Партия съездига қашқадарёлик делегатлар сараланди

26.05.2023, 18:40

Партия съездига қашқадарёлик делегатлар сараланди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қашқадарё вилоят партия ташкилотнинг навбатдаги конференцияси бўлиб ўтди. Унда муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида  партия иштироки, маслакдошлар  ўртасида ғоявий-сиёсий ва ташкилий-партиявий ишларни кучайтириш борасида фаоллар олдида турган долзарб вазифалар ҳақида сўз борди.

– Айни пайтда ўз сафида қарийб 102 425 нафардан зиёд аъзони бирлаштирган вилоят кенгашимиз таркибида 1 112 та бошланғич партия ташкилотлари мавжуд бўлиб, дастлаб таянч бўғинларининг барчасида сайловни уюшқоқлик билан ўтказиш ҳамда туман, шаҳар конференцияларига делегатлар сайлаш масалаларига бағишланган умумий йиғилишлар ўтказилди, – деди O‘zLiDeP вилоят кенгаши раиси Шуҳрат  Асланов. – Уларда партия фаоллари орасидан сайланган делегатлар туман, шаҳар кенгашларининг ташкилотларининг конференцияларида иштирок этишди. Бугунги конференциямизда барча депутат, маслакдош,  сайловолди  штаблари  аъзолари бу  муҳим сиёсий жараённи  пухта тайёргарлик  билан  ўтказишлари,  сайловолди тарғибот-ташвиқот  ишини  кенг  кўламда   ташкил  этишда фаол  қатнашишлари  борасидаги муҳим вазифалар белгилаб олинди.  

Конференцияда вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси, вилоят кенгаши депутати Игор Турсунов, “Севаз Андроникс” МЧЖ раиси Алишер Бойқараев, Шаҳрисабз касб-ҳунар мактаби  директори Исломиддин Аброров, Яккабоғ туманидаги “Ситора имкон плюс” нодавлат таълим муассасаси раҳбари, тадбиркор аёл Наргиза Саломова, Муборак “Интеллектуал ёшлар маркази” раҳбари Актам Тўраев ва бошқалар сўзга чиқиб,  фаоллар олдида ғоятда масъулиятли, кўп миллатли халқимиз ва мамлакатимиз тақдирига дахлдор бўлган улкан сиёсий жараён тургани, эндиликда  жамиятимизнинг барча фаол қатламларини фаровонлик ва тараққиёт мақсадларига бирлаштирувчи мустаҳкам сиёсий куч сифатида шаклланган O‘zLiDeP жамиятимиз ҳаётига дахлдор муҳим қарорлар қабул қилиш ва ташаббусларни амалга оширишда ҳам етакчи эканини алоҳида қайд этишди.  

Дарҳақиқат, воҳада ўтган етти йил мобайнида партия электорати бўлган тадбиркор ва фермерлар фаолиятини асоссиз текширишга чек қўйилди, экспортёрлар рағбатлантирилди, ишбилармонлик ташаббуслари тўлиқ қўллаб-қувватланди. Натижада, тадбиркорлар сони олти баробарга кўпайиб, маҳаллий ишлаб чиқариш ривожланди. Янги-янги корхоналар ишга туширилди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини янгиланган Конституция, умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос, демократик тамойиллар асосида уюшқоқлик ва юқори савияда ташкил этиш ҳамда ўтказишда маҳаллий кенгаш депутатлари, бошланғич партия ташкилотлари, барча маслакдошлар кучидан самарали фойдаланиш, тушунтириш-тарғибот ишларини янада кучайтириш борасида  аниқ вазифалар белгилади. 

Шунингдек, партия XI съездига делегатлар сайланди. Конференцияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши

 матбуот хизмати

  • Кўрилди
    545
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+