Шахсга доир маълумотлар ҳимояланади

20.04.2023, 11:23

Шахсга доир маълумотлар ҳимояланади

“ИНСОН – ЖАМИЯТ – ДАВЛАТ” ДЕГАН ЁНДАШУВНИ КОНСТИТУЦИЯМИЗНИНГ МАЗМУНИГА ЧУҚУР СИНГДИРИБ, ҲАЁТИМИЗДА БОШ ҚАДРИЯТГА АЙЛАНТИРИШ ШАХСНИНГ ҚАДР-ҚИММАТИ, ШАЪНИ ВА ҒУРУРИНИ БАРЧА СОҲАЛАРДА БИРИНЧИ ЎРИНДА ТУРИШИНИ ТАЪМИНЛАШИ БИЛАН ЭЪТИБОРЛИДИР.

Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар деб номланган VII бобнинг 31-моддасида “Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга”лиги белгилаб берилган.

Инсон туғилганидан бошлаб ҳаёти давомида ўзидан “из” қолдиради. Масалан, давлат хизматларидан фойдаланганда, ФҲДЁ бўлимларида, шифохона, боғча, мактаб, банк ва бошқа ташкилотларда, ижтимоий тармоқдаги саҳифаси ёки ахборот базаларида фото, видео, аудио, ёзма ёки электрон шаклдаги маълумотлари сақланади. Уларни, айниқса, рақамлаштириш шароитида ҳимоя қилишга эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Чунки ўзгаларга тегишли шахсий маълумотлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари ҳам кўп учрамоқда.

Янгиланаётган Конституция бўйича давлат шахсга доир маълумотларнинг ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Хусусан, давлат шахснинг ўз шахсий ҳаётига аралашувдан ҳимоя қилинишини, шахсга доир маълумотларнинг яхлитлигини ва бут сақланишини, махфийлигига риоя этилишини, қонунга хилоф равишда ишлов берилишининг олди олинишини таъминлаши лозим.

2019 йили қабул қилинган “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга кўра, шахсга доир маълумотлардан фойдаланишга рухсат олган шахслар ушбу маълумот эгасининг розилигисиз унга доир маълумотларни учинчи шахсларга ошкор этмаслиги ва тарқатмаслиги шарт. Шунингдек, шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик мавжуд.

Конституцияга фуқаронинг ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмаган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб этиш ҳуқуқини кафолатловчи янги қоида киритилмоқда. Хорижий мамлакатларда “унутилишга бўлган ҳуқуқ” (right to be forgotten) деган ном билан аталадиган ушбу норма Сингапур, Япония каби давлатлар конституцияларида ҳам белгилаб қўйилган. Бош қомусимизда бундай мазмундаги қоиданинг акс этиши фуқароларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлигини, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни таъминлашда муҳим кафолат бўлиб хизмат қилади.

Санжарбек ДАДАБОЕВ,

Ёшлар парламенти аъзоси

  • Кўрилди
    963
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+