Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлиги ривожида янги давр бошланмоқда

20.05.2023, 13:11

Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлиги ривожида янги давр бошланмоқда

Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари барча соҳаларни қамраб олган ва кейинги йилларда изчил ривожланиб бормоқда. Хусусан, икки давлат энди дўстлик ва шерикликнинг янги босқичига қадам қўймоқда.

Ҳар иккала давлат кўҳна Шарқ цивилизацияларининг кўп асрлик дўстона ва маданий тарихига эга бўлгани эса ўзаро гуманитар алмашувларни фаол ривожлантириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қиляпти.

Ўтган 31 йил ичида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик муносабатлар жадал ва барқарор тус олди. Икки давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари ва учрашувлари барча даражадаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаб, янги уфқлар очмоқда.

Зеро, Хитой билан Ўзбекистон манфаатлари ва тақдири муштарак, қувонч ва ташвишни биргаликда баҳам кўрадиган тенг ҳуқуқли ҳамда ўзаро манфаатдор шериклардир. Икки мамлакат ҳам қадимий тарихга эга бўлиб, уларни маданиятлар муштараклиги ўзаро бирлаштириб туради ва янада яқинлаштиради.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 18-19 май кунлари ушбу мамлакатга ташрифи ўзаро ҳамкорликнинг мутлақо янги босқичини бошлаб берди, десак муболаға эмас.

Айниқса, Сиан шаҳрида Ўзбекистон – Хитой бизнес-форумининг натижаларини алоҳида айтиш жоиз. Сабаби Хитойнинг 400 дан ортиқ йирик компаниялари вакиллари иштирок этган форум давомида қатор келишувлар ва шартномалар имзоланди.

Шунингдек, форум давомида Хитой ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистонда бизнес юритиш учун яратилган ижобий таркибий ўзгаришлар ва қулай шароитлар ҳақида кенгроқ маълумотларга эга бўлишди.

Ўзаро манфаатли шерикликнинг истиқболли йўналишлари сифатида автомобилсозлик, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, “яшил энергия”, қишлоқ хўжалиги ва мева-сабзавотларни қайта ишлаш соҳалари белгилаб олинди. Бу эса ҳар икки томон учун ҳам манфаатлидир.

Ташриф доирасида Президентимиз Сиан шаҳрида “Марказий Осиё —Хитой” саммитида ҳам иштирок этиб, аниқ таклиф ва муҳим ташаббусларни илгари сурди. Айниқса, янги иқтисодий мулоқотни шакллантириш ва ўзаро боғлиқликни кучайтириш, 2030 йилга бориб минтақа мамлакатларининг Хитой билан товар айирбошлаш ҳажмини икки баравар ошириш ҳақидаги ташаббуси анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида гуманитар алмашинувлар, кўргазмалар, концерт ва ижодий сафарлар, қўшма спорт тадбирларини мунтазам ўтказишни давом эттириш, уларга ёшларни кенг жалб қилиш муҳимлигига тўхталар экан, келгуси йилда Ёш истеъдодлар форумини биргаликда ўтказишни таклиф қилди.

Умуман олганда, Президентимизнинг Хитой Халқ Республикасига ташрифи икки томонлама муносабатларнинг юқори даражада ривожланаётганидан ҳамда стратегик шерикликни янада чуқурлаштиришга содиқликдан далолат беради. Эришилган натижалар эса Ўзбекистон — Хитой муносабатларида янги саҳифа очади.

 Феруза НИҒМАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    741
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+