Бир нуроний ўн нафар ёшга масъул

05.05.2023, 11:52

Бир нуроний ўн нафар ёшга масъул

Айни кунларда жойларда жорий йил 11 апрель куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Эътиборли томони, мазкур саъй-ҳаракатларда O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши ҳузуридаги Фахрийлар Кенгаши аъзолари ҳам фаол иштирок этмоқдалар. 119 нафар бой ҳаётий ва сиёсий тажрибага эга маслакдошларимиз барча туманларда ёшлар билан ташкил этилаётган тадбир ва учрашувларда, семинарларда йигит – қизлар билан яқиндан мулоқот қилмоқдалар. Уларни касб-ҳунарга йўналтириш, ўзлари танлаган соҳаларда иқтидорларини намоён қилишлари учун йўл-йўриқ кўрсатиш билан бирга, амалий кўмак ҳам бермоқдалар.

Айни пайтда фахрийларимиз барча туманларда “Бир нуроний ўн нафар ёшга масъул” тамойилига кўра “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари аъзолари билан биргаликда ҳар бир маҳалладаги ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлашни, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини, жумладан, спорт ва китобхонлик билан шуғулланишлари учун шарт-шароитлар яратиб бериш ишларини ўз назоратларига олдилар.

Шунингдек, вилоятнинг барча таълим масканларида ҳамкор ташкилот вакиллари билан биргаликда ташкил этилаётган “Жаҳолатга қарши маърифат билан” деб номланган маънавий-маърифий тадбирларда ҳам фахрийларимиз фаол иштирок этмоқдалар.

Ю.Ражабий номидаги Жиззах мусиқали драма театрида бўлиб ўтган ана шундай тадбирларда Фахрийлар Кенгаши аъзолари – Ғайрат Бекмуродов,  Малика Араловалар иштирок этиб, маънавият ходимлари билан ҳамкорлик юзасидан ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдириб ўтдилар. Зомин, Шароф Рашидов ва бошқа туманларда ушбу мавзуда бўлиб ўтган тадбирларда ҳам фахрийларимиз ўз фаолликлари билан алоҳида ажралиб туришди.

Эътиборли томони, фахрийларимиз ёшлар билан ўтказилаётган учрашув ва мулоқотларда йигит-қизлар томонидан кўтарилаётган муаммоли масалаларни партиявий воситалар билан бартараф этишга ҳаракат қилмоқдалар. Ёшлар томонидан қилинаётган ҳар бир мурожаат, ҳар бир таклиф фахрийларимиз назоратига олинмоқда.

Холбек Асатов,

O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

Сиёсий таълим ва депутатлик

гуруҳлари билан ишлаш бўлими мудири

  • Кўрилди
    832
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+