Янги Қомус барқарор иқтисодий ривожланишни кафолатлайди!

25.03.2023, 14:25

Янги Қомус барқарор иқтисодий ривожланишни кафолатлайди!

Бугун халқимиз жонажон Ўзбекистонимиз тарихида муҳим ўрин тутувчи йирик сиёсий жараён олдида турибди. Янгиланаётган Конституция лойиҳасининг мазмун-моҳиятини турли соҳа вакиллари ҳамда кенг аҳоли қатламлари орасида тарғиб қилиш ишлари қизғин тус олди.

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши томонидан “Янги Қомус барқарор иқтисодий ривожланишни кафолатлайди!” мавзусида учрашув ташкил қилинди. Ташвиқот тадбирида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари ҳамда Марказий банк Тошкент вилояти бош бошқармаси вакиллари иштирок этишди.

Йиғилишда сўз олган Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодиржон Абдувалиев янгиланаётган Конституциямиз илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, яъни энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилгани хусусида фикр юритди. Унинг асосий моҳияти ҳақида тўхталаркан, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўлақонли таъминланишига хизмат қилишини алоҳида эътироф этди. 

Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутати Виктор Пак эса йиғилганларга янги Конституциянинг қабул қилиниши, унга киритилган ўзгартиришлар, Конституциянинг халқимизга тинч, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиши, мамлакатимиз обрў-эътиборини жаҳон ҳамжамиятида мустаҳкамлаш ҳамда жамиятдаги тотувлик ва бағрикенглик учун қонуний асос бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.

Партия вилоят Кенгаши раиси Тўлқинжон Файзиев янги Қомус барқарор иқтисодий ривожланишни кафолатлаши ҳақида сўзларкан, электоратимиз бўлган тадбиркорлар, ишбилармонлар, кластер ва фермерлар лойиҳанинг муҳокамасига бефарқ бўлмасдан, кўплаб таклифлар беришгани, бу ўзгаришларни қўллаб-қувватлашгани натижасида партиямизнинг дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб берилган таклифлар қонун лойиҳасида акс этганини таҳсинга сазовор эканини қайд этди.

Янгиланаётган Конституцияда  товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатларининг белгилангани ғоят ўринли бўлаётгани масаласига ҳам эътибор қаратди. Амалдаги Асосий Қомусимизда банк омонатлари кафолатланган бўлса, эндиликда банк амалиётлари ва ҳисобварақларнинг сир тутилиши ҳам Конституцияда белгиланиши халқаро нормалар, хусусан, Жаҳон савдо ташкилоти стандартларига ҳам мос келишини эътироф этди.

Тадбир якунида иштирокчилар 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумда фаол иштирок этишини таъкидлаб ўтишди.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши бўлим мудири

  • Кўрилди
    394
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+