Ўзбекистон – Германия: икки томонлама муносабатлар барча йўналишларда жадал ривожланиб бормоқда

03.05.2023, 14:05

Ўзбекистон – Германия:  икки томонлама муносабатлар барча йўналишларда жадал ривожланиб бормоқда

Сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Германия ўртасида икки томонлама муносабатлар фаол ривожланиб бораяпти. Буни икки мамлакат ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми сўнгги 5 йил ичида икки баравар ошганлигида кўриш мумкин. 2022 йил якунига кўра, икки томонлама савдо кўрсаткичлари яна 50 фоизга кўпайди ва биринчи марта 1 миллиард евродан ошди.

Сармоявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясида ҳам изчил динамика кузатилмоқда. Ўзбекистонда Германия капитали иштирокида ташкил этилган корхоналар сони бир неча йил ичида қарийб 3 баробар кўпайиб, 200 тадан ошди. 2017 йилдан бери ўзлаштирилган немис инвестицияларининг умумий миқдори 11 баробар ўсган ва бугунги кунда 4 миллиард евродан ортиқни ташкил этмоқда.

Германиянинг MAN, CLAAS, Knauf, GP Papenburg, Viessmann, Deutsche Kabel, LEMKEN каби кўплаб компаниялари Ўзбекистонда фаол ва муваффақиятли бизнес юритиб, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширмоқда.

Берлин шаҳрида 2 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федератив Республикасига ташрифи арафасида бўлиб ўтган Ўзбекистон – Германия бизнес-форуми ҳам ушбу  фикрларимизни яққол тасдиғидир.

Унда икки мамлакатнинг 250 дан ортиқ йирик компания, холдинг, саноат корхоналари, банклари, вазирликлари, идоралари ва саноат бирлашмалари раҳбарлари иштирок этди.

Форумда Германия ишбилармон доираларининг эътибори мамлакатимизда хорижий инвесторларнинг қулай меҳнат қилиши учун яратилган шарт-шароитлар, Ўзбекистон иқтисодиётининг кучли томонларига қаратилди. Энергетика, кимё, озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати, металлургия, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, электротехника, шунингдек, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш соҳалари узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишнинг энг истиқболли йўналишлари сифатида таклиф этилди.

Германия бизнеси вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар самарасини, жумладан, мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун қулай меҳнат шароитлари яратилганини юқори баҳолади. Ҳамкорликни ошириш, янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга қатъий ниятлари борлиги билдирилди.

Бизнес-форум Ўзбекистон ва Германия вазирлик, идоралари, етакчи компаниялари раҳбарлари ўртасида “G2B” музокаралари ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқлари кесимидаги аниқ мисоллар ва лойиҳалар тақдимоти билан давом этди.

Умуман олганда бизнес-форум якунлари бўйича қатор соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилгани икки томонлама муносабатларнинг янги босқичини бошлаб беради.

Барно Мирзамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    658
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+