Камбағалликни қисқартиришда янги дастур ишлаб чиқилди

16.05.2023, 17:03

Камбағалликни қисқартиришда янги дастур ишлаб чиқилди

Камбағалликдан фаровонликкача бўлган машаққатли йўлни босиб ўтиш анчайин мушкул. Уни фақат ақл-идрок, ўткир зеҳн ва катта билим-салоҳият билан босиб ўтиш мумкин. Аммо камбағалликдан ҳоли бўлишда давлатнинг роли ҳам жуда муҳим ҳисобланади. Давлат ўз фуқароларига ғамхўрлик қилар экан, энг аввало фаровон ҳаётга етиш йўлларини ва муаммоларини ҳал этишда бош ислоҳотчидир.

Шу жиҳатдан олганда мамлакатимизда бу соҳада кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда ва бу ўзининг ижобий самараларини беряпти. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 15 май куни камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида шу масалага доир фикрлар билдирилди. Айтиш жоизки, ўтган йили 1 миллион нафар, бу йил биринчи чоракда 210 минг аҳоли камбағалликдан чиқарилди. Ҳар йили оилавий тадбиркорликка 13 триллион сўм кредит ва 1 триллион 500 миллиард сўм субсидиялар ажратилаяпти. “Ижтимоий ҳимоя реестри” орқали 2 миллион 300 минг муҳтож оила, хотин-қизлар, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган ватандошларимиз моддий ёрдам билан қамраб олинмоқда.

Бу натижалар ҳали муаммони тўлиқ бартараф этиш учун етарли эмас. Камбағалликни камайтириш – бу аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, касбга тайёрлаш ва иш ўринларини кўпайтиришга қаратилган комплекс вазифадир. Шу боис йиғилишда бу борада янги босқичга ўтиш, рағбат чораларини жорий этиш масалаларига эътибор қаратилди. Яна бир муҳим жиҳат ҳақида айтадиган бўлсам, кейинги беш йилда юртимизда тадбиркорлар сони 285 мингдан 590 мингтага кўпайди. Агар давлат бу тадбиркорлар билан манфаатли ҳамкорлик қилиб, уларни қўллаб-қувватласа, жойларда бандликни ҳал қилиш имконияти янада ортади.

Йиғилишда 1 июндан бошлаб “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури амалга оширилиши маълум қилингани айни муддао бўлди. Дастурга 2023-2024 йилда жами 1 миллиард доллар ажратилиши ва бу маблағлар ҳисобидан тадбиркорга камбағал оилалар аъзосини касбга ўқитиб, ишли қилишига қараб, амалдагидан паст фоизларда ва узоқроқ муддатга кредит берилиши ҳам соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, тадбиркорнинг “амалий мономарказ” ташкил қилиш ва жиҳозлаш ҳамда касбга ўқитиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади. Дастурда иштирок этадиган тадбиркорларга солиқлардан алоҳида имтиёзлар берилади. Жумладан, камида 20 фоиз камбағал оила аъзосини бир йил давомида иш билан таъминласа, мол-мулк ва ер солиқларидан озод қилинади. 5 миллион сўмгача иш ҳақи тўлаётган тадбиркорларга ижтимоий солиқ ставкаси 2 баравар камайтирилади. Камбағал оила аъзоси ҳам даромад солиғидан озод қилинади.

Бу янги дастур албатта, юртимизда камбағал оилалар қозонини қайнаши, даромади ошишини кўзлаб амалга оширилмоқда. Бунда албатта, камбағал оилалар ҳам ўз имкониятларини ишга солиб, камбағалликдан астойдил чиқиш учун ҳаракат қилиши муҳим ҳисобланади. Чунки боқимандалик камбағалликка етакловчи омил ва бундан чиқиб кетиш учун ҳар бир оила аъзоси ва ҳар бир йигит қиз давлат имтиёзларидан унумли фойдаланган ҳолда ўзи ҳам фаровонлик сари дадил қадам ташлаши лозим.

Барно Мирзамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    633
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+