Адолатли солиқлар

24.03.2023, 12:04

Адолатли солиқлар

Асосий қонунимизга худди ана шундай атама киритилаётгани ёхуд маърифатли жамиятда солиқларнинг тутган ўрни, фискал тизимни такомиллаштиришнинг долзарб аҳамияти хусусида

Мамлакатнинг фискал тизими бу – давлат даромадлари ва харажатларининг тўлиқ тузилиши, маблағларни йиғиш ва сарфлашни бус-бутунлигича акс эттирувчи ҳалқа, десак муболаға бўлмайди. Ушбу тизим узоқни кўзловчи иқтисодий сиёсат юритиш орқали оқилона бошқарилади.

Айримлар фискал соҳа деганда фақат солиқ солиш ва солиққа тортиш тартиботларини, солиқларни муайян фоиз ставкаларида мажбурий ундиришни ўйлашади, холос. Лекин бу борадаги тушунчалар ҳам, мавжуд масалаларнинг ечимига муносабат ҳам тубдан ўзгарган. Янги Ўзбекистондаги солиқ сиёсати ставкаларни босқичма-босқич камайтириш, аммо солиқ базасини ҳеч кимга оғирлик солмаган ҳолда кенгайтириш орқали умумий тушум миқдорини сезиларли равишда кўпайтиришдан иборат. Чунки ўз олдига улуғвор мақсадларни қўйган давлатнинг харажатлари шунга яраша бўлиши табиий. Ғазна эса биринчи навбатда солиғу йиғимлар орқали мустаҳкамланади.

Янги Конституциянинг 63-моддасида фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаши шартлиги, солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги кераклиги белгилаб қўйилмоқда.

Кўпчилик яхши билади, ҳар қандай давлатнинг иқтисодий қудрати унинг бюджети ҳисобланади. Бюджетнинг асосий қисмини эса солиқлар ташкил этади. Солиқлардан тушган пуллар мамлакатни ҳар томонлама ривожлантиришга сарфланади. Шу сабабли ҳар бир фуқаро солиқларни тўлаши шарт.

Ўз навбатида, давлат ҳам фуқаролар учун ортиқча ва оғир бўлган солиқлар ёки бошқа йиғимларни жорий этмаслик бўйича кафолат бериши, бу кафолат эса қонун билан мустаҳкамланиши зарурдир. Конституцияга солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши шарт дея киритилаётгани аҳоли ёки тадбиркор уни тўлай олишига қурби етиши албатта инобатга олинишини англатади. Ортиқча ва мантиқсиз солиқлардан, турли йиғимлардан воз кечилиши тушунилади бу нормада. Шу тариқа солиқ сиёсати тобора соддалаштирилиб, одамлар учун манфаатли бўлиши таъминланади.

Охирги йилларда тадбиркорлар тўлайдиган солиқ турлари сони қисқартирилиб, аҳоли ва бизнес тузилмаларига солиқ имтиёзлари кенг қўлланила бошлади. Айрим йиғимлар 5 бараваргача камайтирилди. Яшил энергетикадан фойдаланаётган солиқ тўловчиларга 10 йилга қадар имтиёзлар берилди. Мамлакатимизда ҚҚС миқдори 15 фоиздан 12 фоизга туширилди. Конституцияга солиққа тортиш юзасидан киритилаётган янгиликлар эса ана шундай ижобий ўзгаришлар изчил ва тизимли давом эттирилиши учун ҳуқуқий асос бўлади.

Маълумки, маданиятимиз ва тарихимиз қанчалик қадимий бўлса, солиқ солиш ва солиққа тортиш жараёни ҳам шунчалик узоқ вақтга бориб тақалади. Номлари илгари сал бошқачароқ бўлгани билан солиқлар азалдан мавжуд эди. Масалан, ўлпон, хирож, жузья, закот, ушр сингари солиқлар бўлган. Чунки ҳеч қайси жамият солиқларсиз шакллана олмайди, ҳеч қайси давлат солиқларсиз тўлақонли фаолият кўрсата олмайди. Жаҳонга таниқли Бенжамин Франклин сўзи билан айтганда, “Дунёда ҳеч нарса солиқ ва ўлим каби муқаррар эмас”. Машҳур рус ихтирочиси, Россия молия фанининг асосчиси Николай Тургенев эса “Солиқларни йўқотиш талаби жамиятнинг ўзини вайрон қилиш талабини англатган бўларди”, деб ёзиб қолдирган.

Жаҳон миқёсидаги мураккаб жараёнлар ва Ўзбекистоннинг айни пайтдаги ривожланиш йўлини атрофлича таҳлил қилган киши конституциявий ислоҳотларнинг ўзаги сифатида белгиланган “Инсон қадри учун” тамойили аслида нимани англатишини илғаши мушкул эмас. Сиртдан иқтисодиёт тармоқларини трансформациялаш, тадбиркорлик равнақига эришиш бош муддао бўлиб кўринган янги ислоҳотлар пировардида халққа фаровон турмуш шароитини яратишга қаратилган.

Ана шундай ёндашув ва қарашлар орқали бугун яна бир долзарб мавзуга бошқача ракурсдан нигоҳ ташламоқчимиз. Солиқларнинг маърифатли жамиятда тутган ўрни ҳақидаги фикрларни машҳурларнинг кўпчилик тан олган назариялари ва зако аждодларимиз аввал ўрнатган тартиботлари билан таққосламоқчимиз. Бинобарин, қиёс – қотиб қолишдан қутқариб, ростини ва афзалини ажратишга яшил чироқ ёқади.

 Амир Темур даврида солиқ йиғиш тизимида том маънода инновациялар юз берганини ҳеч ким рад этолмайди. Зотан, Соҳибқироннинг ўзи “Темур тузуклари”да аниқ маълумотларни авлодларга олтин мерос сифатида қолдирган: “Амр этдимки, раиятдан мол-хирож йиғишда уларни оғир аҳволга солиб қўйишдан ёки мамлакатни қашшоқликка тушириб қўйишдан сақланиш керак. Негаки, раиятни хонавайрон қилиш давлат хазинасининг камбағаллашишига олиб келади. Хазинанинг камайиб қолиши эса сипоҳнинг тарқалиб кетишига сабаб бўлади”.

Шунчалик тиниқ баён этилганки, унинг замиридаги ҳақиқатни англамоқ учун уста тарихчи ёки кучли иқтисодчи бўлиш шарт эмас. Изоҳга ҳам ҳожат йўқ. Бугунги кун нуқтаи назаридан ҳам исбот талаб қилмайди. Анологсиз аксиома. Дунёга довруқли зот неча асрлар наридан ҳозирги солиқ солиш тизими қандай бўлиши лозимлигини баралла айтиб тургандек. Энди мана шу тартиб ҳуқуқий норма сифатида янги Конституцияда ўз ифодасини топади. Бу янгилик эса наинки O‘zLiDeP электорати, балки бутун аҳолига қулайлик яратади.

Соҳибқирон солиқчиларга халқнинг устига юк бўлмаслик шарти билан яхшигина маош тайинлаган. Нафсига қулларни, виждони олдида сўроқ бериб ишламаганларни қаттиқ жазолаган. Қисқаси, Амир Темурнинг бюджетни жамлаш ва харжлаш хусусидаги закий фалсафаси бугунги ислоҳотларга кўп жиҳатдан ўхшайди. Яъни, солиқ фоизини камайтириш фойда ё молк-мулк миқдорини яширмасликка муҳит яратади. Солиқ солиш базаси кенгайгани сайин умумий тушум қиймати ортаверади.

Мухтасар айтганда, Конституциямизнинг янги таҳририга киритилаётган янги нормалар солиқ сиёсатининг адолатли юритилиши ва самарадорлигини сезиларли равишда оширишга хизмат қилади.

                                                         Эркин ХОЛМАТОВ,

O‘zLiDeP Жиззах вилоят кенгаши раиси

  • Кўрилди
    389
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+