Янгиланаётган Конституцияда жамиятнинг яратувчи қатлами манфаатлари ифодаси

10.04.2023, 10:50

Янгиланаётган Конституцияда жамиятнинг яратувчи қатлами манфаатлари ифодаси

ҲОЗИРГИ КУНДА АҲОЛИНИНГ БОШҚА ҚАТЛАМЛАРИ ВАКИЛЛАРИ КАБИ ТАДБИРКОРЛАРИМИЗ, ФЕРМЕРЛАРИМИЗ ҲАМ ЯНГИЛАНАЁТГАН КОНСТИТУЦИЯМИЗ БИЛАН ЯҚИНДАН ТАНИШМОҚДАЛАР, УШБУ ҲАЁТБАХШ ЖАРАЁНЛАРДА ФАОЛ ИШТИРОК ЭТМОҚДАЛАР.

ЯНГИЛАНАЁТГАН КОНСТИТУЦИЯ ФАЛСАФАСИ: ХАЛҚ ФИКРИГА ТАЯНГАН ҲОЛДА, ИНСОН МАНФААТИ УЧУН

Янгиланаётган Конституциянинг энг муҳим хусусиятларидан бири – унинг мазмун-моҳиятига кўра чинакам халқ конституцияси бўлаётгани. Мазкур муҳим жиҳат ҳужжатнинг ишлаб чиқилиши жараёнидаёқ яққол кўзга ташланганини таъкидлаш керак. Чунки Асосий қонунимизга киритилиши мўлжалланаётган ўзгартиришлар ва қўшимчалар биринчи навбатда халқимиздан келиб тушган фикр ва таклифларга асосланилгани билан диққатга молик.

Икки босқичда амалга оширилган халқ фикрини ўрганиш жараёнида такомиллаштирилаётган Конституция лойиҳаси билан
5 миллиондан ортиқ юртдошларимиз танишгани, 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушгани фуқароларнинг ўз келажаги, эл-юрт тақдирига дахлдор ушбу ҳужжатнинг пишиқ-пухта ишлаб чиқилишида нечоғлик фаол иштирок этганидан далолат беради. Эътиборлиси, Бош қомусимиз янгиланишига тадбиркор ва фермерлар ҳам ўз таклиф-тавсиялари билан ҳисса қўшдилар. Хусусан, O‘zLiDePнинг ҳудудий ва бошланғич ташкилотлари томонидан Конс­титуция ислоҳ қилинишига бағишлаб ўтказилган 7 мингдан ортиқ тадбирда қарийб 275 мингга яқин киши қатнашиб, иштирокчилар томонидан 8 мингдан ортиқ таклиф билдирилди. Улар мазмунан умумлаштирилиб, 2 минг 719 таси Конституциявий комиссияга киритилди. Фаоллик кўрсатганларнинг аксарияти айнан партия электорати вакиллари эканини алоҳида қайд этиш зарур. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларидан, корхона ва муассасалардан 121 та жамоавий мурожаат O‘zLiDeP орқали Конституциявий комиссиясига тақдим қилинди. Мазкур ишлар партия электоратининг Конс­титуцияни ислоҳ қилиш жараёнида қанчалик фаол иштирок этганини намоён этмоқда.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг росмана халқ конституцияси эканлигини кўрсатувчи яна бир муҳим жиҳат – лойиҳада жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олинганидир. Айтиш мумкинки, ана шундай халқчил ёндашув, инсонпарварлик амалдаги 128 та модда ўрнига эндиликда 155 та моддадан иборат, нормалари сони 275 тадан 434 тага етказилаётган ҳамда 65 фоизга ўзгартирилаётгани – том маънодаги янги Конституция яратилишини тақозо этди. Янгиланган Асосий қонун билан танишар эканмиз, ушбу ўзгартиришлар асосида турган бош ғоя – инсон манфаатлари эканлиги яққол кўзга ташланади. Турли соҳаларда узоқ вақтдан бери фуқароларимизни ўйлантираётган бирор жиддий масала йўқки, Конституция даражасида ўз ифодасини топмаган бўлса...

Шу нуқтаи назардан халқ фикри, талаб-истаклари асосида ишлаб чиқилган янги конституция лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасига қўйилаётгани ҳам мантиқан ниҳоятда тўғри ва ўринли бўлаётганини таъкидлаб ўтиш керак.

Бу Конституция барча аҳоли қатламлари вакиллари фикри инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилганини қайд этдик. Шу ўринда яна бир савол туғилади: мазкур ҳужжатда манфаатларини Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ифодалаётган қатлам – тадбиркорлар, фермерлар, умуман, мулкдорлар синфининг орзу-умидлари, хоҳиш-истаклари қанчалик акс этган? Аҳолининг ушбу тоифаларини ўйлантираётган масалалар қай даражада ўз ечимини топган?

Лойиҳа билан танишиб чиқаётган ҳар бир фуқаро Ўзбекистонда кейинги йилларда тадбиркорлик муҳитини янада яхшилашга қаратилган тизимли ишлар ушбу олий ҳужжатда ҳам мантиқий давомини топганининг гувоҳи бўлади.

Тадбиркорлар ва фермерлар,мулкдорлар манфаатларининг ҳимояси

Конституциянинг фуқаролар иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқларига бағишланган IX боби 41-моддасида ҳам бунга ишонч ҳосил қиламиз. Ушбу моддада ҳар бир шахснинг мулкдор бўлиш ҳуқуқига эга, банкка қўйилган омонатлар сир тутилади, деган амалда мавжуд нормага қўшимча равишда  банк операциялари ва ҳисобварақларининг ҳам сир тутилиши конституциявий норма сифатида киритилаётганини кўриш мумкин. Тадбиркорлар учун бу қоиданинг нақадар аҳамиятли эканлигини англаш қийин эмас. “Банк сири” деган тушунчага амал қилиниши тадбиркорлик ривожига улкан туртки берувчи ижобий омиллардан бири. Бинобарин, янгиланаётган Конституцияда банк сири билан боғлиқ жараёнларнинг ҳар бири – банк операциялари ва ҳисобварақларининг алоҳида кўрсатиб ўтилгани хусусий сектор вакиллари манфаатига мослиги билан аҳамиятлидир.

Илгари қонунларимизда банк сирини сақлаш билан боғлиқ нормалар кўзда тутилган бўлса-да, амалда таъминланмагани ва оқибатда бу тадбиркорларга кўплаб қийинчиликлар туғдиргани яхши маълум. Эндиликда ушбу муҳим масалаларнинг конституция даражасида ечимини топиши тадбиркорлар, ишбилармонлар учун айни муддао бўлди.

Иккинчидан, тадбиркорлар учун муҳим бўлган бир қанча нормалар янгиланаётган Конституциянинг XII бобида баён қилинганини кўриш мумкин. Жумладан, 65-моддада давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиши, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлаши аниқ-равшан белгилаб қўйилмоқда.

Эътиборлиси, бу йил ташкил топганининг 20 йиллигини нишонлашга тайёрланаётган O‘zLiDeP дастурий ҳужжатларида ҳам йиллар давомида ушбу масалалар мамлакатда тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги энг муҳим вазифалар сифатида белгиланган. Чунки адолатли, барча учун тенг шароит яратиб берувчи рақобат муҳити тадбикорлар учун кенг имкониятлар эшигини очиб беради. Кимнингдир бозорда устун, бошқаларнинг аксинча мавқеда бўлишига чек қўяди. Мавжуд ресурслардан фойдаланишда барчага бирдек имконият яратади. Бунинг натижасида нафақат тадбиркорлик жадал ривожланишига эришилади, балки бутун жамият ҳам жуда катта наф кўради.

Адолатли рақобат муҳитининг шаклланиши бозор муносабатларининг такомиллашиб, ривожланиб боришига асос яратади; бозорда маълум товарлар нархларининг асоссиз ўсишининг олдини олади; бозорда товар ва хизматларнинг ҳажми, тури ва сифатининг ошиб боришига, нархларнинг эса пасайиб боришига олиб келади; ўзаро рақобат ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш соҳаларига янги технологияларнинг, инновацияларнинг жалб қилинишини тезлаштиради, бу эса иқтисодиётнинг модернизациялашуви, замонавийлашувига олиб келади, мамлакат иқтисодиётининг жаҳондаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Санаб ўтилган жиҳатлар кўплаб нуқталарда тадбиркорлар ва бутун жамият манфаати қанчалик уйғунлашиб кетганини, тадбиркорлар учун яратилаётган шарт-шароит пировардида жамият тараққиёти, мамлакат иқтисодий салоҳиятининг ўсишига тўғридан-тўғри таъсир қилишини яққол кўрсатиб турибди.

Янгиланаётган Конституцияда ушбу нормаларнинг акс эттирилиши давлат тадбиркорлик ривожини мамлакат, жамият ривожининг муҳим бир шарти сифатида қараётганидан, бунинг учун зарур бўлган бозор муносабатларини ривожлантириш, адолатли рақобат муҳитини таъминлаш каби масалаларни давлат ҳимоясига олаётганидан дарак бермоқда. Бундай ёндашувлар мамлакатимизда тадбиркорлик, фермерликни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашда янги бир даврнинг бошланиши бўлади, дейиш мумкин.

Ана шу тамойилларнинг мамлакат Бош қомусида акс этишини O‘zLiDeP юртимизда мазкур соҳада олдинга ташланган дадил қадам сифатида билади. Ўйлаймизки, бозор муносабатлари ва рақобат муҳитини шакллантиришга бундай ёндашув, албатта, келажакда тадбиркорликнинг янада тараққий топишига беқиёс ижобий таъсирини кўрсатади.

Ушбу модданинг кейинги хатбошилари нафақат юртимизда тадбиркорлик тараққиёти учун катта аҳамиятга эга бўлган, балки очиқ, фуқаролик жамияти асосларини яратишда, қолаверса, чет эл сармоядорларининг мамлакат иқтисодиётига қизиқишини оширишда ҳам ғоят муҳим бўлган тамойилларни ўзида қамраб олгани билан ажралиб туради. Аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда уларни тўлиғича келтирамиз:

“Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади.

Хусусий мулк дахлсиздир. Мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас”.

Ушбу жуда муҳим қоидалар мулкчилик шакллари, хусусан, хусусий мулк дахлсизлиги давлат ҳимоясида бўлишини кўрсатади. Мазкур конституциявий норма тўғрисида экспертлар қатор тушунтириш­лар берди. Чунки Конституцияда хусусий мулкка нисбатан бундай ёндашувнинг қарор топиши нафақат мулкчилик масалалари нуқтаи назаридан, балки юртимизда қарор топаётган очиқ ва эркин жамият асосларини мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан ҳам базавий аҳамиятга эга. Биз уларни такрорлаш фикридан йироқмиз. Фақат шу ўринда таъкидлаб ўтмоқчи эдикки, давлат хусусий мулк дахлсизлиги кафолатини ўз зиммасига олар экан, мулкларнинг бошқа шакллари каби хусусий мулк­ка ҳам ҳеч ким ноқонуний дахл қила олмаслигини билдиради.

Албатта, ушбу норма мамлакатда тадбиркорликни ривожлантириш учун энг муҳим базавий кафолатлардан бири бўлиб қолади. Мазкур муҳим ғоянинг конституциявий даражада қатъий белгилаб қўйилиши нафақат маҳаллий тадбиркорларга, балки Ўзбекистонга сармоя киритиш истагида бўлган чет эл сармоядорларига ҳам ишончли сигнал ролини ўтайди, десак муболаға бўлмайди.

Мамлакатда тадбиркорлик муҳитини ривожлантиришга дахлдор муҳим нормалар янгиланаётган Конституциянинг 66-, 67-, 68- ва бошқа бир қатор моддаларда ҳам атрофлича ўз ифодасини топган. Уларда мулкдорларнинг ўзига тегишли мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилиши, давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаши каби қатор муҳим қоидалар ифодаланган.

Айниқса, ернинг белгиланган шартлар асосида хусусий мулк бўлиши мумкинлигига оид нормани алоҳида тилга олиб ўтиш зарур. Конституция тегишли моддасининг ушбу норма билан тўлдирилиши, ҳеч бир муболағасиз, мамлакатда мавжуд ер муносабатларига инқилобий ўзгариш олиб киради. Бу қоиданинг конституциявий даражада белгилаб қўйилиши юртимизда тадбиркорлик равнақига ниҳоятда катта ижобий таъсир кўрсатади.

Ишончимиз комилки, янгиланаётган Конс­титуцияда ўз аксини топаётган ана шу бир неча норма шу вақтгача тадбиркорларни қийнаб келаётган талай муаммолар ҳал қилинишига ҳам, яратилаётган янги имкониятлар орқали мамлакатимизда тадбиркорликни янги босқичга олиб чиқилишига ҳам хизмат қилади.

Жамиятдаги тинчлик ва барқарорлик тадбиркорлик ривожи учун энг муҳим омил

Ҳар қандай жамиятда тадбиркорликнинг, ишбилармонлик муҳитининг ривожланиши соҳага яратиб берилаётган имкониятларгагина боғлиқ бўлмайди. Жамиятнинг ажралмас бир қисми сифатида бу соҳаларнинг ривожи кўплаб бошқа омилларга ҳам боғлиқки, улар орасида ушбу жамиятдаги тинчлик-осойиш­талик, барқарорлик, унда яшаётган аҳолининг бугунги кундан розилиги ва эртанги кунга ишончи ҳам ниҳоятда муҳим ўрин тутади. Фақат ва фақат шундай шароитда тадбиркорлик ривож топади, гуркираб ўсади.

Шу нуқтаи назардан ёндашилганда янгиланаётган Конституциянинг мамлакатда тадбиркорликни тараққий эттириш, ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш учун беқиёс аҳамияти кўзга ташланади. “Инсон қадри учун” тамойилининг ҳаётга татбиғи сифатида илгари сурилаётган янгиланаётган Конституция ўзининг ижтимоий йўналтирилганлиги билан жамиятда айнан мана шундай муҳитни шакллантириш мақсадини ўз олдига қўйганини тушуниб олиш қийин эмас.

Эътибор беринг, янги таҳрирдаги Конс­титуцияда давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятларига оид нормалар қарийб уч бараварга ошмоқда! Ваҳоланки, бозор иқтисодиётига ўтган аксарият давлатлар ўзини бундай мажбуриятлардан халос этишга интилади. Ўзбекистон эса конституция даражасида мана шундай масъулиятни ўз зиммасига олиб, мамлакатимизда айнан инсон қадри устувор қадриятлигини яна бир бор амалда исботламоқда.

Давлат инсон манфаатлари йўлида ҳаракат қиладиган жамиятда барча аҳоли қатламларининг давлатга ишончи ҳам ошади. Жамиятда тинчлик, барқарорлик, эртанги кунга ишонч мустаҳкамланади. Шундай экан, партиямиз учун, унинг электорати сирасига кирувчи тадбиркорлар, мулкдорлар ва фермерлар учун янгиланаётган Конституцияда аҳоли турли қатламларининг ижтимоий ҳимоя қилинишига оид нормаларнинг, қолаверса, ҳуқуқ устуворлигини таъминлашга, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилишга қаратилган янги қоидаларнинг акс этаётгани бениҳоя муҳимдир.

Буларнинг барчаси мамлакатда тадбиркорлик, фермерлик билан, умуман, бунёдкорлик билан шуғулланувчи қатлам манфаатларига ҳам тўғридан-тўғри дахлдор, ушбу соҳаларнинг ривожига бевосита таъсир қилувчи омиллардир.

Мазкур интилишлар замирида қандай эзгу мақсадлар кўзланганини яхши англаган ҳар бир тадбиркор, фермер ёки ишбилармон ва инвестор янгиланаётган Конституция ўзи учун, ўз фаолияти учун қанчалик катта аҳамиятга эга эканлигини англаб олиши ва айнан шундай конституция яратиб берадиган имкониятлар шароитида яшаш ва ишлашни хоҳлаши аниқ.

Эркинлик тадбиркорлик ривожининг муҳим кафолати

Шу кунларда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятига бағишланган турли давра суҳбатлари, учрашувлар ва бошқа тадбирлар кўплаб шиорлар қаторида “Биз эркинлик учун овоз берамиз!” шиори остида ҳам ўтказилаётгани бежиз эмас.

Янгиланган Конституция инсон манфаати, инсон ҳуқуқларини, шу жумладан, инсон эркинликларини таъминлашни олий қадрият даражасига олиб чиққанини кўришимиз мумкин. Шундай эркинликлар орасида тадбиркорлик эркинлиги, мулкка эгалик қилишдаги эркинлик каби қатор муҳим ҳуқуқлар Бош қомусда ўз аксини топганлиги муҳимдир.

“Давлат... иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлайди”, “Мулкдорлар ўзига тегишли бўлган мол-мулк­ка ўз хоҳишича эгалик қилади”, “Тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли” ва бошқалар... Мана шундай муҳим нормаларнинг Конституцияда белгиланиши тадбиркорлик эркинлигига қанчалик катта ўрин ажратилаётганини кўрсатади.

Мулкчиликнинг турли шакллари тенг ҳуқуққа эга эканлиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши фуқароларнинг сиёсий эркинликлари билан бир қаторда иқтисодий фаолият эркинлиги ҳам конституцияда мустаҳкамланаётгани, мамлакатда иқтисодиётнинг эркин ривожланиши учун муҳим асос бўлган иқтисодий фаолият эркинлигига кенг шароит яратиб берилаётганини кўрсатади. Ўз навбатида, иқтисодий фаолият ва тадбиркорлик эркинлиги ҳар бир шахснинг ўз иқтидори ва мулкини қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай турдаги тадбиркорлик тури билан шуғулланишга йўналтириши, ерга, ишлаб чиқариш воситаларига, бошқа турдаги мулкларга эгалик қилиши, қўлга киритилган фойдадан эркин фойдаланишини кафолатлайди.

Конституцияда монопол фаолиятнинг қонун билан тартибга солиниши, адолатли рақобат муҳитининг яратилиши борасидаги нормалар ҳам ўз аксини топганини инобатга олсак, тадбиркорлар учун эркин фаолият олиб бориш майдони қанчалик кенгаяётгани ва мус­таҳкамланаётгани аён бўлади.

Буларнинг барчаси янгиланаётган Конс­титуцияда ҳар бир тадбиркор, фермер, ишбилармон ва мулкдор, қўйингки, тадбиркорлик истагида бўлган ҳар бир фуқаро мулкка эгалик, тадбиркорлик фаолиятини эмин-эркин амалга ошириши учун зарур ҳуқуқий-конс­титуциявий асослар аниқ ва пухта белгилаб берилганини намоён этади. Эркин фаолият учун етарли ҳуқуқий асослар яратилган жойда эса тадбиркорлик ҳар томонлама тараққий этади, фуқаролар қобилияти ва салоҳиятини тўлақонли равишда ишга солиш, кўрсатиш имкониятига эга бўлади.

Тадбиркорлик ва жамият: янгиланаётган Конституцияда акс этган манфаатлар уйғунлиги

Бу Конституцияда тадбиркорлар ва фермерлар, ишбилармонлар ва инвесторлар манфаатларини ҳимоя қилувчи асослар анча кучайтирилганини кўриб турибмиз. Юқорида имкон даражасида таҳлил этилган нормалар қабул қилинаётган ҳужжатдан аҳолининг ушбу энг фаол қатлами нимани кутиши мумкин, деган саволга қисман жавоб беради. Лекин саволни бошқачароқ қўйсак-чи, яъни янгиланаётган Конституция тадбиркорларга нима беради эмас, балки мамлакат ва халқ тақдирини, унинг бугуни ва эртасини белгилайдиган қомусда тадбиркорларга қандай ўрин ажратилган? Агар ушбу муҳим ҳужжатни диққат билан ўқисак, унинг тайёрланишида бежиз халқ фикрига таянилмаганига ишонч ҳосил қиламиз. Шу орқали бир томондан унинг халққа, ҳар бир инсон манфаатларига хизмат қилиши таъминланган бўлса, иккинчи томондан мамлакат тараққиётининг янги даври конституцияси умумий мақсадлар сари одимлашда халқнинг барча қатламларини бирлаштириш вазифасини ҳам бажаришига ишонч ортади.

Конституцияда кўзга ташланадиган бундай манфаатлар уйғунлигини тадбиркорлар мисолида кўриб чиқамиз. Хусусан, юқорида таҳлил қилганимиз – конституция лойиҳасидан ўрин олган адолатли рақобат муҳитини шакллантириши масаласини олсак. Қайд этганимиздек, тадбиркорликни ривожлантириш учун сув ва ҳаводек зарур бўлган ушбу муҳит фақат тадбиркорлар учун эмас, балки бутун жамиятнинг фаровонлигини таъминлаш учун ҳам зарур.

Яна бир мисол. Хусусий мулкнинг дахлсизлигини таъминлаш ҳам нафақат тадбиркорларнинг эртанги кунга ишонч билан фаолият юритиши учун, балки Ўзбекистон интилаётган очиқ, кучли фуқаролик жамиятининг барпо этилиши учун ҳам мамлакатда мулкчиликнинг турли шакллари, жумладан, хусусий мулкчиликнинг барқарор ўрин эгаллаши ниҳоятда муҳим.

Албатта, янги таҳрирдаги Конституциядан ўрин олган нормалар мисолида бунга яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Лекин шунинг ўзиёқ тадбиркорлар ва жамият манфаатлари, интилишлари мамлакатимизда қанчалик уйғунлашиб кетгани, тадбиркор учун манфаатли жараёнлар жамият фойдасига ишлашини ҳам кўрсатиб турибди.

Тадбиркорликнинг ривожланиши жамият фаровонлигига, хусусий мулк дахлсизлигининг таъминланиши фуқаролик жамиятининг иқтисодий асослари мустаҳкамланишига бевосита хизмат қилади. Айтиш мумкинки, янгиланаётган Конституция нафақат тадбиркорлар ва фермерлар манфаатлари кўзлаб киритилган нормалар билан диққатга молик, балки ушбу қатлам манфаатларининг бутун жамият манфаатлари, интилишларининг ажралмас бир бўлаги, муҳим таркибий қисми сифатида қаралаётгани билан ҳам эътиборга сазовор.

Демак, Бош қомусимизда тадбиркор ва фермер, ишбилармон ва инвесторга ушбу ҳужжатда берилаётган имкониятларнинг фақат фойдаланувчиси сифатида эмас, балки янги жамиятни барпо қилиш йўлида белгиланган вазифаларни амалга оширишда энг муҳим таянч устунлардан бири сифатида қаралмоқда. Яъни, партиямиз манфаатларини ҳимоя қилаётган ушбу фаол қатлам вакиллари нафақат янгиланаётган Конституциянинг объекти, балки унда белгиланган улуғвор мақсадларни амалга оширишнинг иштирокчиси, муҳим субъектларидан бири сифатидаги роли кўрсатиб ўтиляпти.  Қисқа қилиб айтганда, жамият ўз олдига қўйган мақсадларнинг амалга ошиши тадбиркорликнинг ривожи, гуллаб-яшнаши билан бевосита алоқадор.

Албатта, Конституцияда белгилаб берилаётган ушбу нормалар мазкур қатлам манфаатларини ҳимояловчи O‘zLiDeP олдига ҳам кўпгина долзарб вазифаларни қўяди. Бош қомусимизга киритилаётган ўзгаришлардан бир нарсага амин бўлиш мумкинки, тадбиркорлар, фермерлар, умуман, жамиятдаги яратувчи қатлам бундан кейин ҳам ислоҳотларнинг муваффақиятли боришини таъминловчи локомотивлардан бири бўлиб қолаверади.

Мустақил тараққиётида “Янги Ўзбекис­тон” деб номланувчи янги босқичга кирган мамлакатимизда фаровон юрт, очиқ ва эркин фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг иқтисодий асос­ларини яратишдек муҳим миссияни бажаришга кўмаклашиш партиядан ўз дастурлари, низомий ҳужжатларини ривож­ланишнинг янги палласида ўз электорати олдида турган янги вазифаларга тезлик билан мослаштиришни, ўз фаолиятини ушбу талаб­лар даражасига олиб чиқишни зарурат қилиб қўяди.

Ўйлаймизки, тадбиркорларимиз, фермерларимиз, мулкдорларимиз янгиланаётган Конституция замиридаги ушбу мантиқни тўла англаган ҳолда, ўзларини нафақат Асосий қонун яратиб бераётган имкониятлар фойдаланувчиси, балки унда кўзланган мақсадлар ижодкори сифатида ёндашадилар, ана шу
фикр билан яқинлашиб келаётган референдумда фаол иштирок этадилар.

Барчангизни янгиланаётган Конституция­мизни қўллаб-қувватлаб овоз беришга чақирамиз!

Бахтиёр ЯКУБОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши 

Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари

  • Кўрилди
    615
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+