Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилинмоқда

28.03.2023, 16:03

Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилинмоқда

Оҳангарон шаҳар Тиббиёт бирлашмасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия вилоят Кенгаши мутасаддилари ва соҳа мутахассислари иштирокида янгиланаётган Конституциямизнинг мазмун-моҳиятига бағишланган учрашув ўтказилди.

Унда сўз олган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Атхам Назирқулов қайд этганидек, янги таҳрирдаги Конституциямиз илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, яъни энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилган.

Конституциямизнинг биринчи моддасидаёқ Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилинмоқда. Давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига оид нормалар қарийб уч бараварга ортмоқда.

Хусусан, ижтимоий давлатга хос ёндашувларда аҳолининг кафолатланган бепул тиббий хизматлардан фойдаланиши ҳам лойиҳага киритилиб, ўз аксини топган. Умуман, лойиҳада аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар 4 баробар кўпайтирилмоқда. Бу аҳоли соғлиғини ишончли муҳофаза этиш ҳамда оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар таҳдидини бартараф этишда жуда муҳим аҳамиятга эга.

Биргина мисол, жорий йилда “Кафолатланган хизматлар пакети” қайта кўриб чиқилиб, унда 20 турдаги касалликлар бўйича диагностика, даволаш ва профилактика хизматлари ҳажми тўлиқ қамраб олиниши эътиборга молик.

Кўп учрайдиган 20 турдаги касалликлар бўйича бирламчи бўғиндаги бепул анализ турлари – 15 тадан 25 тагача, текширувлар – 10 тадан 20 тагача, дорилар – 64 тадан 90 тага оширилишининг ўзи ҳам давлатимизнинг нечоғли ижтимоийлашаётганини кўрсатиб беради.

Шунингдек, янгиланаётган Қомусимизда ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи қоидалар янада такомиллаштирилди. Жумладан, давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ҳамда маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароит яратиши, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашиши, зарур ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлаши мустаҳкамланди.

Сўз олганлар Референдумда муносиб иштирок этиб, ўз фуқаролик бурчларини бажаришлари лозимлигини алоҳида қайд этиб ўтишди. 

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши бўлим мудири

  • Кўрилди
    434
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+