Янги Конституция: тараққиётнинг онгли танлови

20.04.2023, 10:53

Янги Конституция: тараққиётнинг онгли танлови

XXI АСРНИНГ ЙИГИРМА УЧИНЧИ ЙИЛИДА ЖАҲОН МАМЛАКАТЛАРИНИНГ 47 ТАСИ АСОСИЙ ҚОНУНИНИ Ё ЯНГИ ТАҲРИРДА ҚАБУЛ ҚИЛГАН ЁКИ СЕЗИЛАРЛИ РАВИШДА ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТГАН.

Бу маълумот билан танишган тафаккурли инсонда дарров оддий савол туғилади: НЕГА? Эҳтиёж шунчалик кучлими?

Аввалги йигирма асрдан фарқли ўлароқ ҳозирги мингйилликнинг шиддати нафақат мавжуд қоидалар, балки инсоннинг дунёқараши, масалалар моҳиятига муносабатини ҳам ўзгартириши лозимлиги билан боғлиқ қатъий талаблар қўймоқда. Табиийки, бундай пайтларда ҳуқуқий асос ларни такомиллаштириш биринчи ўринга кўтарилади.

Мамлакатимизда бугун ана шундай қизғин жараён кечмоқда. Алоҳида таъкидлаш жоизки, Бош қомусимизни янги таҳрирда тайёрлашга барча сиёсий кучлар ўзининг партиявий вазифалари, дастурий мақсадлари орқали ёндашган ҳолда муносиб ҳисса қўшишди. Мисол тариқасида O‘zLiDeP давлатнинг бозор муносабатларини ривожлантириш, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, ҳалол рақобат учун тенг шарт-шароитлар яратиш борасидаги мажбуриятларини аниқ белгилаш позициясида қаттиқ турганини айтиш жоиз. Шунингдек, тадбиркорлар ўз фаолият йўналишини мустақил танлашга ҳақлилиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланишини кафолатлаш таклифлари илгари сурилди.

Конституцияга киритилаётган 3 та янги бобдан бири – Оила, болалар ва ёшларга бағишлангани эътиборга молик экандигини яна бир таъкидлашни истардик. Чунки юртимиз аҳолисининг салмоқли қисмини навқирон авлод вакиллари ташкил этаётганини инобатга оладиган бўлсак, бу каби долзарб ва жиддий ўзгартиришлар давр талабидан келиб чиқиб киритилганини теранроқ англаймиз.

Шу ўринда референдумга чиқарилаётган лойиҳанинг 76-моддасидаги қўшимчага алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бу ерда никоҳ халқнинг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши кўрсатилмоқда. Мазкур норма шуни англатадики, никоҳ тузилишида Ўзбекистонда яшаётган барча фуқароларнинг миллати ва динидан қатъи назар, анъанавий оилавий қадриятлари ҳурмат қилинади. Оила кодексида аниқ-тиниқ ёзиб қўйилганидек, никоҳ фақат аёл ва эркак ўртасида тузилади. Энг муҳими, аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилиги ҳамда тенг ҳуқуқлилиги талаб этилади. Халқнинг анъанавий оилавий қадриятлари, деганда эса гап фақат Конституция, қонунлар, жумладан, Оила кодексига зид келмайдиган урф-одатлар ҳақида кетмоқда. Ушбу масалани барчамиз тўғри талқин қилишимиз лозим.

Жамият ва давлат ҳаётида хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигини, шунингдек, аёлларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг муҳим йўналишларидан биридир. Халқ фаровонлиги, юрт тинчлиги ҳамда иқтисодий барқарорликда эркак ва аёлнинг бир хил ҳуқуққа эгалиги таянч устунлардан эканини эътиборга олсак, гендер тенгликни таъминлаш вазифасининг давлат зиммасига юклатилиши барқарор ривожланишнинг зарур талаби эканлиги ойдинлашади.

Оила жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланиб, ҳаётнинг абадийлигини, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган муқаддас маскан. Келажак авлод қандай инсон бўлиб вояга етиши оилавий муҳитга бевосита боғлиқ. Бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир.

Шу боис янгиланган Конституцияда оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши белгиланмоқда. Давлат ва жамият болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, халқнинг бой маданий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилади.

Болаларни тўғри тарбиялашда бирламчи вазифа ота-она ҳамда уларнинг ўрнини босувчи шахслар зиммасига юкланади. Болани тарбиялаш ҳуқуқи устувор жиҳатдан унинг ота-онасига тегишли ҳуқуқ ва мажбурият саналади. Шу сабабли Конституцияда болаларга ғамхўрлик қилиш ва тарбиялаш борасида ота-онанинг бирдай тенг ҳуқуқли ва масъул эканлиги ҳам белгиланди. Маълумки, болалар тарбияси ва уларнинг камоли давлат учун долзарб йўналиш ҳисобланади. Чунки болалар юртнинг келажаги, миллатнинг ва давлатнинг таянчидир.

Давлат болаларнинг ривожланиши, уларда маънавий қадриятлар шаклланишига оид зарур чора-тадбирларни кўришини ҳам зиммасига олиши лозим. Қолаверса, бола учун ҳар қандай шарт-шароитлар яратиб берилган тарбия масканидан кўра оиласида, ота-она бағрида камол топиш устувор эканлиги ҳам конституциявий қоида сифатида белгиланди.

Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбурияти этиб қатъий белгилангани катта аҳамиятга эгадир. Оилаларнинг барқарорлиги, ота-она ва болалар ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳурмат ва ғамхўрликни таъминлаш, давлатнинг етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга нисбатан масъулиятни ўз зиммасига олиши каби қоидаларнинг Асосий қонунда белгиланиши жамият ривожида муҳим ўрин тутади.

Хулосани ҳам тезкор замоннинг ўзига хос талабидан келиб чиқиб ясамоқ мақсадга мувофиқ. Жаҳонда юзага келаётган тури ва шакли бисёр тенденцияларга муносиб жавоб қайтариш, маънавий илдизларимизга болта урадиган турли таҳдидлар олдида эсанкираб қолмаслик учун ҳам ИНСОН ҚАДРИ олий ўринга қўйилган ҳолда акс этувчи янгиланаётган Конс титуцияни қабул қилишимиз керак. Тараққиётни танлаганларнинг онгли танлови шундай бўлади. Чунки у менинг, сизнинг, ҳаммамизнинг эртанги тақдиримизни белгилаб беради.

Мавлуда ХЎЖАЕВА,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари,

 Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    447
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+