Янгиланаётган Конституция – иқтисодий тараққиётимиз кафолати
25.04.2023, 17:16

Мамлакатимизда кейинги йилларда барча соҳалар қатори иқтисодий жабҳада ҳам изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида иқтисодиёт эркинлашиб, хусусий мулк эгалари кўпайиб бормоқда.
Хусусан, валютанинг эркин айланмаси жорий қилингани, банк тизими ва пул муомаласининг эркинлаштирилгани, солиқ юки кескин камайтирилиб, хусусий бизнеснинг қонун ҳимоясида бўлишидек ишончли тизим яратилгани бозор иқтисодиётининг ривожига кенг йўл очиб берди.
Ўзбекистон ҳудудида иқтисодий макон бирлиги ҳамда бозор иқтисодиётининг асосий тамойилларидан бири бўлган эркин рақобат асосида товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг ҳеч қандай тўсиқларсиз ҳаракатланиши янгиланаётган Конституцияда кафолатлаб қўйилаётгани шубҳасиз, мамлакат иқтисодий салоҳияти ва сармоявий жозибадорлигини янада оширади.
Зеро, эркин бозор иқтисодиётида давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки, конституциявий вазифа ва функциялари аниқ белгилаб қўйилиши муҳим аҳамиятга эга. Мазкур кафолат турли даражадаги мансабдорлар томонидан товарлар, меҳнат ресурслари, капиталнинг эркин ҳаракатланишини чекловчи, иқтисодиётни тартибга солувчи таркибий қисмлар — нарх, талаб, таклиф ва рақобатга таъсир қиладиган қарорлар қабул қилинишининг олдини олади.
Мамлакатда иқтисодий макон бирлиги ҳудудлараро ижтимоий-иқтисодий муносабатлар ва ўзаро интеграцияни фаоллаштириб, барча иқтисодий ресурслардан иқтисодий қонунларга мувофиқ оптимал фойдаланилишини таъминлайди. Энг муҳими, тадбиркор олган фойдасини эркин тасарруф этиш, сармоясини истаган ҳудудда янги бозорларни ўзлаштириш, истиқболли лойиҳаларга йўналтириш имкониятига эга бўлади.
Умуман олганда, янгиланаётган Конституцияда ўз аксини топаётган нормалар шу вақтгача тадбиркорларни қийнаб келаётган талай муаммолар ҳал қилинишига, яратилаётган янги имкониятлар орқали мамлакатимизда тадбиркорликни янги босқичга олиб чиқилишига хизмат қилади. Аҳоли кенг қатламларининг тадбиркорликка бўлган интилишларини рағбатлантиради, ишбилармонликка оид ғоя ва ташаббусларнинг мамлакат бўйлаб кенг ёйилишига турки бўлади.
Ботир МАРДАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Ўхшаш янгиликлар
-
Инсон қадри, ижтимоий ҳимояси — устувор мақсад
29.09.2023, 15:42
-
“Ёшлар дафтари”: Янги имкониятлар ва комплекс ёндашув
28.09.2023, 16:37
-
Беш ташаббус олимпиадаси — ёшларни бирлаштиришда муҳим омил
28.09.2023, 16:24
-
Жаҳон савдо ташкилоти: имкониятлар эшиги очилмоқда
28.09.2023, 14:41
-
Энди маҳалла бошқарувига солиқчи ва ижтимоий хизмат ходими ҳам қўшилиб, “маҳалла еттилиги” бўлади
27.09.2023, 09:56
Фикрингизни қолдиринг