Cурхондарё камбағаллик ва ишсизликдан ҳоли ҳудудга айланади

14.03.2023, 15:59

Cурхондарё камбағаллик ва ишсизликдан ҳоли ҳудудга айланади

Иқлими деҳқончилик ва боғдорчиликни ривожлантиришга қулай, халқи меҳнаткаш, ишни кўзини биладиган, тадбиркор, саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари йил сайин кўпайиб бораётган бу воҳада мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳаётий ислоҳотларнинг ижобий самаралари яққол сезилиб турибди. Жануб қуёшидай меҳри иссиқ, меҳмондўст сурхондарёликлар билан суҳбатлашганингизда уларнинг ҳаётидан рози экани, юрт истиқболидан шукронлик ҳиссини туяётгани  беихтиёр сизнинг қалбингизга ҳам кўчади.

Аслида халқнинг ҳаётидан розилиги уларнинг пешона тери билан яратган моддий неъматлари билан белгиланади. Ишлаган, ишдан қочмаган ва иштиёқи баланд кишилар ислоҳотларнинг олдинги сафларида бўлишади. Сурхондарёликлар  бундай ҳаётбахш янгиланишлар ҳақида яқинда шу воҳага ташриф буюрган Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзидан эшитишди, мароқли суҳбатларда уларнинг меҳнатига берилган юксак эътирофни чуқур ҳис қилишди.

Президент эътироф этганидек, охирги беш йилда вилоятда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 15 мингдан зиёд корхона ишга тушган. Янги қурилган “Зарчоб-1” ва “Зарчоб-2” микро гидро электр станцияларида йилига 201 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқарилмоқда. Эътиборлиси, 257 та мактаб қурилган ва реконструкция қилинган, боғчалар қамрови 18 фоиздан 62 фоизга етган. 302 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. 1 минг километр халқаро ва 3 минг километр ички йўллар таъмирланган.

Сурхонадарёда ўтказилган йиғилишда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш энг асосий вазифа сифатида белгиланди. Маҳаллаларга оилавий тадбиркорликни олиб кириш ва касаначилик орқали 60 мингдан зиёд аҳолини, янги бизнес субъектлари ташкил қилиш орқали 4 минг аҳолини, ишсизларни замонавий касбларга ўқитиб 20 минг аҳоли бандлигини таъминлаш мумкинлиги қайд этилди. Сурхондарёнинг иқлими деҳқончилик учун жуда қулай, маҳсулотлар эрта пишади. Шу боис вилоятда сўнгги беш йилда мева-сабзавот асосий экин майдонлари 2,5 баравар кўпайтирилган. Бу йил аҳоли учун яна 8 минг 500 гектар ажратилмоқда. Деҳқонларга шароит яратиб, сув таъминотини яхшилаб, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини 2 баравар ошириш ва экспортни 250 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Охирги беш йилда вилоят саноатига 30 триллион сўм инвестиция жалб қилиниб, 5 мингдан зиёд корхона ташкил топган. Ишлаб чиқариш 3 баравар кўпайиб, саноат экспорти 132 миллион долларга етган. Сурхондарёда илгари бўлмаган қурилиш материаллари, чарм-пойабзал, электр техникаси каби янги тармоқлар пайдо бўлган. Шу билан бирга, вилоятда ҳали фойдаланилмаган конлар ва имкониятлар кўп. Жорий йилда 292 та саноат лойиҳаси ишга туширилиши белгиланди. Бу 10 мингта янги иш ўрни яратиш имконини беради. Шунингдек, саноатда импортни 50 миллион долларга қисқартириб, экспортни камида 250 миллион долларга етказиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Сариосиё туманидаги Тўпаланг гидро электр станцияси ҳамда янги 3 та кичик ва микро ГЭСда шу йилнинг ўзида 350 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Шеробод туманида 457 Мегаватт қувватли йирик қуёш электр станцияси ишга туширилади. Шунингдек, кичик қувватли қуёш панелларини ўрнатиш бўйича режалар айтиб ўтилди. Умуман олганда, Сурхондарёда ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга жорий йилги давлат дастурларида кўзда тутилган 1,5 триллион сўмга қўшимча 465 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. Шунингдек, аграр соҳа, ичимлик суви ва тадбиркорлик лойиҳаларига қўшимча 328 миллион доллар жалб қилиш бўйича топшириқ берилди.

Энг муҳим жиҳат шуки, бу вазифалар амалга оширилса, 325 минг аҳоли даромадли меҳнат билан таъминланиб, Сурхондарё камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айланади. Бу ҳақда давлатимиз раҳбари фикр юритиб, ҳокимлар ҳалқ билан биргаликда ишлаб, уларнинг муаммолари, орзу ўйлари ва ташаббусларини қўллаб-қувватласа, албатта, мақсадимизга етишимиз муқаррар, деди. Мен аминманки, яхши яшашга, фаровон турмуш кечиришга сурхондарёликлар ҳақли. Чунки уларда бунга имконият, қобилият, зеҳн ва билим, қолаверса иштиёқ ва интилиш жуда кучли. Зотан, иштиёқи зўр, интилиши юксак халқнинг истиқболи порлоқдир.

      Ҳазратқул Хўжамқулов,

      Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    607
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+