Шу Ватан, шу юрт бизники, демак, Конституция ҳам ўзимизники!

27.04.2023, 14:59

Шу Ватан, шу юрт бизники, демак, Конституция ҳам ўзимизники!

Қарши шаҳридаги М. Тошмуҳамедов номидаги вилоят мусиқали драма театри майдонида O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши ташаббуси билан “Бу менинг танловим – бу менинг Конституциям” шиори остида Бош қомусимизга киритилаётган ўзгартишлар бўйича бўлиб ўтадиган референдум тарғиботи юзасидан навбатдаги эвент тадбири  бўлиб ўтди.

Тадбирда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов сўзга чиқиб, сўнгги олти йил давомида тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонларга қулай шароит яратиш мақсадида муҳим қонунлар, давлатимиз раҳбарининг қатор фармон ва қарорлари қабул қилингани, бу нормалар эндиликда Конституциямизда мустаҳкамланаётганини таъкидлади. Янгиланаётган Бош қомусимиз бугунги кунда халқимизни қийнаб келаётган қатор муаммоларнинг мақбул ечими учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратиши баробарида киритилаётган ўзгартишлар ва иқтисодиётимизнинг ҳаракатга келтирувчи асосий куч бўлган тадбиркорликнинг ривожланиши, мамлакатимизда товарлар, хизматлар, ишчи кучи ва молиявий маблағлар эркин ҳаракатланиши, давлат ички ва халқаро савдо ривожланиши учун барча шароитларни яратади. 

Тадбирда сўзга чиққанлар умумхалқ референдумининг мазмун-моҳияти, мамлакат Конституциясини такомиллаштириш юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни янги сифат даражасига кўтариш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш орқали бандликни таъминлаш, инсон қадрини юксалтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли экани, унинг негизида Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотлар моҳиятини белгиловчи “Инсон қадри учун” улуғвор ғояси ётгани, асосий мақсад инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини сезиларли даражада кучайтириш, конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлар доирасини кенгайтиришдан иборат эканини эътироф этишди. Шунингдек янгиланаётган Асосий қонуннинг мамлакатимиз фуқаролари ҳаётидаги ўрни, хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган эътибор ҳақида батафсил фикр юритишди.

– Давлат ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олиш, соғлиғини сақлаш, уй-жой, ишга жойлашиш, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароит яратиш бўйича мажбурият олмоқда, – дейди Қарши давлат университети талабаси Зарина Норбоева. – Бу нормалар, нафақат биз ёшлар манфаати, балки бутун жамиятимиз ва мамлакатимизнинг фаровон тақдири учун муҳимдир. Бундан ташқари, янгиланаётган Конституциямизда олий таълимда академик эркинлик берилиши, танлов асосида давлат ҳисобидан бепул олий маълумот олиниши, нодавлат таълим ташкилотлари қўллаб-қувватланиши тўғрисидаги қоидалар ёш авлод ҳаётини яхшилаш, орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, замонавий мутахассисликларни эгаллаган ҳолда ҳаётда ўз ўрнини топиши учун имконият яратади.

– Янги таҳрирдаги қомусимизда миллий иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш, мамлакатда инвестициявий муҳитни яхшилаш ҳамда мулк ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган нормалар киритилмоқда, – дейди Яккабоғ туманидаги “Ситора имкон плюс” нодавлат муассасаси раҳбари, депутат Наргиза Саломова. – Жумладан, нафақат банк омонатлари, балки банк операциялари ва ҳисобварақларнинг ҳам сир тутилиши кафолатланаётир. Солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслигининг  ўрнатилиши биз тадбиркорлар учун катта имконият эшикларини очади.

Давлат томонидан қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитининг таъминланиши инвесторлар ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ўз мулкининг дахлсизлигига ишонган тадбиркор янги-янги марралар сари интилаверади.

Конституциямизнинг 65-моддасида мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, хусусий мулк дахлсизлиги қонуний мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Анжуман иштирокчилари барчани халқимизнинг нурли истиқболи, барқарор иқтисодий тараққиётимиз, эл бахти ва фаровонлиги кафолати бўлган тарихий ҳужжатга бефарқ бўлмасдан, 30 апрелда бўлиб ўтадиган референдумда фаол иштирок этишга чорлади.

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    660
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+