъминоти яхши бўлган 100 минг гектаргача қўшимча экин майдонларини деҳқончилик кўникмаларига эга бўлган, хусусан, ишсиз ва кам таъминланган аҳолига ажратиш ҳисобидан қарийб 350 мингта янги деҳқон хўжаликларини ташкил этиш белгиланди. Шунингдек, 750 мингта янги деҳқон хўжаликларини тадбиркорга, ер эгасига айлантириш, бунинг ҳисобига қишлоқларда ижтимоий муаммолар, аввало, ишсизлик ва камбағаллик масаласини ҳал этиш ишларини давом эттириш назарда тутилганки, бу минг-минглаб фуқароларнинг фаровон яшашига қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Аммо қишлоқ хўжалиги соҳаси осон иш эмас. Айниқса, ҳозирги даврда уни илм-фан, замонавий технологияларсиз ривожлантириш имконсиз. Биргина, сув масаласини олайлик. Сув танқислиги, қурғоқчилик, аллақачон, глобал муаммога айланиб, бугун барча халқларни бирдек ўйлантираётгани бежиз эмас. Чунки мазкур муаммо кўлами йил сайин кенгайиб, дунё аҳолисига озиқ-овқат хавфсизлиги, иқлим ўзгаришлари, ҳавонинг ифлосланиши, биохилма-хилликнинг бузилиши сингари кўплаб оқибатлари билан хавф солмоқда. Ер юзида сув ҳажмининг камайиб бораётгани кўпроқ қишлоқ хўжалигига жиддий зарар етказяпти.

Масалан, сув бўлмаган ёки етиб бормайдиган ҳудудларда деҳқончилик қилиб, экин-текин етиштириш мумкинми? Йўқ, албатта. Афсуски, бундай муаммолар юртимизни ҳам четлаб ўтмаяпти. Давлатимиз раҳбари Олий мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида таъкидланганидек, “Мамлакатимиз сўнгги уч йилда қурғоқчиликни бошдан кечирди. Бунинг таъсири, айниқса, Амударёнинг қуйи ҳавзасидаги ҳудудларимизда яққол сезилди. Шу боис, Конституциямизда табиий ресурслар, жумладан, сув ҳавзалари ва ер ости захираларини муҳофаза қилиш бўйича талабларни кучайтиришимиз зарур”.

Сув тақчиллиги тупроқ сифатининг бузилишига олиб келади. Устига-устак, 5,5 миллион гектардан ортиқ майдонда Оролқум саҳросининг пайдо бўлгани, ҳар йили 100 миллион тонна қум ва туз ҳавога кўтарилаётгани минтақада тупроқ таркибининг бузилишига, унумдор ерларнинг қисқаришига сабаб бўляпти. Аксарият ҳудудларимизда тупроқ таркиби бузилиб, унумдор ерлар қисқариб бораётгани, чўлланиш, сув етишмаслиги, қурғоқчилик, аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш шулар жумласидан. Бундай шароитда сув манбаларини муҳофаза қилиш, сақлаб қолиш ва келажак авлодга етказиш учун барча имкониятларни ишга солишга тўғри келади.

Аввало, соҳада замонавий, тежамкор технологиялардан фойдаланиш кўрсаткичларини ошириш белгиланган. Масалан, қишлоқ хўжалиги соҳаси, хусусан, пахтачиликда кластер тизими жорий этилгач, сув ресурсларини иқтисод қилиш, суғоришнинг тежамкор усулларини кенгайтириш имконияти пайдо бўлди. Натижида қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган ерлар ҳам ўзлаштирилмоқда. Жорий йилда пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 300 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилиши кўзда тутилган. Бунинг ҳисобига 2 миллиард метр куб сув иқтисод қилиниши кутилмоқда.

Қолаверса, сув тақчиллиги муаммоси таъсирини камайтириш, қурғоқчилик ва обиҳаёт тақчиллигини юмшатиш мақсадида мамлакатимизда сув ҳисобини очиқ-ошкора юритиш тизими жорий этилмоқда. Келгуси уч йилда 13 мингга яқин сув хўжалиги объектини рақамлаштириш, 16 та йирик насос станциясини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиб, муқобил энергияга ўтказиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишларни кучайтириш назарда тутилгани ҳам эътиборга моликдир.

Умуман, давлат дастурининг ҳар бир банди мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш, давлат ва жамиятни уйғун ва жадал ривожлантириш учун шарт-шароит яратиш, мам_лакатимизни тараққиётнинг янги босқичига олиб чиқишдек улуғвор мақсадларни ўзида мужассам этади. Энди уларнинг ижросига ўз ҳиссамизни қўшиш, ҳеч бўлмаганда, берилаётган имкониятлардан тўғри фойдаланиш орқали оиламиз фаровонлигини таъминлашимиз айни муддао бўлади.

 Ботирбек ТЎРАЗОДА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    575
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+