Фаровонлик, эркинлик, масъулият

30.03.2023, 12:24

Фаровонлик, эркинлик, масъулият

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари Нишон туманида фермер, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида баҳорги дала юмушларининг бориши билан танишдилар. Туман ҳокими ёрдамчилари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, фермер ва деҳқон хўжалиги раислари иштирокидаги ўқув семинарида насос орқали суғориладиган экин майдонларида пахта ва ғалла етиштиришда сув тежамкорлигига эришиш, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияларидан самарали фойдаланиш юзасидан амалий тавсиялар берилди.

– Оқова сув таъминоти йил сайин қийинлашаётган шароитда инновацион ускуналарга эътиборни кучайтириш талаб этилмоқда, – деди Актам Хаитов. – Мутахассисларнинг тахминича, бу йил ҳам сув танқислиги кутилаётир. Демак, яна деҳқонларимиз учун оғир синов бўлади. Чунки ҳозирданоқ, кўряпмизки, баҳорги ёмғир жуда кам ёғяпти. Шунинг учун йил бошидан буён 5-6 жойда ёмғирлатиб суғоришни жорий этиш мавзусида қатор семинарларни ташкил этдик. Мақсад суғориш учун кетадиган сарф-харажатларни камайтириш орқали хўжаликларнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришдир.

Ишчи гуруҳ аъзолари тумандаги “Жануб машъали” маҳалласи ҳудудида истиқомат қилаётган Асрор Қурбоновнинг томорқачилик тажрибасини ҳам атрофлича ўргандилар. Бу инсон икки сотих жойда иссиқхона ташкил этиб, йилига 2-3 марта ҳосил олмоқда. Иссиқхонанинг ярмида турфа анвойи гуллар ўстирилса, қолган қисмида қулупнай кўчатлари етиштирилиб, тумандаги деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига етказиб бериляпти. 2021 йилда миришкор “Намунали томорқачи” кўкрак нишони билан тақдирлангани бежиз эмас.

Мулоқот давомида Президентимизнинг 2023 йил 26 январдаги “Пахта хом ашёси етиштирувчилар фаолиятини янада қўллабқувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ҳақида ҳам батафсил фикр юритилди. Пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари ўртасида ўзаро манфаатли муносабатни йўлга қўйиш, пахта хомашёсини етиштирувчи ва уни қайта ишловчи корхоналар фаолиятининг самарадорлиги-ни янада ошириш юзасидан амалий тавсиялар берилди.

Нишон туманида 36 та маҳалла фуқаролар йиғини бўлиб, шундан 18 тасида “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда. Илгари нишонликлар картошкани бозордан харид қилишарди. Ҳозирда катта майдонлардан минглаб тонна картошка ҳосили олаётган тажрибали фермер ва томорқачилар бор.

Туманда 27 229 нафар деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари бўлиб, улар 3281 гектар майдонда меҳнат қилишмоқда. 2430 гектар ерда эртапишар, 1444 гектар майдонда такрорий, 1845 гектарда эса тўқсонбости экинлар экилган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан ўттиз фоизга кўп.

O‘zLiDeP етакчиси нишонлик дала меҳнаткашлари билан суҳбатда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасини тайёрлашда тадбиркор, ишбилармон, фермер ва кластерларнинг таклифлари инобатга олинганини, мулк ҳуқуқи, уй-жой дахлсизлигини таъминлаш масалалари Бош қомусда ўз аксини топаётганини алоҳида таъкидлади. Сўнгги олти йил давомида тадбиркорликни ривожлантириш, бизнес вакилларига қулай шароит яратиш мақсадида давла-тимиз раҳбарининг қатор фармон ва қарорлари қабул қилинганига урғу берди. Энди бу нормалар Конституциямизда мустаҳкамланмоқда.

Ишчи гуруҳ аъзолари мулоқот якунида қишлоқ мулкдорларининг референдумни ўтказишга кўрилаётган тайёргарлик ва ушбу сиёсий тадбирнинг долзарб аҳамиятига оид саволларига жавоб қайтаришди.

Сайфулла ИКРОМОВ,

“XXI asr” мухбири

  • Кўрилди
    336
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+