O‘zLiDeP – ХКП: партиялараро ҳамкорлик изчил ривожланмоқда

20.03.2023, 13:29

O‘zLiDeP – ХКП: партиялараро ҳамкорлик изчил ривожланмоқда

Ўзбекистон ва Хитой ўзаро дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлади. Ўтган давр мобайнида икки томонлама ҳамкорлик барқарор ривожланди. “Бир макон, бир йўл” ташаббуси ва Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ҳамоҳанглиги асосида ўзаро алоқалар юқори босқичга кўтарилди. Савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик, терроризмга қарши кураш борасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш борасида катта ютуқларга эришилди. Икки давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев билан Си Цзиньпин ўртасида ўрнатилган ишончли муносабатларни алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу муносабатлар кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш учун мустаҳкам замин яратади.

O‘zLiDeP ХКП билан ҳамкорликни партиялараро алоқаларнинг муҳим элементи деб билади. Бу ҳамкорлик Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатларни аниқ мазмун билан бойитади. Биз Ўзбекистонда айнан ХКП замонавий Хитой Халқ Республикасининг асоси ва уни модернизация қилишнинг муҳим омили эканини кўриб турибмиз. Шу боис партиямиз учун Хитойнинг иқтисодиётни эркинлаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш, коррупцияга қарши кураш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва, албатта, қашшоқликка қарши кураш борасидаги тажрибаси катта қизиқиш уйғотади.

Таъкидлаш жоизки, O‘zLiDePнинг Хитой билан партиялараро алоқалари ХКПнинг жаҳон сиёсий партиялари билан мулоқотидаги олий даражадаги учрашувлари доирасида йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Уларнинг навбатдагиси 2023 йил 15 мартда Хитой Коммунистик партияси (ХКП) Марказий Қўмитаси Бош котиби жаноб Си Цзиньпин иштирокида бўлиб ўтди.

Тадбирда жаҳон сиёсий партиялари ўз тараққиётини мамлакатларни модернизация қилиш ва демократлаштириш бўйича миллий саъй-ҳаракатлар билан чамбарчас боғлашдан манфаатдор экани таъкидланди. Сиёсий партиялар модернизация жараёнларида муҳим, етакчи ва ҳаракатлантирувчи куч, деган фикрга қўшилмай бўлмайди.

Си Цзиньпин ўз нутқида таъкидлаганидек, замонавий дунёда кўплаб муаммолар ва инқирозлар ўзаро тўқнашиб кетди, инсониятни модернизация қилиш жараёни яна тарихий чорраҳага етиб келди. Бу тезис давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг бугунги дунё қатор таҳликали жараёнлар билан кечаётган чуқур трансформация даврида яшаётгани – халқаро кескинлик тобора кучайиб бораётгани ва тизимли иқтисодий инқироз белгилари намоён бўлаётгани ҳақидаги позициясига тўла мос келади.

Ўз навбатида, Си Цзиньпиннинг сиёсий партиялар халқ манфаатларини биринчи ўринга қўйиши, халққа йўналтирилган модернизацияни таъминлаши, ўз миллий шарт-шароитлари ва ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиши кераклиги ҳақидаги фикрлари ўрганиш учун катта қизиқиш уйғотади. ХКП Марказий Қўмитаси Бош котиби томонидан илгари сурилган “Глобал цивилизация” халқаро ташаббусини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Бу ерда ҳам O‘zLiDeP дастури билан кўп ўхшашликларни кўриш мумкин. Шавкат Мирзиёев партиямизнинг 2021 йилда бўлиб ўтган қурултойида давлат ва жамият бошқарувида очиқлик ва адолатга асосланган, одамлар манфаатига хизмат қиладиган, халқпарвар қарорлар қабул қилиш тизими шаклланганини таъкидлади. Инсон, жамият ва давлат манфаати O‘zLiDePнинг барча ҳаракатлари негизига қўйилди. “Давлат – инсонлар учун” деган халқчил ғоя, изчиллик билан қарор топиб бормоқда.

Хулоса ўрнида, O‘zLiDeP Хитой билан иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш тарафдори эканини алоҳида таъкидлашни истардик. Партиямиз дастуридаги қоидаларга ўхшаш позицияга эга бўлган барча сиёсий партиялар билан тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёрмиз. Ишончимиз комилки, Ўзбекистон ва Хитой халқларининг фаровонлиги, мамлакатларимизнинг барқарор ривожланиши умумий вазифамиздир.

Азамат Сеитов,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия

 қўмитаси Халқаро алоқалар ва протокол сектори мудири

  • Кўрилди
    244
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+