Янги таҳрирдаги меҳнат кодекси кучга кирди

04.05.2023, 10:56

Янги таҳрирдаги меҳнат кодекси кучга кирди

Унда меҳнат муносабатлари соҳасида қандай янгиликлар бор?

Меҳнат муносабатларини тартибга солувчи ҳужжатда аёлларнинг ҳам меҳнат ҳуқуқларини таъминловчи, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кафолатловчи қатор нормалар киритилган. Жумладан, аёлларга оид масала кодекснинг 30 та моддасида келтириб ўтилган бўлиб, “аёл” ва “аёллар” жумлалари 64 маротаба ишлатилган.

Сўнгги йилларда жамиятимизда амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар натижасида мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлиги ортиб боряпти. Иқтисодиётимизга янги тармоқ ва йўналишлар кириб келди. Янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилиб, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Иш берувчилар сони кескин ошди, меҳнат муносабатларига нисбатан янгича ёндашувлар юзага келди. Ҳатто жисмоний шахсларга ҳам иш берувчи мақоми берилди.

Меҳнат соҳасидаги қонунчиликнинг мақсади — ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларини, улар билан бевосита боғлиқ бўлган якка меҳнат ва ижтимоий муносабатларда мувозанат ва мувофиқликни таъминлаш асосида тартибга солишдан иборат. Ушбу фаолият билан боғлиқ барча муносабатларни Меҳнат кодекси тартибга солади. Шу маънода, Президентимиз ўтган йил 28 октябрда имзолаган “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”- ги қонун бу борада ўз ечимини кутаётган долзарб вазифалар ечимини топишда муҳим дастуруламал бўлди.

Айтиш жоизки, 1995 йилда қабул қилинган аввалги Меҳнат кодекси ҳозирги замон талабларига мос келмай қолган эди. Илгариги ҳужжатда фуқароларни меҳнатга жалб қилишнинг янги шакллари назарда тутилмаган. Шу боис, кейинги йилларда мамлакатимизда меҳнат муносабатларига оид миллий қонунчиликни такомиллаштиришга, меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилди. Соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга қаратилган қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Халқимиз томонидан қизғин қўллабқувватланган янги таҳрирдаги Конституциямизга ҳам фуқароларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларини муносиб ҳимоя қилишга қаратилган янги нормалар киритилди. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши, ҳомиладорлик ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши шулар жумласидан.

Давлат фуқаролар бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши, фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ва қайта тайёрланишини ташкил этиши ва рағбатлантириши каби муҳим нормалар Конституциямизда акс этаётгани барча ишчиходимларни қувонтирмоқда.

Қолаверса, янги таҳрирдаги Бош қонунимизнинг 45-моддасида ёлланиб ишловчиларга дам олиш ҳуқуқи иш вақтининг давомийлигини, дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларини, ҳақ тўланадиган ҳар йилги меҳнат таътилини белгилаш орқали таъминланиши каби янги норма киритилган. Бу ҳам ёлланиб ишлаётган кўплаб фуқароларимизни ўйлантираётган масаланинг Конституция даражасидаги ечими бўлди.

Яна бир муҳим масала. Бош қонунимизнинг 42-моддасида ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилди. Бу ҳам янги Меҳнат кодекси нормаларига бевосита уйғунлиги билан аҳамиятли.

Кейинги йилларда ҳаётимизга кўплаб янги меҳнат муносабатлари кириб келди. Жумладан, ўзини ўзи банд қилиш, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” тизими йўлга қўйилди. Пандемия шароитида масофавий иш усули жорий қилинди. Буларнинг барчаси меҳнат бозорида одамларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнат муҳофазасини кучайтириш бўйича янги ислоҳотларни амалга оширишни тақозо этди.

Шу боис, ўтган даврда мазкур соҳага оид “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Касаба уюшмалари тўғрисида”- ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги ҳамда “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги каби қатор қонунлар қабул қилинди. Шу билан бирга, мазкур ҳужжатларда иш берувчининг меҳнатни муҳофаза қилишга доир мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш, меҳнат муносабатларида вакиллик органи (касаба уюшмаларининг) ролини, жамоатчилик назоратининг ўрни ва аҳамиятини оширишга оид нормаларни соҳадаги асосий ҳужжат — Меҳнат кодексида акс эттириш зарурати юзага келган эди.

Аввалги меҳнат кодексида якка тартибдаги меҳнат ва у билан боғлиқ муносабатларни ҳар томонлама тартибга солишнинг тизимли ёндашуви белгиланмаган эди. Қолаверса, юқорида келтириб ўтганимиздек, пандемия шароитида масофадан ишлаш тизимига ўтишга тўғри келди. Бунинг қулайлик тарафларини ҳаммамиз кўрдик. Лекин аввалги кодексда бундай меҳнат шароитлари ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмаган.

Шунингдек, аввалги кодексдаги айрим қоидалар Ўзбекистон ратификация қилган баъзи халқаро шартномаларга ҳам мос эмас эди. Масалан, Халқаро меҳнат ташкилотининг 1930 йилдаги Мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-сонли конвенциясидаги мажбурий меҳнатни тартибга солиш билан боғлиқ нормалар, 1970 йилдаги Ҳақ тўланадиган таътиллар тўғрисидаги 132-сонли конвенциясидаги меҳнат таътили бўйича қоидаларини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Шундан келиб чиқиб, жорий йилнинг 30 апрелида расман кучга кирган янги Меҳнат кодекси бугунги кун талаблари асосида янгиланиб, унда фуқароларимизнинг меҳнатга доир ҳуқуқларини таъминлаш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланди.

Айтиш жоизки, янги Меҳнат кодекси аввалги кодексдан ҳажм жиҳатдан 2,5 баробар катта бўлиб, унга амалиётда тўғридан-тўғри ишлайдиган кўплаб янги нормалар киритилди. Кодекс лойиҳаси Қонунчилик палатасида муҳокама қилиниши жараёнида кўплаб муҳим масалалар эътиборга олинди.

Бу борадаги ишлар фақат депутатлар ёки давлат органлари масъуллари билан эмас, балки жамоатчилик, нодавлат нотижорат ташкилотлар, касаба уюшмалари вакиллари, олимлар, экспертлар иштирокида амалга оширилди. Иш берувчилар, хусусий сектор вакилларининг таклифлари ҳам инобатга олинди.

Масалан, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси биринчи бўлимининг биринчи бобида меҳнат қонунчилигининг мақсади ва вазифалари ҳамда амал қилиш доираси белгиланди. Аввалги Меҳнат кодексида меҳнат қонунчилигининг амал қилиш доираси аниқ кўрсатилмаган эди. Ушбу масалани ҳал қилиш меҳнат қонунчилигининг бошқа тегишли ҳуқуқ соҳалари билан юзага келиши мумкин бўлган зиддиятларни бартараф этишга ёрдам беради.

Ишдан бўшатиш нафақасини иш берувчида ишлаган иш стажига қараб дифференциаллашган миқдори белгиланмоқда. Яъни аввалги Меҳнат кодекси иш берувчида 20 йил ишлаган ва қисқа муддат ишлаган ходимнинг меҳнат шартномаси бекор қилинганда бир хил миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси тўланишини назарда тутади. Масаланинг бундай ечимини адолатли, деб бўлмайди. Бу хорижий тажриба ва халқаро меҳнат стандартларига мос эмас. Шундан келиб чиқиб, ҳужжатда ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори иш берувчидаги иш стажига боғлиқ бўлиши белгиланган бўлиб, унга асосан, ходимларнинг иш стажига қараб ишдан бўшатиш нафақаси ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан икки юз фоизигача тўланиши қатъий белгилаб қўйилмоқда.

Кодексда акс этган яна бир муҳим янгилик, битта ташкилотда кўп йиллик иш стажи учун қўшимча таътил бериш тартиби жорий этилганидир. Дунёнинг аксарият мамлакатларида меҳнат таътили давомийлиги ходимнинг маълум бир ташкилотдаги иш стажидан келиб чиқиб ўрнатилиши белгиланган. Янги кодекснинг 220-моддасида қўшимча таътил ходимнинг битта ташкилотда ёки тармоқдаги тўлиқ ҳар 5 йиллик иш стажи учун 2 кунга, лекин жами 8 кундан ортиқ бўлмаган муддатга кўпайтирилди.

Қолаверса, иш берувчи томонидан хизмат текширувларини ўтказиш ва ишдан четлаштириш жараёни тартибга солинмоқда. Ушбу механизм меҳнат шартномаси тарафлари ўртасида интизомий жазо чораларини қўллашнинг қонунийлиги масаласида юзага келиши мумкин бўлган низоларни камайтиришга ёрдам беради.

Янги кодексда ўртача иш ҳақи миқдорини аниқлашнинг ягона тартиби ҳам ўрнатилди. Бу орқали ўртача иш ҳақини ҳисоблаш тизими соддалашади, соҳада юзага келаётган хатоларни бартараф этишга эришилади. Ҳужжатда иш берувчининг иш ҳақини кечиктириш учун жавобгарлиги кечиктирилган ҳар бир кун учун қайта молиялаш ставкасининг 10 фоизи миқдорида белгиланаётгани ҳам айни муддао бўлди. Бу ходимларга ўз вақтида ҳақ тўланишини таъминлайди.

Янги кодексда иш берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига ҳам янада аниқлик киритилди. Жумладан, 24-моддада иш берувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга экани белгилаб берилди. Яъни бошқа қонунларда назарда тутилган тартибда ва шартлар асосида ходимлар билан меҳнат шартномаларини тузиш, ўзгартириш ҳамда бекор қилиш, жамоа музокаралари ташаббуси билан чиқиш ва жамоа шартномаларини тузиш.

Ходимларни улар томонидан ҳам иш берувчига бевосита етказилган, ҳам бошқа шахсларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш натижасида иш берувчида юзага келган тўғридан-тўғри ҳақиқий зарар учун моддий жавобгарликка тортиш, ички ҳужжатларни қабул қилиш белгиланди. Бундан ташқари, яна бир янги норма — ўз манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш мақсадида иш берувчилар бирлашмаларини ташкил этиш ҳамда уларга аъзо бўлиш ҳуқуқи таъминланди.

Аввалги Меҳнат кодексида иш берувчи корхонани бошқариш ва ўз ваколатлари доирасида мустақил қарорлар қабул қилиш, қонунчиликка мувофиқ якка тартибдаги меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш, меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган ишни лозим даражада бажаришни ходимдан талаб қилиш ҳамда ўз манфаатларини ҳимоялаш учун бошқа иш берувчилар билан бирга жамоат бирлашмалари тузиш ва бундай бирлашмаларга аъзо бўлиш ҳуқуқи кўрсатилган эди. Янги таҳрирда эса уларнинг сафи кенгайтирилиб, янада деталлаштирилди.

Шунинг баробарида, янги кодексда ижтимoий вa ҳуқуқий ҳимoяга муҳтoж ишчилaрнинг aйрим тoифaлaри — aёллaр вa oилaвий мaжбуриятлaрни бaжaриш билaн шуғуллaнaдигaн шaxслaр, 18 ёшгa тўлмaгaн ишчилaр, нoгирoнлaр, ўриндошлик асосида ишловчилар, яккa тaртибдaги тaдбиркoрлaр мeҳнaтини тaртибгa сoлишнинг ўзигa xoс xусусиятлaри ҳам акс этди.

Меҳнат муносабатларини тартибга солувчи ҳужжатда аёлларнинг ҳам меҳнат ҳуқуқларини таъминловчи, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кафолатловчи қатор нормалар киритилган. Жумладан, аёлларга оид масала кодекснинг 30 та моддасида келтириб ўтилган бўлиб, “аёл” ва “аёллар” жумлалари 64 маротаба ишлатилган.

Халқаро меҳнат ташкилотининг “Бир хил қийматдаги меҳнат учун эркаклар ва аёлларни тенг рағбатлантириш тўғрисида”ги 100-сон конвенциясига мувофиқ, кодекснинг 244-моддасида тенг қийматли меҳнат учун эркаклар ва аёлларга тенг миқдорда ҳақ тўланишини таъминлаш лозимлиги белгилаб қўйилмоқда.

Шунингдек, кодексда ҳомиладор аёлларни йиллик меҳнат таътилидан чақириб олишга йўл қўйилмаслиги, болани парваришлаш таътилидан фойдаланаётган ходимга йиллик меҳнат таътили, унинг хоҳишига кўра, болани парваришлаш таътилидан олдин ёхуд ундан кейин берилиши каби имкониятлар яратиляпти.

“Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун 2022 йил 28 октябрда имзоланган эди. Ўшандан буён Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар ходимлари, олимлар, мутахассислар ва жамоатчилик вакиллари аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб борди. Биргина Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзолари томонидан мазкур давр давомида 120 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилиб, кодекснинг мазмун-моҳияти, ундаги янгиликларни иш берувчилар, меҳнат соҳаси вакиллари ва кенг жамоатчиликка тушунтириш ишлари олиб борилди. Бу жараён ҳозир ҳам давом этмоқда.

Умуман олганда, ушбу ҳужжатда белгиланган вазифалар фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ташкилотларда юзага келаётган муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади. Унинг ҳаётга самарали татбиқ этилишини таъминлаш эса парламент зиммасига катта масъулият юклайди. Демак, кодексдаги янги нормаларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, тарғиб қилишда замонавий усул ва услублардан самарали фойдаланишимиз зарур.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, янги Меҳнат кодекси ходимлар меҳнат ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш билан бирга, иш танлаш, адолатли ва хавфсиз меҳнат шароитларида ишлаш, ишсизликдан ҳимояланишда давлат кафолатини таъминлаш имконини беради. Қолаверса, иш берувчиларнинг кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш ва самарали меҳнат жараёнини ташкил этиш соҳасидаги ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлашга, ижтимоий шерикликни рағбатлантириш ва ривожлантиришга хизмат қилади.

Мавлуда ХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

 Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    717
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+