Янги Конституциядаги талай нормалар асосий электоратимиз манфаатларини ифодаламоқда

03.05.2023, 18:28

Янги Конституциядаги талай нормалар асосий электоратимиз манфаатларини ифодаламоқда

Уч кун аввал бўлиб ўтган референдумда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонун 1 майдан кучга кирди. Бошқача ифодалаганда, мамлакатимиз ривожланишнинг янги тарихий тараққиёт босқичига кўтарилмоқда. Таъкидлаш зарурки, эндиликда қонунлар ва қонуности ҳужжатлари нормалари янги таҳридаги Конституцияга зид бўлса, судлар конституцияга қараб қарор қабул қилади. Бу халқимиз ҳаётидаги жуда улкан ижобий ўзгаришдир.

Янгиланган  Асосий қонун халқимизни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш, фаровонликни ошириш, фуқаролар ҳуқуқи ва манфаати муҳофазасини янада мустаҳкамлаш учун мустаҳкам асос яратади, узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини ишончли кафолатлайди.  Мазкур фундаментал ҳужжат халқимизнинг демократик танлови асосида изчил ривожланишни таъминлайди, юртдошларимизда эртанги кунга ишончни мустаҳкамлайди.

Президентимиз Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асарида: “Янги Ўзбекистонни ҳалол меҳнат қилиб муваффақиятга эришишни орзу қиладиган, тадбиркорлик орқали ўзи ва оиласи фаровонлигини таъминлашга интиладиган, Ватани ва халқига сидқидилдан хизмат қилишни истайдиган барча фуқаролар учун кенг имкониятлар мамлакатига айлантиришимиз шарт ва зарур” дея қайд этганди. Давлатимиз раҳбарининг ушбу эзгу истаги, даъвати янги Конституцияда ўз ифодасини топди.

Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади” деган норма 67-моддасидан ўрин олди. Бу қоиданинг жорий этилиши натижасида Ўзбекистондаги барча ишлаб чиқарувчи ва тадбиркорлар учун мамлакат ҳудуди ягона иқтисодий маконга айланади. Бундан буён товар ва хизматларнинг республикада ҳеч қандай тўсиқларсиз ҳаракатланиши давлат томонидан кафолатланади. Шу билан бирга, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағлар ҳаракатланишида тўсиқлар бўлмаслиги тўғрисидаги мажбуриятни ҳам давлат ўз зиммасига оляпти. Республикамиз ҳудудида молиявий маблағлар эркин ҳаракатланиши нафақат ҳудудлар бўйлаб тўсиқсиз тўловлар ва ўтказмаларни амалга ошириш имконини, балки вилоятлар ўртасида кўчмас мулк ҳамда корхона акцияларини сотиб олиш, шу билан бирга, минтақаларнинг салоҳиятидан келиб чиқиб, турли инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга имкон яратиляпти. Албатта, бу ўзгаришлар тадбиркорларимиз учун айни муддаодир. Пул ва капитал бозорларини янада эркинлаштириш ҳисобига молия бозоридаги турли соҳалар ривожланишига эришилади. Валюта бозорини либераллаштириш, киритилган инвестициялар бўйича фойдани қайтариш кафолатини таъминлайди. Шулар баробарида давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан хомашё, товарлар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши ва реализация қилинишини ноқонуний чеклашнинг олдини олишга, тадбиркорлик субъектининг қайсидир ҳудудда солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтишини талаб қилишга барҳам берилишига ҳамда меҳнат ресурсларининг эркин ҳаракатига замин яратади. Жўнроқ  айтадиган бўлсак, ҳеч ким тадбиркор ва фермерлар маҳсулотини бир вилоятдан бошқа вилоятга олиб ўтишига, сотишига тўсқинлик қилолмайди.

Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Асосий қонунимизда мулк дахлсизлиги ва у билан боғлиқ ҳуқуқларнинг таъминланиши давлат томонидан кафолатланиши, мулкий ҳуқуқларни чеклаш фақат суд қарори асосида бўлиши мустаҳкамланяпти. Бу иқтисодиёт барқарор ўсиши, фаровон ҳаётимиз таянчи ҳисобланган тадбиркор ва ишбилармонларнинг эркин фаолияти учун мустаҳкам ҳуқуқий кафолатни таъминлайди. Бу эса, ўз навбатида, тадбиркорларнинг эркин ва самарали фаолият юритиши, бизнес муҳитини яхшилаш, ички ва ташқи савдо ривожланиши, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш орқали бандлигини таъминлашга хизмат қилади.

Қисқаси, янги таҳрирдаги Конституциядаги кўплаб нормалар O'zLiDeP асосий электоратининг хоҳишини ёрқин ифода этмоқда.

Мамлакатимиз раҳбари “...Инсон манфаатлари ва яна бир бор инсон манфаатлари – иқтисодий ислоҳотларимизнинг ўзак масаласидир” дея таъкидлаганди. Ана шу муҳим ғоя Асосий қонунимизга ҳам кўчди. Бош қомусда белгиланган иқтисодий йўналишдаги ўзгаришларнинг моҳияти шундаки, халқчил давлатни бунёд этишнинг энг муҳим шарти бўлган ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатлари таъминланишига эришилмоқда. Янгиланган Конституцияда “Инсон — жамият — давлат”, “Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат” тамойилларини мустаҳкамлаш, иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлашга бош мезон сифатида қаралмоқда. Такомиллашган Асосий қонунда аҳолининг барча қатламлари сингари хусусий сектор вакиллари учун ҳам ниҳоятда зарур бўлган янги жамият, янги ижтимоий муҳит асослари белгиланган.

Ушбу фундаментал ҳужжат Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш, Бош қомусимиз янгиланишида фаол иштирок этган халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос, ишончли кафолат бўлади.

Беҳзод Исроилов,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

мафкуравий ишлар бўлими ходими

  • Кўрилди
    756
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+