Хитой тажрибаси асосида алоҳида дастур амалга оширилади

12.05.2023, 10:12

Хитой тажрибаси асосида алоҳида дастур  амалга оширилади

Одамлар ишли бўлса, аҳоли жон бошига даромад кўпайса, оилада тинчлик бўлади. Мамлакатимизда кейинги йилларда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бандлигини таъминлаш орқали уларнинг турмуш даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани сабаби ҳам шунда.

Хусусан, маъмурий ислоҳотлар доирасида бу соҳаларга масъул вазирлик ташкил этилиб, барча ҳуқуқий-ташкилий асослар яратилди. Юртимизда илк бор минимал истеъмол харажатлари қиймати жорий этилди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш учун оилавий тадбиркорликка 15 триллион сўм имтиёзли кредит ва субсидиялар, деҳқончилик учун 200 минг гектар ер ажратилди. Шу даврда 300 мингга яқин тадбиркорлик субъекти ташкил қилиниб, 20 мингта корхона фаолияти кенгайтирилди. Ўтган йилнинг ўзида 1 миллион нафар аҳоли камбағалликдан чиқарилгани бу борадаги амалий ишлар натижасидир.

Бугунги кунда айни мақсадга қаратилган саъй-ҳаракатлар изчиллик билан давом этмоқда. Масалан,  шу йилнинг ўтган даврида жами 999,7 минг аҳолининг доимий, вақтинчалик ва мавсумий иш ўринларида бандлиги таъминланди. 111,8 минг нафар ишсиз фуқаролар корхона ва ташкилотлардаги мавжуд бўш иш ўринларига ишга жойлаштирилган бўлса, ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган 10,2 минг нафар эҳтиёжманд фуқаролар иш билан таъминланди.

Шунингдек, 2023 йилда 15 минг нафар имконияти чекланган ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилди. Мазкур дастур асосида ўтган тўрт ой давомида 5,0 минг нафар имконияти чекланган ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигига кўмаклашилди.

Ушбу масалага давлат сиёсати даражасида катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки ишсизликни қисқартириш чораларини кўриш, янги иш ўринлари очиш учун шароит яратиш давлатнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли янги Конституциямизда ҳам камбағалликни қисқартириш бўйича давлат ўзига мажбуриятлар олди.

Президентимиз 10 май куни камбағалликни қисқартириш ва бандликни ошириш чора-тадбирлари тақдимоти билан танишиш чоғида бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш зарурлигини, энг аввало, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳудудларда янгича ишлаши кераклигини таъкидлади.

Йиғилишда салоҳиятли тадбиркорларни қўллаб-қувватлаб, янги иш ўрни яратишга рағбатлантириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Бунинг учун улар билан малакали ишчи тайёрлаш бўйича шартнома тузилади. Яъни, корхоналарда кўплаб “амалий мономарказ”лар ташкил қилинади.

Давлат бунга зарур маблағлар ажратиш билан бирга, инфратузилма, кредит, солиқ ва бошқа масалалар бўйича енгилликлар беради. Тадбиркор эса камбағал аҳолини даромадли иш билан таъминлайди. Ушбу тизимни барча туман ва шаҳарларда жорий қилиниши айтиш мумкинки, тез орада ўз самарасини бериши аниқ.

Меҳнаткаш халқимиз учун муносиб меҳнат қилиш, яхши иш ҳақи олиши ва фаровон яшаши учун шароитларни яратиш кечиктириб бўлмайдиган вазифа ҳисобланади. Шу боис, камбағалликни қисқартириш бўйича Хитой тажрибасини ўрганиш ва янги ёндашувларни ишлаб чиқиш учун мамлакатимиз делегацияси яқинда Хитойда бўлиб қайтишди.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига у ердан экспертлар жалб қилинди. Энди Хитой тажрибаси асосида ҳар бир вилоятда биттадан туманни камбағалликдан чиқариш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади. Бу борада камбағаллик юқори бўлган туманларда йўл-транспорт, электр, алоқа ва туризм инфратузилмасини яхшилаш, кичик ва ўрта шаҳарларни ривожлантириш, маҳаллаларни саноатлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Бунинг учун албатта, зарур инфратузилма ҳам бўлиши керак. Жорий йилда оилавий тадбиркорликка 13 триллион сўм кредит ва 1,5 триллион сўм субсидиялар ажратилиши айни муддао бўлди. Бу ўз навбатида, ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш билан бирга, ишсиз ёшлар, хотин-қизларни бандлигини таъминлаш, даромадини оширишга хизмат қилади.

Сир эмаски, камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш бўйича 37 турдаги субсидиялар мавжуд. Лекин уларни ажратиш шартлари оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, лойиҳанинг ўзини ўзи оқлаш муддатидан қатъий назар, барча учун деярли бир хил. Демак, кредит ва субсидияларни ҳар бир камбағал оилага алоҳида ёндашув асосида тақдим этиш лозим. Бу орқали қанчадан-қанча оилаларни камбағалликдан чиқартириш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш мумкин.

Умуман олганда, йиғилишда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигини халқчил тизимга айлантириш, 100 дан ортиқ ижтимоий хизматларни бевосита маҳалланинг ўзида йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилдики, бу аҳолини тайинли ишли қилиш, уларнинг даромад манбаини оширишга хизмат қилади.

 Ботирбек ТЎРАЗОДА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    587
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+