Ўзбекистон - Германия муносабатлари янада юқори босқичга кўтарилмоқда

05.05.2023, 10:54

Ўзбекистон - Германия муносабатлари янада юқори босқичга кўтарилмоқда

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Германия ҳамкорлиги изчил ривожланиб бормоқда. Мамлакатларимиз ўртасидаги  ҳамкорлик  кўп қиррали хусусияга эга бўлиб,  савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технологик соҳаларни  қамраб олади. Хавфсизлик, инсон ҳуқуқлари ҳимояси,  атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, фан ва таълим,  маданий алоқаларни кенгайтириш ва туризм соҳасида алмашинув каби  соҳаларда  самарали ҳамкорлик қилиб келинмоқда. 

Германия Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасида  дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч  ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ташқи сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда, барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш,  Афғонистонда  тинчлик ўрнатиш жараёнига кўмаклашиш, шу мақсадда  транспорт ва энергетика соҳаларида минтақавий инфратузилмаларни илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатлари юксак қадрлайди.

 Хусусан, сўнгги йилларда давлатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ва қўшма лойиҳалар сони икки баробар ошди. Иқтисодиётимизда Германия инвестициялари ҳажми 5,5 миллиард еврони ташкил этмоқда, шундан 4 миллиард евро охирги бир неча йилда жалб қилинган.

Президент Шавкат Мирзиёев Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг таклифига биноан жорий йил 2-3 май кунлари ушбу мамлакатга уюштирган ташрифи давлатларимиз ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга қўшимча туртки бўлди, деб ўйлаймиз.

Учрашув чоғида Президентлар Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик мисли кўрилмаган суръатда ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар. Фаол сиёсий, гуманитар ва ишбилармонлик мулоқотлари давом этмоқда. Етакчилар савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технологик ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини кўриб чиқдилар, амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олдилар. Хусусан, Германиянинг минтақадаги ўзаро боғлиқлик лойиҳаларини, шу жумладан, Евроиттифоқнинг “Глобал дарвоза” ташаббуси доирасида қўллаб-қувватлашга тайёрлиги таъкидланди.

Томонлар минтақада Афғонистондаги вазиятни инобатга олган ҳолда хавфсизликни таъминлаш, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашиш борасидаги шерикликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини билдирдилар. Афғон халқига манзилли гуманитар ёрдам кўрсатиш, бунда чегараолди Термиз шаҳрида яратилган замонавий инфратузилма имкониятларидан ҳам фойдаланиш муҳимлиги қайд этилди.

Ташриф доирасида иқтисодиёт, савдо, молия, таълим, фан ва инновация соҳаларида 16 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланди. Алоҳида таъкидлаш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёев Германиянинг етакчи компаниялари ва молиявий институтлари раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Германия томонидан тадбирда Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси, Германия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши, Германия энергетика агентлиги, “CLAAS”, “Knauf”, “Siemens Energy”, “Lasselsberger”, “Aurubis”, “Linde Group”, “Gunter Papenburg”, “Falk-Porsche-Technik”, “Mangold Consulting”, “DB Engineering”, “Landesbank”, “Commerzbank”, “KfW Bank”, “Deutsche Bank” каби ўттизга яқин энг йирик компания ва банклар раҳбарлари қатнашди.

Юртимизда германиялик ҳамкорлар иштирокида умумий қиймати 5 миллиард евродан зиёд 60 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилмоқда. Охирги йилларнинг ўзида Германия инвестициялари ҳажми 4 миллиард еврони ташкил қилди, қўшма корхоналар сони икки баробарга кўпайди. Ўзбекистонда “CLAAS”, “Knauf”, “Gunter Papenburg”, “Linde Group” ва “Falk-Porsche-Technik” каби Германия иқтисодиётининг “локомотивлари” муваффақиятли иш олиб бормоқда.

Бизнингча, эришилган келишувлар ва истиқболга мўлжалланган режаларни  амалга оширишда айнан ишбилармон доиралар  асосий ролни  ўйнаши лозим.

Ўзбекистон-Германия бизнес форуми доирасида саноат кооперациясини ривожлантириш ва технологик шерикликни кенгайтириш бўйича 9 миллиард евролик янги савдо, молия ва инвестиция битимлари имзоланди. “Яшил” энергетика, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, металлургия, сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги, кимё, тоғ-кон, автомобиль, тўқимачилик, электротехника саноати ва бошқа йўналишлардаги катта лойиҳалар шулар жумласидандир. Банк-молия соҳасида, шу жумладан Германиянинг “Deutsche Bank”, “Commerzbank”, “KfW” ва “Landesbank” каби энг йирик банклари билан лойиҳаларни молиялаштириш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилган.

Шу орқали Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётидаги кенг кўламли ва жиддий тебранишлар шароитида Германия бизнеси учун самарали ва ишончли макон бўлишга тайёрлиги таъкидланди.

Ўз навбатида қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг янги Конституциясига мувофиқ, хусусий мулк дахлсизлиги кафолатлари кучайтирилди, давлат ҳалол рақобат ва суд тизими мустақиллиги учун шароит яратишига оид қоидалар аниқ мустаҳкамлаб қўйилди.

Умуман олганда, бўлиб ўтган ташриф якунлари икки томонлама муносабатларнинг сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилганидан далолат бўлиб, томонларнинг ўзаро ҳурмат ва бир-бириларининг манфаатларини  ҳисобга олиш тамойиллари асосида ўзаро манфаатли ҳамкорликка бўлган интилиши унинг  ўзига хос хусусиятидир.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    768
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+