Ўзбекистон минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришда ташаббус кўрсатмоқда

22.05.2023, 20:32

Ўзбекистон минтақавий ҳамкорликни   ривожлантиришда ташаббус кўрсатмоқда

Бугунги кунда Хитой Ўзбекистоннинг савдо шериклари  орасида биринчи ўринни эгаллайди. Масалан, ўтган йил якунига кўра,  давлатлар ўртасидаги  товар айирбошлаш ҳажми қарийб тўққиз миллиард долларни ташкил этган. Жорий йилда бу кўрсаткич  ўн миллиард долларга етади. Хитой ўзбек  маҳсулотлари учун катта ва истиқболли бозор, инвестициялар соҳасида  жуда муҳим ҳамда вақт синовидан ўтган  ҳамкордир.

Биз Ўзбекистонда тарихий қисқа давр ичида “Бир камар, бир йўл” ёки “Камар ва йўл” дастури унда иштирок этувчи давлатлар учун тараққиётнинг янги имкониятларини очган ҳолда, ўзининг ҳаётийлиги ва муҳим ролини  кўрсатганини кўриб турибмиз. Бундан ташқари, ҳозирги кунда “Камар ва йўл” дастурининг минтақавий ва глобал миқёсдаги роли, айниқса, халқаро муносабатларнинг глобал миқёсда ўзгаришини ҳисобга олганда,  янада долзарб аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон “Камар ва йўл” дастурини биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлаган давлатлардан бири сифатида ХХРнинг ушбу ташаббусида фаол иштирок этиб келмоқда. Бу мамлакатимизга савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш ҳамда юк ташиш йўналишларини диверсификация қилган ҳолда, янги ишлаб чиқариш ва етказиб бериш занжирини барпо этиш имконини беради.  

 Бу дастур қурилишига бевосита боғлиқ бўлган янги транспорт йўлакларини шакллантиришга хизмат қиладиган транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш мамлакатимиз учун муҳим аҳамиятга эга.

Шу ўринда, ШҲТнинг Самарқанд  саммитида келишилган Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўл қурилиши лойиҳасини алоҳида таъкидлаб ўтамиз. Лойиҳанинг амалга оширилиши муҳим аҳамиятга  эга, чунки у мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳаларида  янги имкониятларни очиб беради.

Хавфсиз ва қулай транспорт йўлакларини ривожлантириш стратегик аҳамиятга эга. Улар Хитойни бизнинг минтақамиз билан боғлаб, Европа, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё бозорларига чиқиш имкониятини беради.

Шу боис давлатлар раҳбарларининг “Марказий Осиё – Хитой” форматидаги биринчи саммитининг қадимий Сиань шаҳрида ўтказилиши ғоят рамзий маънога эга. Чунки Буюк ипак йўли айнан шу ердан бошланади,  бу шаҳар халқларимиз, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп асрлик алоқаларнинг  ёрқин  тимсолидир. Ушбу нуфузли  тадбирда Ўзбекистон  Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди. Унда  Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада  кенгайтириш, долзарб халқаро ва минтақавий масалалар муҳокама қилинди.

Саммит  тарихий воқеага айланди ва  барча мамлакатлар учун  янги имкониятларни очади. Президентимизнинг  2022 йил январь ойида Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой раҳбарларининг онлайн саммити чоғида “Марказий Осиё – Хитой” янги иқтисодий мулоқотини ўтказиш бўйича билдирган ташаббусини алоҳида қайд этиш ўринли.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида мураккаб халқаро вазиятда ушбу учрашув  алоҳида  аҳамият касб этишини қайд этган эди.  Мамлакатларимиз пандемия билан боғлиқ синовларни енгиб ўтиб, глобал миқёсдаги ишонч тақчиллигининг салбий оқибатларига тўқнаш келди. Айниқса, Марказий Осиё учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган барқарор транспорт-логистика занжирларидаги жиддий узилишлар, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигига таҳдидлар, инфляция импорти ўсиб бораётган шароитдаги ижтимоий кескинлик билан боғлиқ хавф-хатарлар ва бошқа муаммолар биздан амалий ҳамкорлигимизни кучайтириш ва фаолиятимизни янада кўпроқ мувофиқлаштиришни талаб этмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Шавкат Мирзиёев узоқ муддатли кун тартиб, истиқболли режалар ва кўп қиррали ҳамкорлик вазифалари асосида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича бир қанча муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Стратегик ёндашувлар, комплекс тавсия ва қарорлар, минтақавий ва глобал миқёсда туб бурилиш ясайдиган лойиҳаларни ишлаб чиқиш мақсадида мамлакатларимизда  етакчи “ақл марказлари”нинг биргаликдаги фаолиятини йўлга қўйиш зарурлиги  қайд этилди. Мунозара  майдони сифатида келгуси йил Самарқандда миллий стратегияларимизни уйғунлаштириш масалалари бўйича биринчи халқаро экспертлар конференциясини ўтказиш таклиф этилди.

Президентимиз минтақа мамлакатларининг барқарор ривожланиши учун  шароитлар яратиш масалаларига алоҳида тўхталди. Бунда камбағалликка қарши самарали курашиш масалаларига  устувор аҳамият қаратилади.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари янги иқтисодий мулоқотни шакллантириш ва мамлакатларимиз ўзаро боғлиқлигини кучайтириш, минтақа мамлакатларининг 2030 йилгача Хитой билан товар айланмаси ҳажмини икки баробар оширишга эришиш тарафдори эканини таъкидлади. Бунга саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришнинг мутаносиб ўсиши, самарали савдо-логистика инфратузилмалари ва замонавий улгуржи-тақсимлаш тармоқларини шакллантириш, “яшил” ва экспресс-йўлаклар тизимини жорий этиш, электрон тижоратнинг умумий платформасини яратиш ҳисобидан эришилади.

Қулай шарт-шароитлар ва зарурий ҳуқуқий базани шакллантириш учун ўзаро савдога кўмаклашиш ва инвестицияларни рағбатлантириш тўғрисида кўп томонлама битимни қабул қилиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф этилди. Саноат кооперациясини чуқурлаштириш, рақамли технологияларни жалб этиш ва инновацияларни, айниқса, қишлоқ хўжалигига кенг жорий этиш масалалари Хитойнинг провинциялари билан тўғридан-тўғри ҳудудлараро мулоқотлар доирасида самарали ҳал этилиши мумкин.

Йиғилиш якуни бўйича давлатлар раҳбарлари “Марказий Осиё – Хитой” саммитининг Сиань декларациясини имзолашди.  Унда саммитнинг самарали натижалари ўз ифодасини топган бўлиб, бу мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги яхши қўшничилик алоқалари ва ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш,  фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади. Хитой ҳақида гапирганда, Ўзбекистоннинг хитойлик шериклари билан бирга  амалга ошираётган инвестициявий лойиҳалари миллий иқтисодиётимиз ва технологик модернизацияни ривожлантиришга  ёрдам бераётганини қайд этиш жоиз. Ўзбекистон кўп соҳаларда дунёдаги етакчи мамлакатлардан бири сифатида Хитой билан ҳамкорликда катта истиқболларни кўради.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    573
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+