O'zLiDePнинг йирик қуйи бўғинида референдум олди ташвиқот тадбири ташкил қилинди

17.04.2023, 16:00

O'zLiDePнинг йирик қуйи бўғинида референдум олди ташвиқот тадбири ташкил қилинди

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши ташаббуси билан республикамиз рангли металлургия саноатининг етакчиси бўлган Олмалиқ кон металлургия комбинатида “Бу менинг танловим – менинг Конституциям!” шиори остидаги тарғибот тадбири ўтказилди. Умумиллий бойликларимизни ўз бағрига олган кон кенгликларида партиянинг 30 апрельда бўлиб ўтадиган уммухалқ референдумида фаол иштирок этишга чорловчи байроқлари баландларда ҳилпиради.

Фойдали қазилмаларга бой кон бағрида очиқ осмон остида ўтказилган тарғибот тадбирида Қонунчилик палатаси депутатлари, O’zLiDeP фаоллари ва ёшлар вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда сўз олган Ўзбекистон қаҳрамони, меҳнат фахрийси Саидали Рахмонов ўзининг бой ҳаётий тажрибаси ва босиб ўтган машаққатли меҳнат фаолияти хусусида тўхталаркан, бугунги ривожланиш йўлидан дадил илдамлаб бораётган юртимизда кон саноатига кўрсатилаётган эътибор туфайли ишчилар эга бўлаётган имконият ва қулайликларни алоҳида эътироф этди. Янгиланаётган Конституцияда инсоннинг қадр-қиммати оширилиб, инсон давлатга эмас, аксинча, давлатнинг инсон манфааатларига хизмат қилиши мустаҳкамлаб қўйилаётганини алқади. Йиғилганларни эл-юрт тақдирига бефарқ бўлмасдан инсонни улуғлаган янги Қомусни ёқлаб овоз беришга чорлади.

Ковулди кон бошқармаси бош геологияси бошлиғи Сарварбек Абдужалилов ҳам янги таҳрирдаги Конституцияга киритилаётган ўзгартишлар ҳақидаги мулоҳазаларини билдираркан, қўлга киритган барча ютуқлари замирида юртимиздаги тинчлик, инсон қадрини ошириш йўлида олиб борилаётган самарали ислоҳотлар ётганини қайд этди. Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги паспортини мамлакат раҳбари қўлидан олганлигини энг катта ютуғи сифатида баҳолади. Бу инсонпарварликнинг ёрқин намунаси эканини таъкидлади. Тадбирга тўпланганларни юртимизда “инсон – жамият – давлат” тамойилини рўёбга чиқаришни мақсад қилган ҳуқуқий ҳужжат ва кечаётган жараёнларга бефарқ бўлмасдан, бўлиб ўтадиган умумхалқ референдумида фаол қатнашишга даъват этди.

Байрамона руҳда кечган тадбирда элимиз суйган таниқли санъаткорлар ҳам иштирок этишди. Улар томонидан тақдим этилган Ватан, Она юрт, юртимиздаги тинч ва фаровон ҳаёт, ёшлик ва муҳаббатни тараннум этган куй-қўшиқлардан иборат концерт дастури даврага ўзгача шукуҳ ва руҳ бағишлади.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши

бўлим мудири

  • Кўрилди
    1142
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+