Муддатидан илгари сайлов: Бу борадаги халқаро тажриба қандай?

11.05.2023, 15:19

Муддатидан илгари сайлов: Бу борадаги халқаро тажриба қандай?

Май ойи бошлари ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда тарихий воқеаларга бой бўлди. Бу, биринчи навбатда, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси бўйича ўтказилган умуммиллий референдум якунларига тааллуқлидир. Аниқроғи, фуқароларнинг 90,2 фоизи уни ёқлаб, 9,35 фоизи унга қарши овоз беришди. Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, “Ушбу тарихий танлов орқали халқимиз бундан олти йил олдин бошлаган ислоҳотларимизга катта ишонч билан қараб, уларни тўла қўллаб-қувватлашини яна бир бор намоён этди” ва Ўзбекистон янада барқарор ривожланиши учун мустаҳкам замин яратди. Референдум якунлари янгиланган Конституция моҳиятан халқчил ва орзу-интилишлар ифодаси эканини яққол кўрсатди.

Миллий ва хорижий кузатувчилар томонидан эътироф этилган референдум, бизнингча, келажак учун мандат бўлади ва бундан буён Ўзбекистоннинг “инсон – жамият – давлат” деган янги тизим асосида ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайт маслигининг далилига айланади. Дунё таж рибаси шуни кўрсатдики, Конституцияга ўзгартиш ва тузатишлар киритилиши конс титуциявий ҳуқуқий институтларни сезиларли даражада қайта ташкил этиш ва мамлакат конституциявий тараққиётининг янгича андозасининг шаклланишига олиб келади. Дарҳақиқат, янгиланган Конституция ўзига хос концептуал хусусиятга эга бўлиб, у муайян ҳаракатлар дастурини ўзида акс эттирувчи ва шахс призмаси орқали ижтимоий-сиёсий ҳаётни тартибга солувчи, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминловчи ва инсон қадрини юксалтирувчи қонун-қоидалар қабул қилишга муҳтождир.

Шу тариқа янгиланган Конституция Президент, парламент ва ҳукумат олдига янги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий вазифаларни қўяди. Янги таҳрирдаги Конституцияга киритилган нормалар Ўзбекистон халқи учун шу қадар муҳимки, улар тез ва сўзсиз амалга оширилишни талаб этади.

Айни пайтда бундай ёндашув турли даражадаги навбатдан ташқари сайловлар ўтказилган дунёнинг бошқа мамлакатларига ҳам хос хусусиятдир. Хусусан, АҚШнинг Виржиния университети ҳуқуқ факультети тадқиқотчилари сўнгги пайтларда турли давлатларда 60 та ана шу турдаги ҳолатларни қайд этганлар. Уларнинг 60 фоиздан ортиғи Бош қомусга киритилган ўзгартиришлар билан боғлиқ. Масалан, Италия Республикаси депутатлар палатасига 1992–2008 йилларда уч марта муддатидан олдин сайловлар тайинланган, яъни ҳар иккинчи сайлов муддатидан илгари ўтказилган.

Вакиллар палатасини муддатидан аввал тарқатиш муҳим сиёсий восита бўлган Японияда 1993–2009 йилларда депутатлар сайлови олти марта ўтказилган бўлса, улардан тўрттаси муддатидан илгари бўлиб ўтган. 2018 йилда қабул қилинган Хитой Халқ Республикаси Конституциясининг 45-моддасига киритилган ўзгартиш лар давлат раҳбарини кетма-кет икки муддат сайлаш чекловини бекор қилди. Натижада 2022 йилда Си Цзиньпин учинчи муддатга Хитой коммунистик партиясининг Марказий қўмитаси Бош котиби этиб қайта сайланди. Бир вақтнинг ўзида у учинчи марта кетма-кет Хитой коммунистик партияси Марказий қўмитаси Ҳарбий кенгаши раиси лавозимини ҳам эгаллади.

Бошқа мисоллар қаторида, қардошимиз ва қўшнимиз Қозоғистонни келтирсак. Илгари Биринчи Президент Нурсултон Назарбоев учун икки мартадан ортиқ сайланиш ҳуқуқи истисно эди. У ихтиёрий равишда истеъфога чиққанидан сўнг, 2019 йилда Президент вазифасини бажарувчи Қосим-Жўмарт Тўқаев расман Қозоғистоннинг иккинчи Президенти этиб сайланди.

Мамлакат Конституциясига кўра, кейинги сайловлар 2024 йил 1 декабрдан кечиктирмай ўтказилиши лозим эди. Бироқ Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 2022 йил 1 сентябрда ўз халқига йўллаган мурожаатномасида навбатдан ташқари президент сайловларини 2022 йил 20 ноябрда ўтказишни таклиф этди. Қосим-Жўмарт Тўқаев ушбу мурожаатномасида “янгича иқтисодий ҳаракатлар”га урғу берган ҳолда, қатор муҳим ислоҳотларни эълон қилди. Муддатидан олдин ўтган сайлов натижаларига кўра, Қосим-Жўмарт Тўқаев ишончли ғалаба қозонди.

Яна бир мисол – бу Туркия давлати. 2018 йил 24 июнда бу мамлакатда Туркия Президенти ва парламент депутатлигига навбатдан ташқари сайловлар бўлиб ўтди. Лекин сайловлар 2019 йил 3 ноябрда ўтказилиши белгиланган эди. Бироқ Президент 2018 йил 18 апрелда сайловларни 2018 йилнинг 24 июнида, яъни навбатдан ташқари президентлик ва 27-парламент сайловларини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади ва Туркия парламенти бу қарорни маъқуллади.

Сайловлар бир йил олдин бўлиб ўтган референдум давомида қабул қилинган янги қонунларга мувофиқ тарзда бўлиб ўтди. Референдум натижаларига кўра, мамлакат парламент бошқарув шаклидан, президентлик республикасига ўтилди, президентлик бошқаруви муддати беш йилгача, яъни бир йилга узайтирилди, бош вазир лавозими бекор қилинди, парламент депутатлари сони оширилди ҳамда судьялар ва прокурорлар Олий кенгаши шакллантирилди.

Туркияда жорий йилда бўлиб ўтадиган бўлажак президент сайловлари ҳам 18 июндан 14 майга кўчирилди. Президент сайловларининг иккинчи босқичи зарурат бўлганда, 28 май куни ўтказилади. Май ойи бошларида Режеп Таййип Эрдоған ўз тарафдорлари учун митинг ўтказди ва унда 1,7 млн киши тўпланди.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Президенти жорий март ойида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ташкилоти саммитида турк халқига мурожаат қилиб, уларни бўлажак сайловларда Режеп Таййип Эрдоған номзодини қўллаб-қувватлашга чақирди. Шавкат Мирзиёев “замонавий, қуд ратли Туркиянинг бугун эришган барча ютуқ ва муваффақиятларида муҳтарам президентнинг мислсиз хизматлари энг юксак эътирофга сазовордир”, деди.

Халқаро амалиётдаги бу ва бошқа мисоллар муддатидан олдин сайловларнинг ўтказилиши мавжуд конституциявий ўзгариш ларнинг натижалари ва оқибатларидан бири эканини кўрсатмоқда.

Ўзбекистонда қонунларга тўла риоя қилган ҳолда, очиқ ва шаффоф ҳамда юқори халқаро стандартларга жавоб берадиган сайлов кампанияларини ўтказиш бўйича тегишли тажриба тўпланган. Ўз навбатида, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси халқимизнинг манфаатлари ва келажак умидларидан келиб чиқиб, юртимиз тинчлигига, кўп миллатли аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган янги ғоя ва ташаббусларни илгари суради.

Азамат СЕИТОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси сектор мудири

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    768
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+