Энергия таъминотида бурилиш даври бошланмоқда

15.05.2023, 17:41

Энергия таъминотида бурилиш даври бошланмоқда

Мамлакатимизда энергия таъминотида муаммолар жуда кўп ва нафақат бу муамоларни бартараф этиш балки соҳада юқори самарадорликка эришиш борасида имкониятларимиз ҳам жуда кенг. Айтайлик, охирги олти йилда 5 минг мегаваттдан зиёд янги электр қувватлари яратилган. Жорий йилнинг январь-апрель ойларида қўшимча 726 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқарилган.  Шу билан бирга, бу йил 3 миллиард 400 миллион киловатт соат электр танқис бўлиши, ёзнинг иссиқ кунларида унга кунлик талаб ҳозирги 195 миллион киловатт соатдан 255 миллион киловатт соатга етиши мумкин. Аммо бу муаммони бартараф этиш имкониятлари мавжуд.

11 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтказган селектор йиғилишида электр тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш чоралари кўриб чиқилди. Айниқса, серқуёш юртимизда муқобил энергиядан унумли фойдаланиш йўллари кўрсатиб ўтилди. Жорий йилда 2 минг мегаватт қувватли қуёш ва шамол электр станцияларини ишга тушириш, корхона, хонадон ва ижтимоий объектларда 1 минг 200 мегаваттли қуёш панеллари ўрнатиш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.

Йиғилишда Президентнинг “Яшил энергия” сертификатлари тизимини жорий этишга оид қарори имзолангани эълон қилинди. Бунда 1 июлдан гидро электр станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергияси учун “яшил” сертификат берилади. Ушбу тизим 1 октябрдан бошлаб, барча қайта тикланувчи энергия манбаларидан олинган электр учун жорий қилинади. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан барча савдо ва сервис корхоналарига қуёш панеллари учун кредит тўловларининг 4 фоизи қоплаб берилади. Халқаро молия ташкилотларидан 100 миллион доллар жалб қилиниб, аҳоли ва тадбиркорларга мақбул шартларда ажратилади.

Шу йил 13 февралда Ўзбекистон Президентининг “Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилинган эди. Бу борада қонунчиликка риоя этилишига масъул Бош прокурор ўринбосари лавозими жорий қилиниб, яхлит назорат тизими яратилди. Бугунги кунга қадар 250 миллиард сўмлик энергия ресурслар ноқонуний ишлатилгани аниқланиб, зарар ундирилган. Давлатимиз раҳбари бу ишларни давом эттириб, ноқонуний истеъмолга барҳам бериш шартлигини таъкидлади.

Мамлакатимизда энергия таъминотида бурилиш даври бошланаётгани юқоридаги фикрларда ҳам ўз тасдиғини топмоқда. Албатта, бу йўналишда зиммадаги вазифалар аъло даражада бажарилса ва ноёб ва камёб ҳисобланган энегия маҳсулотлардан тежаб-тергаб фойдалансак, исрофгарчиликнинг олдини олсак, албатта, қиш ойларида ҳам хонадонларимиз нурли ва чароғон бўлади. Бунга шак-шубҳа йўқ.

Ҳазрақул ХЎЖАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    405
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+