Партия етакчиси Зафарободда корхона ишчи-ходимлари билан мулоқотда бўлди

20.04.2023, 14:33

Партия етакчиси Зафарободда корхона ишчи-ходимлари билан мулоқотда бўлди

O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида бўлиб, тадбиркорлик субъектларида меҳнат қилаётган хотин-қизлар билан бўлажак референдум ҳамда янгиланаётган Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар хусусида мулоқот қилдилар.

Зафаробод туманидаги мулоқотлар сўнгги йилларда қишлоқларга кириб келган ислоҳотлар самараси – “CHELEBI TEXTILE” тикув фабрикасидан бошланди. Мазкур фабрикада бугунги кунда уч сменада иш ташкил қилинган бўлиб, 300 нафардан ортиқ хотин-қизлар бандлиги таъминланган. Тайёрланаётган маҳсулотлар асосан хорижга экспорт қилинмоқда.

Бу ерда бўлиб ўтган суҳбат чоғида, фабрика ишчи ва ходимларига конституциявий қоидалар замирида мустақиллигимизни асраб-авайлаш ва янада мустаҳкамлаш, келажак авлодларга озод ва эркин Ватан қолдириш, халқ манфаатлари кўзланган ислоҳотлар йўлидан ортга қайтмаслик, қонун ва адолат устуворлиги, инсонга эътибор ва ғамхўрлик каби муҳим қадриятлар мужассамлиги, улар давлатчиликнинг тамал тошлари сифатида мустаҳкамланаётгани айтиб ўтилди.

Партия етакчисининг сўзларини диққат билан эшитган, фабрика қизларининг баланд овозда “Конституция меники, конституция сеники, конституция бизники, Конституция ўзимизники”, деб жўр бўлиб такрорлашгани барчага ўзгача завқ бағишлади.

Кейинги мулоқот манзили – тумандаги “Бирлик” маҳалла фуқаролар йиғини бўлди. Айни пайтда Зафарободда  умумий 354 гектар майдонда жами 5391 та томорқачи фаолият олиб бормоқда. “Бир маҳалла – Бир маҳсулот” тамойилига асосан мазкур маҳалла томорқачилари кўпроқ картошкачиликка ихтисослашган. Шундай томорқачилардан бири – Изатой Маллаева хонадонида бўлиб ўтган мулоқот чоғида ҳам бўлажак референдум  ва янгиланаётган конституциянинг мазмун-моҳияти тўғрисида маълумотлар бериб ўтилди.  Партия етакчиси таъкидлаб ўтганидек, Янгиланаган Конституциямизда миллий иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш, мамлакатда инвестициявий муҳитни яхшилаш ҳамда мулк ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган нормалар киритилди.

Жумладан, нафақат банк омонатлари, балки банк амалиётлари ва ҳисобварақларнинг ҳам сир тутилиши кафолатланмоқда.

Солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги ўрнатилмоқда. Самимий руҳда ўтган мулоқот чоғида йиғилганларни қизиқтирган кўплаб саволларга батафсил жавоблар қайтарилди.

Ўз ўрнида зафарободликлар ҳам юртимиз, элимиз ҳаётида муҳим ўрин тутувчи бу сиёсий жараёнга бефарқ эмасликларини, 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумда Янгиланган Конституциявий қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаб овоз беришларини билдириб ўтдилар.

O`zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

  • Кўрилди
    653
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+