Инсон қадридан баланд бойлик йўқ

20.04.2023, 11:02

Инсон қадридан баланд бойлик йўқ

ВАТАНИМИЗ КОНСТИТУЦИЯСИ 1992 ЙИЛДА ҚАБУЛ ҚИЛИНГАНИДАН БУЁН УНГА 16 МАРТА ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИЛГАН. АММО ТАРТИБ БЎЙИЧА ЎН ЕТТИНЧИ САНАЛГАН ҲОЗИРГИ ЯНГИЛАНИШ УЛАРДАН КЕСКИН ФАРҚ ҚИЛАДИ.

Хўш, шунчалик яққол кўзга ташланадиган қайси жиҳатлар бу, деган савол туғилиши табиий.

Аввалги ўзгартишларнинг деярли барчаси давлат қурилиши ва бошқарувига, хусусан, парламент ва Президент фаолиятига, ҳукумат ишлари ва сайлов тизимига тааллуқли бўлган. Янги Ўзбекистон Конституциясига таклиф этилган қўшимчаларнинг ярмидан кўпи эса инсон қадрини улуғлаш ва унинг ҳуқуқларини таъминлаш, эркин яшашини кафолатлаш билан бевосита боғлиқлиги билан ажралиб туради.

Айни шу устуворликнинг долзарб аҳамиятини рақамлар мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, юқоридаги фикр янада кучлироқ ўз тасдиғини топиши аниқ: халқимизнинг хоҳиш-истаклари негизида Конституциядаги моддалар сони 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошган, матни 65 фоизга янгиланган бўлса, ана шу ўзгартиришларнинг 45 фоиздан ортиғи ижтимоий-иқтисодий соҳаларга алоқадор нормалар эканлиги диққатга сазовор. Яъни бугунги ислоҳот маъмурий буйруқбозлик ва эскича бошқарув усулларидан бутунлай воз кечиб, инсон манфаатларини олий ўринга қўйиш га хизмат қиладиган яхлит тизимни яратишга қаратилган.

Энди мамлакат фуқаролари давлатнинг турли тузилмаларидан қўрқиб ёки амалдорларнинг раъйи га қараб эмас, аксинча, фақат қонунларга итоат этиб, жамиятда белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий амал қилиб яшайдиган даврга қадам қўйилаётганини сезиш қийин эмас. Инчунун, қатор қонунларда акс этган инсон ҳуқуқларига оид меъёрлар тўғридан-тўғри Конституциянинг ўзида мустаҳкамланишидан кўзланган асосий мақсад ҳам шундан иборат.

Янгиланаётган Бош қомусимиз матнининг мухтасар лингвистик таҳлили ҳам эзгу интилишларнинг далили ўлароқ ёруғ таассурот уйғотади, назаримда. Мисол учун, янгиланаётган Асосий қонунда “инсон” сўзи неча марта қўлланган деб ўйлайсиз? Эринмасангиз, сиз ҳам санаб кўринг. Бу сўз амалдаги Бош қомусдагидан 20 маротаба кўп ишлатилган. Модомики, инсон қадри нақадар юксаклигини аниқ ифодалаш учун шунга кучли эҳтиёж туғилган. Бундан ташқари, “халқ” сўзи 43 тадан 70 тага, яъни икки баробардан ошиққа кўпайган. Амалдаги Конституцияда атиги бир марта ишлатилган “ёшлар” сўзи 6, “аёл”, “хотин-қизлар” сўзлари 3, “давлат шарт-шароит яратади” жумласи 10 (ҳозиргида йўқ), “қайғуради” сўзи 6 маротаба қўлланган. “Ногиронлиги бор шахс”, “аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифалари”, “интеллектуал мулк”, “инклюзив таълим” деган сўз бирикмалари эса илк бор қўшилган.

Оддий статитистика бўлиб кўринган рақамлар аслида Янги Ўзбекистонда фикрлар хилма-хиллиги ҳурмат қилиниши, очиқлик муҳитида эркин яшаш учун давлат томонидан шарт-шароит яратилишини ва кафолатланишини англатади. Шу билан бирга, бош муддао – одамларни бир-биридан ажратувчи ғоялардан, бузғунчи иллатлардан йироқ бўлган, ягона халқнинг нурли келажагини яратишга қодир жамиятни қуришдир.

Комил инсонда Ватан битта бўлади. У ҳам бўлса – киндик қони тўкилган, ўзи ва яқинлари тинч яшаб, бемалол фаолият юритаётган муқаддас заминдир. Конституция эса олий юридик кучга эга ҳужжат сифатида ҳуқуқ ва мажбуриятларимиз ифодаланган олтин китобдир.

Референдумга чиқарилаётган Асосий қонун лойиҳасида Ўзбекистон прагматик сиёсат юритишига оид амалий нормалар мавжуд. Юртимизни барча соҳаларда, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш, саноат, қишлоқ хўжалигида минтақанинг ядросига айлантириш бўйича саъйҳаракатлар мужассам.

Конституция миллати, тили, дини, ирқи, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, барча фуқароларнинг муштарак манфаат ва мақсадларини ифода этадиган, ҳар бир шахс ўзи ва фарзандларининг келажагини шу заминда кўриши ва қуриши учун етарли бўлган иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий шарт-шароитларни шакллантиришга асосланган ҳужжатга айланаётганидан нечоғли ғурурлансак, бу ифтихорни бошқаларга қанчалик кўп юқтирсак шунча кам.

Мамлакатимизда етакчи сиёсий куч саналган O‘zLiDeP вакили сифатида эртанги тақдиримизга бевосита тааллуқли бўлган янги нормаларнинг қабул қилиниши ва ҳаётга жорий этилишида давлат ташкилотлари қаторида партиямиз электорати саналган тадбиркорлик субъектлари ҳам масъул эканини алоҳида таъкидлашни истардим. Чунки Конституция фақат давлат органлари ёхуд давлат хизматчилари эмас, балки ҳаммамизга дахлдор олий ҳужжатдир.

Ота макон ягона, дунёда бошқа Ўзбекистон йўқ! Шу ерда туғилганларнинг оғиру енгилида, яхши ва ёмон кунида ҳам Ватан туради. Бу туп роқда беназир аждодларимизнинг мўътабар хоки ётибди. Қизиғи шундаки, истиқболли лойиҳалар, долзарб янгиликларни қора бўёқларда, негатив фонда кўраётганлар, мантиқсиз машҳурликка эришишга ҳаракат қилаётган айрим популистлар янгиланаётган Конституция вақти келиб уларнинг ҳам манфаатларини ҳимоя қилишини кечроқ бўлса-да, тушунишидан умидворман.

Ҳар қандай жараённи ёқловчи ёки инкор этувчилар ҳамиша бўлган. Боиси, азалдан ҳаётнинг ўзи шундай яралган. Жамиятнинг пойдеворида турфа фикрлар туради. Лекин юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, Ватан тараққиётининг ҳуқуқий негизи такомиллаштирилаётган пайтда барча бирлашиши даркор. Зотан, Конституция – меники, сеники! Конституция – ўзимизники! Бу ҚОМУСнинг четдан туриб “ундай ёзилиши керак”, “бундай белгиланиши лозим” дегувчиларга умуман алоқаси йўқ.

Илҳом БОТИРОВ,

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят кенгаши

раисининг биринчи ўринбосари

  • Кўрилди
    388
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+