Ёшлар якдиллик билан 30 апрелда янгиланаётган Конституцияга овоз берадиган бўлдилар

31.03.2023, 15:55

Ёшлар якдиллик билан 30 апрелда янгиланаётган Конституцияга овоз берадиган бўлдилар

Бухородаги Осиё халқаро университетида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси ташвиқотига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ва талаба - ёшлари иштирокида ташкил этилган тадбирда сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Э.Аслонова, М.Баратова ҳамда O'zLiDeP вилоят Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари-аппарат раҳбари Б.Очиловлар Ватанимиз ва халқимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий жараён-Референдумни ўтказишнинг муҳим жиҳатлари ва аҳамияти, шунингдек, Конституциявий Қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.

Таъкидланганидек, Қонун лойиҳасининг бир қатор моддаларида мамлакатимизда ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга эканлиги, давлат узлуксиз таълим тизими унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлаш бўйича аниқ нормалар белгилаб берилган. Олий таълим ташкилотлари қонунга мувофиқ академик эркинлик, ўзини–ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга эканлиги асослаб берилган.

Депутат Э.Аслонова шу ҳақида сўз юритар экан, Осиё халқаро университети талаба-ёшлари ўз фаолиятлари ва ҳаётлари давомида давтимиз томонидан берилган чексиз имкониятлардан тўғри ва оқилона фойдаланган ҳолда танлаган мутахассисликлари бўйича аниқ натижаларга эришишларига ишонч билдирди.

Депутат М.Баротованинг фикрича, Қонун лойиҳасидаги “Оила, болалар ва ёшлар” деб номланган 14-боб бир йўла 5 та моддани ўз ичига олган бўлиб (76-80 моддалар) уларда оила, ота-оналар ва уларнинг фарзандлари манфаатлари билан бирга зиммаларидаги масъулият юзасидан ҳам аниқ-равшан сўз юритилган. Табиийки, давлат ҳам бу борада ўз зиммасига қатор вазифаларни олган, яъни у ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланишига ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишига, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишига,  бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиши пишиқ-пухта норма сифатида ушбу муҳим сиёсий ҳужжатга киритилган.

Тадбир иштирокчиларини қизиқтирган саволларга депутатлар томонидан тўлақоли жавоблар берилди.

Ёшлар якдиллик билан 30 апрелда янгиланаётган Конституцияга овоз берадиган бўлдилар.

  • Кўрилди
    439
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+