Дўст бошга иш тушганда билинади

17.03.2023, 11:03

Дўст бошга иш тушганда билинади

Ҳаётда шундай фожеалар бўлиб турадики, унинг оқибатларини бир давлатнинг ўзи бартараф эта олмайди. Табиатнинг бундай вайронкор хуружини фақат ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ёрдам орқали ҳал этиш мумкин. Туркияда бўлган кучли ер силкиниши дунё халқларини даҳшатга солди. Бу ердаги зилзила туфайли қанчадан-қанча одамлар нобуд бўлди, уйсиз, бошпанасиз қолди. Унинг даҳшатларини тил билан ифодалаш жуда қийин. Шу муносабат билан 16 март куни Анқара шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммити чақирилиб, унда фавқулодда вазиятларни бошқариш ва гуманитар ёрдам кўрсатиш соҳасида кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳамда табиий офатларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш борасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Туркий давлатлар ташкилотининг бу йиғини биродор турк халқига бўлган ҳурмат ва эҳтиром, қолаверса, улардан кўнгил сўраш, дардига малҳам бўлиш десак сира муболаға бўлмайди. Ахир дўст бошга иш тушганда билинади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раисилигида ўтган саммитда зилзила қурбонлари хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.

Саммитдаги давлатимиз раҳбари нутқида таъкидланганидек, дўстларимиз диёрида юз берган ва мисли кўрилмаган ҳалокатли зилзила барчамизнинг қалбимизга чексиз қайғу ва изтироб солди. Бу йўқотишнинг ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди. Зеро, бу мудҳиш офат натижасида бизнинг жондан азиз ота-оналаримиз, ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз ва фарзандларимиз қурбон бўлди ва жабрланди. Биз мудҳиш фожиада қурбон бўлган ўн минглаб бегуноҳ кишилар хотирасини ҳеч қачон унутмаймиз. Шавкат Мирзиёев фожеа рўй берган кунни Қурбонларни хотирлаш ва бирдамлик куни, деб эълон қилишни таклиф этгани ҳам туркиялик биродорларимиз қалбига малҳам бўлиши табиий. Чунки бугун Туркияда жигаридан, ота-онасидан, яқинларидан айрилган кишиларга тасикн беришнинг ўзи жуда мушкул.

Албатта, Ўзбекистон томонида ҳам фожеа оқибатларини тугатишда фаол иштирок этди. Айнан зилзила рўй берган шаҳарда қутқарув ва тиклаш ишларида иштирок этди.

Аммо Президентимиз Шавкат Мирзиёев саммитдаги нутқида талофат кўрган ҳудудлардан ёши улуғ инсонлар ва нуронийларни юртимизда соғлиғини тиклаш ва дам олишлари, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотурудий, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк аждодларимиз қадамжойларини зиёрат қилишлари учун барча қулай шарт-шароитларни яратиб беришини айтгани икки халқ ўртасидаги узвий алоқаларни янада юксак даражага кўтарди. Туркиянинг жабр кўрган Ҳатай музофоти ёшлари ушбу ёз мавсумида Ўзбекистонга таклиф қилингани ҳам кўнгилдаги иш бўлди. Улар учун мазмунли ҳордиқ ва қадимий Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларига сафарлар, юртимиздаги тенгдошлари билан қўшма тадбирлар ташкил этилиши ҳақиқий маънда дўстлик ва қардошликнинг рамзий ифодаси десак, сира муболаға бўлмайди.

Саммитда иштирок этган Туркий давлат ташкилотлари раҳбарлари ўртасида бир қатор битим ва келишувлар имзоланди ва бу халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва биродарликни, ўзаро тавар айирбошлаш, савдо, логистика ҳамда маданий алоқаларни кучайтиришга хизмат қилиши табиий.

Дилбар Усмонова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    498
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+