Таннарх арзон бўлса, уй-жой сотиб олиш осонлашади

11.04.2023, 16:19

Таннарх арзон бўлса, уй-жой сотиб олиш  осонлашади

Ҳаммамиз ҳам бирор том остида яшаймиз: кимдир ўз уйида, кимдир ижара хонадонда. Аммо шу икки шароитдаги инсонларнинг ўйи ҳам, ташвиши ҳам бир-бириникидан мутлақо фарқ қилади. Ижарада турадиган одамнинг ҳоли ўзига аён, ҳали тўловларни деб, ҳали уй эгаси кўчириб юборишидан ҳавотирда яшайди. Ўзига, ўз оиласигагина тегишли уйда умргузаронлик қилаётган оилада эса ҳаловатни ҳис қиласиз. Уйи бор одамнинг оиласида тинчлик, ишида унум бўлади.

Сўнгги йилларда юртимизда аҳолини уй-жой билан таъминлаш, қурилишлар кўламини кенгайтириш бирламчи вазифалардан бўлиб тургани боиси ҳам шунда. Ҳар бир фуқаро ўз уйига эга бўлсин, деган мақсадда арзон уй-жойлар ва кўп квартирали уйлар қуриш кескин жадаллашди, соҳага янги архитектура ва техник ечимларни жорий этиш орқали одамларнинг маиший турмуш шароитларини яхшилаш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда.

Бу борада қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниб, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ёки фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар тўлаш тизимлари йўлга қўйилди.

Агар рақамларга қарайдиган бўлсак, биргина 2020—2022 йиллар давомида жами 27 800 нафар фуқарога бошланғич бадалнинг бир қисмини қоплаш учун 795,6 миллиард сўм ва 38 811 нафар фуқарога фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун 429,4 миллиард сўм субсидия ажратилганини кўрамиз. Шунинг ортидан кўп йиллардан буён ижарама-ижара яшаб, уй-жой олиш ниятида юрган минглаб одамларнинг орзу-истаклари рўёбга чиқди.

Қурилишлар кўлами ҳам талабга яраша кенгайиб боряпти. Охирги олти йилда мамлакатимиз бўйича қарийб 300 мингта ёки аввалги йилларга нисбатан 10 баробар кўп уй-жой қурилди. Албатта, бу жуда катта ютуқ. Аммо шу йиллар давомида мамлакатимиз аҳолиси 5 миллион 500 минг нафарга ўсиб, 36 миллиондан ошгани бу йўналишдаги ишларни давом эттиришни кўрсатмоқда. Қолаверса, уй-жойга бўлган юқори талаб нархлар кўтарилишига ҳам таъсир кўрсатяпти. Натижада нафақат биринчи тўлов, балки олинадиган кредит миқдори ҳам ортмоқда.

Жорий йил 5 апрель куни давлатимиз раҳбари раислигида янги уй-жойлар қурилиши ва 2023 йилги ипотека дастури бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида шундай муаммолар таҳлил қилиниб, узоқ муддатга мўлжалланган аниқ, мақсадли вазифалар белгилаб берилди.

Йиғилишда “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш дастури муҳокама қилинар экан, Андижон ва Хоразмда ер тўғри танлангани, инфратузилма яратилгани натижасида қурилиш жадал кетаётгани айтилди. Бироқ қолган вилоятларда натижалар яхши эмас, ишлар кечикмоқда. Шу сабабдан, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Фарғона ва Тошкент вилояти ҳокимларининг қурилиш бўйича ўринбосарларига нисбатан интизомий чора кўрилди. Мутасаддиларга инфратузилма, қурилиш ва сотув билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишга оид топшириқлар берилди.

Бу йил мамлакатимизда уй-жой қуриш ҳажмини 1,5 баравар ошириб, 90 мингга етказиш режалаштирилган. Бу лойиҳалар ҳар бир вилоят иқтисодий кўрсаткичлари ўсишига катта туртки беради. Шу боис аҳоли ва қурувчилар учун 4 та йўналишда янги енгиллик ва имкониятлар белгилангани ҳам асосий мақсад аҳолини арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлаш эканининг исботидир.

Сайловчиларимиздан уй-жой масаласига оид кўплаб мурожаатлар келади. Уларни ўрганиш асносида ўртача ойлик маош олиб ишлайдиган фуқароларнинг уй олиш учун бошланғич тўловни тўлашга имконияти йўқлиги ёки ипотека кредитини тўлаш учун ойлик маошлари етмаслиги маълум бўлади. Бу эса аҳолини, айниқса, эҳтиёжманд қатлам вакилларини тураржой билан таъминлашда мавжуд имкониятларга таяниб, оқилона ёндашув асосида аниқ манзилли ишлар олиб боришни тақозо этади.

Йиғилишда ушбу масаланинг ҳам аниқ ечими кўрсатилди. Яъни, эндиликда, кўпроқ аҳолини қамраб олиш мақсадида расмий даромади етарли бўлмаган талабгорларга ҳам ипотека кредити олиш имкони яратилади. Уларнинг тўлов қобилиятини аниқлашда банк картасидаги айланма, ижара, коммунал ва бошқа харажатларга тўланган пуллари ҳам ҳисобга олинади. Ортиқча эътирофларсиз айтганда ҳам, бу жуда катта имконият эканини англаш қийин эмас.

Уй-жой нархлари масаласи ҳам бугунги кунда долзарб. Унинг ечими ҳақида ўйлаганда, барибир, қурилиш таннархини пасайтириш кераклигига бориб тақалади. Бунинг учун ёғоч, фанера, ёғочли опалубка ва ойнани импорт қилишда 2025 йилга қадар божхона божи бекор қилинадиган бўлди. Юқори маркали цемент бўйича божхона божи имтиёзи яна 1 йилга узайтирилади. Шуларнинг ҳисобига уй-жой қуриш таннархи 5 фоизгача пасаяди.

Умуман, давлатимизиз раҳбари бошчилигида ушбу йўналишдаги муаммоларнинг самарали ечимини топиш, аҳолига арзон ва сифатли уй-жойлар калитларини топшириш мақсадларига катта маблағлар ажратилмоқда. Энди навбат, белгиланган вазифаларни ўз вақтида, сифатли амалга оширилишига.

Ботирбек ТЎРАЗОДА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    324
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+