Мирзаобод тажрибаси: меҳр берсанг томорқа – катта даромад манбаи

20.04.2023, 14:23

Мирзаобод тажрибаси: меҳр берсанг томорқа – катта даромад манбаи

Томорқа ризқ-рўз, даромад манбаи. Бандлик, тўкинлик ва арзончиликни таъминлашнинг самарали йўли. Дастурхон файзу баракаси, турмуш фаровонлиги, юрт ободлиги ундан. Фақатгина айни экиш мавсумида фурсатни бой бермай, унинг кафтдек қисмини ҳам бўш қолдирмасдан, унумли фойдаланилса кифоя.

Кишида меҳнатга иштиёқ, ҳавас бўлса, албатта, мақсадига эришади. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов бошчилигида Мирзаобод тумани “Янги йўл” МФЙда томорқадан самарали фойдаланиш, деҳқончиликда машҳур ушбу туман  тажрибасини оммалаштириш мақсадида “Кафтдек томорқа – катта даромад манбаи” мавзусида семинар ташкил этилди.

Семинар аввалида Актам Хаитов конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва унда ёшларга оид қатор нормалар ўз аксини топаётганини алоҳида эътироф этди. Янгиланган конституциямизнинг референдум орқали қабул қилинишини қанчалик аҳамиятли экани, умумхалқ муҳокамаси ҳар томонлама мукаммал ташкил этилгани, парламент палаталари йиғилишларида ҳужжат очиқ ва ошкора муҳокамалардан ўтказилганини таъкидлади.

Қолаверса, бугунги кунда томорқаларда амалга оширилаётган деҳқончилик юмушлари, парваришланаётган кўчатлар ривожланиши, уларга ишлов бериш ва зараркунандаларга қарши курашиш ишлари ҳамда кластер тизимининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш ва ушбу тизим жорий этилишининг афзалликлари ҳақида маълумотлар берилди.

“Янги йўл” МФЙ Янги замин кўчасида истиқомат қилувчи Асомиддин Норқулов 20 сотих томорқасида саримсоқпиёз, кўкатлар, помидор, бодринг, картошка, мевали ва манзарали дарахтлар етиштиради. Қарийб 10 йиллик тажрибага эга бу миришкор маҳсулотларини ички бозорда сотади. Даромади ҳам шунга яраша. Намунали томорқачи давра суҳбатида ўз тажрибасини ўртоқлашди. Унинг хонадонида бўлган тадбир иштирокчилари излаган имкон топишига, ҳаракат қилган асло кам бўлмаслигига амин бўлишди. Мўъжазгина ҳовлидаги манзарали дарахтлар мафтункор чиройи билан ҳаммани ўзига жалб этди.

Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади. Бу тамойил бугунги кунда мирзаободлик миришкорларнинг ҳам шиорига айланиб улгурган, десак муболаға бўлмайди. Томорқадан унумли фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган тадбир доирасида саримсоқпиёз етиштириш бўйича ҳам батафсил маълумот берилди.

Юртдошларимиз кафтдек томорқа – катта даромад манбаи эканига ўтказилган тадбирлар давомида яна бир бор амин бўлиб, баҳорги юмушларни бугундан кечиктирмай, томорқаларни тартибга келтириш, ўғитлаш ва мевали ҳамда манзарали дарахтлар ўтқазишга аҳд қилишди.

Элёр ЖЎРАЕВ,

O‘zLiDeP Сирдарё вилоят кенгаши

бўлим мудири

  • Кўрилди
    832
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+