Халқимизни рози қилиш ишларида маҳалла тизимининг ўрни беқиёсдир

22.03.2023, 13:19

Халқимизни рози қилиш ишларида маҳалла тизимининг ўрни беқиёсдир

Маҳалла аждодларимизнинг юксак тафаккурини, урф-одатлар ва анъаналарини ўзида мужассам этган, бутун жаҳон аҳли ҳавас қиладиган эзгу қадриятларимиз кўзгуси. Бугунги кунда юртимиздаги ислоҳотлар жараёнида миллий қадриятларимизни муносиб давом эттиришда маҳалла тизимининг ўрни беқиёс.

Президентимиз ташаббуси билан ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизими бўлган ушбу идоранинг нуфузини ошириш, уни чинакам халқ виждонига айлантириш, ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида кейинги йилларда улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Бугун давлатимиз раҳбарининг Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан халқимизга йўллаган табригида ҳам маҳалла тизимида олиб борилётган улкан ижобий ишларга яна бир бор тўхталиб ўтилди.

Хусусан, барча соҳа ва йўналишлар бўйича “маҳаллабай” ишлаш тизими кенг жорий этилиб, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспекторидан иборат таъсирчан тузилма фаолияти йўлга қўйилгани ижобий самара бермоқда. Бунинг натижасида маҳаллаларда тадбиркорлик ривожланиб, янги иш ўринлари, доимий даромад манбалари яратилмоқда, барқарор ижтимоий-маънавий муҳит мустаҳкамланиб, жиноятчилик камайиб боряпти.

Биргина ўтган йилнинг ўзида маҳалла фаоллари кўмагида юз минглаб ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминлангани, 9 минг 400 дан ортиқ маҳалланинг қарийб 3 мингтаси ёки 31 фоизида жиноят содир этилишига йўл қўйилмагани шундан далолат беради.

Бундан ташқари маҳаллаларни обод қилиш, уларнинг инфратузилмасини ривожлантириш борасида ҳам қатор ижобий ишлар амалга оширилаётганлиги мамлакатимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб, халқимиз турмуш даражаси ва маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Буни биргина 2022 йилда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” ҳамда бошқа дастурлар доирасида бюджетдан ажратилган қарийб 27 триллион сўм маблағ ҳисобидан 4 мингта маҳаллада кенг кўламли қурилиш ва ободончилик ишлари амалга оширилгани, юзлаб мактаб, боғча, тиббиёт масканлари барпо этилгани ва янгилангани, электр энергияси, ичимлик суви, табиий газ ва иссиқлик таъминоти, йўл ва транспорт тизимлари фаолияти яхшиланганида кўриш мумкин.

2023 йил – “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да ушбу мақсадлар учун яна 5 минг 800 та маҳаллага 30 триллион сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.

Бу йил тарихимизда биринчи марта тажриба тариқасида ҳар бир ҳудуддаги битта туманда “маҳалла бюджети” тизими ўрнатилиб, мол-мул ва ер солиғининг бир қисмини маҳалалларнинг ўзида қолдириш кўзда тутилмоқда. Бу албатта, маҳалларимиз ҳудудидаги мавжуд муаммоларни бевосита мустақил ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади.

Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар марказида - маҳаллада яшовчи ҳар бир инсонни рози қилиш сиёсати ётибди. Инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини амалда таъминлаш, барча шаҳар ва туманлар, олис ва чекка ҳудудлар аҳолиси учун муносиб шароит яратиб бериш, оддий қилиб айтганда, халқимизни рози қилиш ишларида маҳалла тизимининг ўрни каттадир.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    380
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+