Туризм — мамлакатимиз иқтисодиётининг эртанги куни

10.05.2023, 10:34

Туризм — мамлакатимиз иқтисодиётининг эртанги куни

Мамлакатимиз туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга бўла туриб, узоқ йиллар бу имкониятдан тўлиқ фойдаланилмади. Туризм ривожи учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилмади, ҳамма ўз билганича фаолият юритиб келди.

Кейинги йилларда ушбу соҳага эътибор ҳам, муносабат ҳам, тубдан ўзгарди. Туризмни ривожлантиришга қаратилган қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида туризм миллий иқтисодиётнинг “ўсиш нуқталаридан” бирига айланди.

Ушбу соҳага бу даражада катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки бу соҳа аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини оширишда муҳим ўрин тутади. Яъни туризм орқали топилган даромаднинг 30 фоизи одамларга иш ҳақи сифатида берилади, саноатда ва бошқа тармоқларда бу 10 фоиздан ошмайди.

Энг қадимги тамаддун ва маданиятлар чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон туризм жозибадорлиги жиҳатидан дунёдаги саноқли давлатлардан бири бўлиб, мамлакатимизда 7 мингдан зиёд нодир тарихий ёдгорлик ва улуғвор ҳамда бетакрор архитектура намуналари мавжуд.

Диёримизда жонли табиати, мусаффо ҳавоси, бир-биридан гўзал манзаралари билан сайёҳларни ўзига тортадиган масканлар кўп. Илгари сайёҳлар юртимизга асосан қадимий обидалар, хусусан, Самарқанд, Бухорога боришга қизиқиш билдирган бўлса, ҳозир мамлакатимизнинг янгиланиб бораётган замонавий қиёфасини томоша қилиш мақсадида келаётган хорижликлар сони ортиб бораётир.

Агар рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2022 йилда Ўзбекистонга келган чет эллик сайёҳлар сони деярли 2 баробар ошган. 2017 йилда улар сони 2,7 миллионни ташкил этган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 5,2 миллионга етгани кейинги йилларда соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар натижасидир.

Қувонарлиси, илгари асосий эътибор хорижлик сайёҳларни тарихий шаҳарларимизга жалб қилишга қаратилган бўлса, ҳозир ички туризмни ривожлантириш масаласи ҳам муҳим вазифа сифатида кун тартибидан ўрин олган. Бу орқали фуқароларимиз оила аъзолари билан юртимиздаги тарихий обидаларни зиёрат қилаётир.

Бугунги кунда туризмни жадал ривожлантириш борасидаги ишлар янги кўлам касб этди. Президентимизнинг жорий йил 26 апрелдаги “Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эса ўз вақтида қабул қилингани билан аҳамиятлидир.

Хорижий сайёҳларни жалб этишда қулай транспорт хизмати, хусусан, авиақатновлар мунтазамлигини таъминлаш, арзон, сифатли ва хавфсиз хизмат кўрсатилишига эришиш жуда муҳим. Шу боис, ушбу ҳужжатга мувофиқ, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси Маданият ва туризм вазирлиги билан биргаликда 2023 йил Давлат бюджети параметрларида автомобиль йўлларини қуриш-таъмирлаш ишлари учун кўзда тутилган маблағлар доирасида туризм ва маданий мерос объектларига олиб борувчи автомобиль йўлларини таъмирлаш ишлари амалга оширади.

Вазирлик бир ҳафта муддатда “Самарқанд” халқаро аэропортида жорий этилган “Очиқ осмон” режими доирасида хорижий авиакомпаниялар учун рейслар ва йўналишларга бўлган чекловларни олиб ташлайди ҳамда “бешинчи ҳаво эркинлиги”ни қўллаб, шунингдек, хорижий давлатларнинг авиация маъмуриятлари, чет эл авиаташувчиларини бу ҳақда белгиланган тартибда хабардор қилади.

Шу билан бирга, 2023 йил 1 майдан “Uzbekistan Airports” АЖ билан биргаликда Фарғона, Наманган ёки Андижондан Бухоро, Самарқанд, Термиз, Урганчга, шунингдек, Термиз– Нукус, Самарқанд – Урганч, Бухоро – Урганч, Фарғона – Урганч каби йўналишлар бўйича мунтазам авиарейсларни йўлга қўйилади.

Тошкентдан Нукус, Урганч, Бухоро, Қарши ва Самарқандга авиақатновларни йўлга қўйиб, амалдагидан икки бараваргача арзон тарифларни жорий этади. Янги ташкил этилган резидент авиакомпанияларга хорижий йўналишларда парвозларни амалга ошириш учун квоталарнинг ажратилишини таъминлайди.

Мазкур ҳужжат билан ногиронлиги бўлган шахслар учун республика бўйлаб саёҳатлар ташкил этиш мақсадида “Саёҳат барча учун!” лойиҳаси амалга оширилиши ҳам эътиборга моликдир. Зеро, ушбу лойиҳа доирасида 500 нафар ногиронлиги бўлган шахслар саёҳати ташкил қилиниб, дастлабки босқичда Хоразм, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида 100 нафар сурдо-гидларни тайёрлаш бўйича дастур ишлаб чиқилади.

Умуман олганда, ушбу ҳужжат Республиканинг туризм салоҳиятидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, биринчи навбатда транспорт-логистика ва туризм инфратузилмасидаги муаммоларни тезкор ҳал этишга хизмат қилади. Туризм соҳасининг салоҳиятини бундай юксалиши, шубҳасиз, халқимиз фаровонлигини янада ошишига замин яратади.

Мухтор ИБРАГИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси

  • Кўрилди
    561
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+