Янги Конституция банк тизимини янада ривожлантиради

17.04.2023, 15:59

Янги Конституция банк тизимини янада ривожлантиради

Сўнгги беш-олти йилда Ўзбекистонда кўплаб соҳаларда, хусусан иқтисодиётда ва банк тизимида самарали ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Тобора шиддатли кечаётган замонга мутаносиб равишда мамлакатимиз банк тизими ҳам ўзгариб, янгиланиб бормоқда. Мазкур янгиланишлар замирида соҳанинг ҳуқуқий базаси ва ҳимояланганлиги муҳим аҳамият касб этади. “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасида ҳам банк амалиётлари билан боғлиқ норма ва қоидалар киритилиб, Конституция даражасига кўтарилаётгани унинг муҳофаза даражасини янада оширади, барқарорлигини таъминлайди, фуқароларнинг банкларга бўлган ишончини оширади.

O’zLiDeP Ўрта Чирчиқ туман Кенгаши ва Агробанк Тошкент вилояти ҳудудий филиалидаги партия бошланғич ташкилоти ўзаро ҳамкорлигида мазкур муассасада фаолият юритаётган раҳбар ходимлар ва мутахассислар учун Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар мазмун-моҳиятига бағишлаб ўтказилган тарғибот тадбирида ҳам шу ҳақда сўз борди.

Унда O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси бўлим мудири Бахтиёр Рухитдинов, Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш жамияти ҳуқуқшуноси Донохон Ишанова, партия вилоят ҳамда туман Кенгашлари мутасаддилари, Халқ депутатлари Ўрта Чирчиқ туман Кенгашидаги партия депутати Карим Муродов, Агробанк Тошкент вилояти ҳудудий филиали раҳбар ходимлари ва мутахассислари, партия фаоллари ва аъзолари иштирок этишди.

Тадбирда сўз олганлар янги таҳрирдаги Конституцияга киритилаётган концептуал ўзгартишлар хусусида тўхталаркан, Қонун лойиҳасининг банк тизими фаолиятига оид 41-, 65-, 67-, 150- ва 151-моддалари юзасидан ҳам атрофлича тушунтиришлар бериб ўтишди.  

Конституциянинг янги таҳрирдаги лойиҳасида инсон қадри, унинг манфаатлари ва халқ учун кенг кўламдаги ўзгаришлар ўз аксини топмоқда.

Бу борада сўз олганлар тўхталар экан, янгиланаётган Конституция инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда мамлакатимизни демократик ривожлантириш йўлида энг муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилишини таъкидлашди. Яқинда юртдошларимиз референдумда овоз берадиган ушбу Асосий қонун матнида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари бир қатор илғор нормалар билан кучайтирилаётганини алоҳида эътироф этдилар.

Агробанк Тошкент вилояти ҳудудий филиали ғазна мудираси, “Агробанк Тошкент вилояти ҳудудий филиали” БПТ раиси Гўзал Қўшматова ҳам банк амалиётларининг, омонатларининг ва ҳисобварақларининг сир тутилиши, шунингдек мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланишига доир бўлган конституциявий норма республика банк тизимини янада ривожлантириш ва барқарорлигини оширишга қаратилган бўлиб, республикамиз банк-молия тизимини ислоҳ қилиш ва мустаҳкамлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг мантиқий давоми эканига эътибор қаратди.

Конституцияга киритилаётган мазкур ўзгариш кўрсатилаётган банк хизматлари сифатини янада оширишга, партия электорати бўлган тадбиркорлик субъектлари ва банклар ўртасида тўлақонли ҳамкорлик муносабатлари шаклланишига, аҳоли ва хўжалик субъектларининг банк тизимига ишончли институтционал ҳамкор сифатида қарашларини мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди.  

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши

бўлим мудири

Теглар
референдум
  • Кўрилди
    483
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+