Бефарқ, беэътибор бўлмайлик

24.03.2023, 11:59

Бефарқ, беэътибор бўлмайлик

Сир эмас, сўнгги йилларда халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш мамлакатимиздаги туб ислоҳотларга мос конституциявий-ҳуқуқий маконни яратиш заруратини юзага келтирган эди.

Шу мақсадда конституциявий ислоҳотларни ўтказиш билан боғлиқ ишларнинг самарали ва пухта амалга оширилишини таъминлаш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Юртимизда давом этаётган сиёсий жараёнда ҳар бир фуқаронинг ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдириши учун барча қулайликлар яратиб берилди. Натижада, мана, халқнинг орзу-истаклари тўла акс этган янги Конституция юзага келди.

Унутмайлик, у бир йил ё, борингки ана, ўн-йигирма йил хизмат қиладиган моддалар, нормалар тўплами эмас. Муболағасиз  айтиш мумкинки, эртанги кунимизнинг қандай бўлиши, биздан кейинги авлоднинг тақдири ҳам ушбу ҳужжат билан чамбарчас боғлиқ.

Келинг, шу ўринда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг 28-моддасиги киритилаётган қўшимчага эътиборингизни қаратайлик. Унга кўра, шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмас.

Хўш, аввал қандай эди?! Яқин қариндошидаги судланганлик “тамға”си сабаб ҳуқуқлари чекланганлар йўқмиди? Бор эди-да. Атрофимиздаги тақдир эгалари ҳаётидан  кўплаб мисоллар келтириш бунга.  Ушбу қонун лойиҳаси ўша инсонларга жуда катта имконият беради, бузилган ҳуқуқларини тиклашга асос бўлади. 

Бахтли яшашни ким истамайди дейсиз?! Умумхалқ овозига қўйилаётган Бош қомусимиз лойиҳаси эса бахтимиз кафолати бўлишига шубҳа йўқ. Шу сабаб ҳам “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича ўтказиладиган референдумда фаол бўлишимиз лозим, асло бефарқ, беэътибор, лоқайд эмас.

Зафар КАРИМОВ,

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят кенгаши раиси,

Халқ депутатлари вилоят кенгаши котибияти мудири

  • Кўрилди
    536
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+