Тадбиркорлик фаолияти кафолатланяпти

20.04.2023, 11:09

Тадбиркорлик фаолияти кафолатланяпти

Мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворига тамал тоши қўйилаётган бугунги кунда турли ёшдаги ва касбдаги ҳамюртларимизнинг бутун диққат-эътибори юртимизда кечаётган навбатдаги муҳим сиёсий жараён – янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси лойиҳаси бўйича ўтказиладиган референдумга қаратилганлиги бежиз эмас.

Ушбу лойиҳанинг умумхалқ муҳокамаси давомида ҳамюртларимиздан уларнинг хоҳиш-иродаси билдирилган 220 мингдан ортиқ ўринли таклиф ва қўшимчалар илгари сурилгани эса Ўзбекистондаги турли миллат ва элат вакиллари ўзлари умргузаронлик қилаётган бепоён Ватан, унинг бугунги ва эртанги кунига бефарқ эмасликларини, зотан, мамлакат ривожи ва истиқболи ҳамюртларимиз ва улар фарзандларининг манфаатлари ва ҳимояси билан муштарак эканлигини кўрсатиб турибди.

Кейинги йилларда, масалан, мен туғилиб ўсган Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида қандай қувонарли туб ўзгаришлар рўй берган бўлса, барчасида, ҳеч шубҳасиз, маҳаллий тадбиркорларнинг муносиб ҳиссаси бор. Қонун лойиҳаси муҳокамаси даврида улар томонидан билдирилган ёки дил тубида анчадан бери ташвишга солиб келаётган қатор таклиф ва мулоҳазалар янгиланаётган Конституция нормаларида, бир қатор боб, бўлим ва моддаларда ўз аксини топаётганидан улар бугун ниҳоятда мамнун. Сабаби эса аён, барча соҳалар ва тармоқлар қатори юртимизда эндиликда кичик ва ўрта бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик вакилларининг ҳам йўллари ойдин, бугуни ва эртаси порлоқ, юзи ёруғдир. Бахтимиз қомуси шарофати уларнинг ярқираган пешонасида толе офтоби янглиғ нурланиб турибди.

Дарҳақиқат, қонун лойиҳасида давлатнинг бозор муносабатларини ривожлантириш, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, ҳалол рақобат учун зарур шарт-шароитлар яратиши бўйича мажбуриятлар белгиланган. Шу тариқа барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги, тадбиркорларнинг қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни мустақил танлаши ва амалга оширишга ҳақли эканлиги кафолатланяпти. Мол-мулк, уй-жой дахлсизлиги масаласининг Бош қомусимизда белгиланаётгани тадбиркорлар учун айни муддаодир. Чунки мол-мулк дахлсизлигининг юксак даражада кафолатланиши ишбилармонлик ва инвестициявий фаолликни рағбатлантиради.

Ўйлайманки, умумхалқ референдумида фаол иштирок этиб, ўз фуқаролик позициямизни намоён этишимиз, бу бизга янада улкан масъулият юклайди.

Комилжон РЎЗИЕВ,

Осиё-Океания Кураш Конфедерацияси президенти,

хусусий тадбиркор, O’zLiDeP фаоли

  • Кўрилди
    518
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+