Янги қомус ўқитувчи шарафини оширади

30.03.2023, 16:42

Янги қомус ўқитувчи шарафини оширади

Бугун партиямиз депуталари ва фаоллари апрелда бўлиб ўтадиган референдум арафасида юртимиз бўйлаб тарғибот тадбирларини ўтказиб, уларда кенг аҳоли қатламлари, турли соҳа вакилларига янгиланаётган Конституцияга киритилаётган концептуал ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини очиб беришмоқда. 

O’zLiDeP Пискент туман Кенгаши томонидан 5-ИДУМда ўтказилган учрашув ҳам айни мақсадда ташкил этилди.

Унда партия Пискент туман Кенгаши, Халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, 5-ИДУМ педагог-ўқитувчилари жамоаси, маҳаллий аҳоли вакиллари ҳамда юқори синф ўқувчилари иштирок этишди.

 Учрашувда сўз олганлар Бош қомусимизга киритилаётган ўзгартишларнинг мазмун-моҳияти, унинг таълим ривожига доир муҳим жиҳатлари хусусида маълумотлар берди.

Янгиланаётган конституциянинг 52-моддасига кўра, Ўзбекистонда ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш, бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади.

Давлат ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсишига ғамхўрлик қилади. Маълумот учун, янги Конституция лойиҳасининг 50-, 51-, 52-моддалар айнан болаларнинг мактабгача ва мактаб таълимини олишдаги ҳуқуқлари, олий таълим олиш масаласи ҳамда педагогларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга бағишланган.

Мазкур қўшимчалар, педагог ходимларнинг ижтимоий қўллаб-қувватланиши, ўз касбий фаолиятини амалга ошириши, уларнинг ижтимоий мақоми ва обрўсини ошириш учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиши, шунингдек, ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалга ошириш учун кафолатлар беришга хизмат қилади.

Йиғилишда иштирок этганлар ҳам референдум арафасидаги ўз фикрлари билан ўртоқлашишаркан, Асосий Қонунимиз мамлакатимизда янги фаровон ҳаёт, янги инсон қадри улуғланган жамият барпо этиш йўлида қўлга киритилаётган барча ютуқ ва марраларимизнинг хуқуқий пойдевори – келажагимизнинг ишончли кафолати эканлигини таъкидлашиб, янги таҳрирдаги Конституция чинакам маънодаги халқ Қомуси этиб яратилаётганини эътироф этишди.

Апрель ойининг сўнгги кунида ўтказилиши режалаштирилаётган умумхалқ референдумида муносиб иштирок этиб, ўз фуқаролик бурчларини бажаришлари лозимлигини алоҳида қайд этишди.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши

бўлим мудири, журналист

Теглар
референдум
  • Кўрилди
    291
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+