Халқчил ҳокимиятгина халққа хизмат қилади

01.06.2023, 18:18

Халқчил ҳокимиятгина халққа хизмат қилади

Бўлажак Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиямиздан кўрсатилган номзод – Шавкат Миромоновичнинг сайловолди дастурларининг асосий йўналишларини қамраб олган маърузаларини катта қизиқиш ва мамнуният билан тингладим. Ва шу нарсага амин бўлдимки, дастур жуда ҳам кенг қамровли, унда юртимиз ҳаёти, ижтимоий-иқтисодий тараққиёти йўлидаги йўналишлар атрофлича таҳлил этиб берилган.

Барчага маълумки, Шавкат Мирзиёев Президентлик фаолиятининг дастлабки йиллариданоқ маҳаллий ҳокимиятларни халққа хизмат қилишлари тамойилига асосланган ислоҳотлар бугунги кунда ўз натижасини бермоқда. Дунёда андозаси йўқ, ноёб тизим – маҳаллабай ишлаш учун “Аёллар”, “Ёшлар”, “Темир” дафтарлари, маҳаллалардаги бешлик тизими, секторлар фаолияти ташкил қилиниши натижасида бугун ҳокимият ўзгариб, халқчил ҳокимиятга айланди.

Сир эмас, 2017 йилгача бюджет даромадлари тақсимоти марказ томонидан амалга оширилиб, халқни қийнаётган муаммолар ёки бирор бир муҳтож оилага моддий кўмак бериш у ёқда турсин, оддий китоб  совға қилишнинг  ҳам иложи йўқ эди. Ҳудудлар даромадларининг бюджетдан оширилган қисмини вилоятлар ихтиёрида қолдириш ва жойлардаги муаммоларга фуқароларнинг ўзи “очиқ бюджет” орқали овоз бериш йўли билан маблағ ажратилиши борасидаги ташаббуслар натижасида бу каби масалалар ўз ечимини топмоқда.

Мисол учун, 2016 йилда вилоят маҳаллий бюджети даромадлари 1 трлн 195 млрд сўмни ташкил қилиб, шундан атиги 10 млрд сўми ёки 0,9 фоизигина маҳаллий бюджет ихтиёрига қолдирилган эди. Ўтган йилда эса қарийб 3,5 трлн сўм тушумимизнинг 670 млрд сўми, яъни 20 фоизи маҳаллий бюджет ихтиёрида қолди.  Бу маблағларни асосан ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, жумладан ичимлик сув таъминоти, йўл қурилиши, таълим ва тиббиёт каби тадбирлар, “Аёллар”, “Ёшлар”, “Темир” дафтарлар ва бошқа ижтимоий жамғармаларга йўналтирдик.

Юртимиздаги ислоҳотлар, ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, улкан бунёдкорлик ишлари кўламини кўп миллатли халқимиз сингари бухороликлар ҳам ўз ҳаётида ҳис қилмоқда. Илгари вилоятда раҳбар бўлганлар бир километр йўл асфальтига пул олиш учун неча ойлаб бюрократик тўсиқларга учраганликлари, бу масала қанчалик азоб бўлганини доимо айтишади.  Охирги 6 йилдаги ислоҳотлар натижасида вилоятимизда 4,5 минг километр йўллар таъмирланди, 112 та кўприкда қурилиш-реконструкция ишлари бажарилди.

Аҳолини ичимлик суви билан таъминланиш даражаси сўнгги 6 йилда 51 фоиздан 73 фоизга оширилди. Олот ва Қоракўл туманларимизда ичимлик суви таъминоти 95 фоизга етказилди. Буларнинг ҳаммаси аҳолимизнинг Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлига, унинг Президентига, Президент вакиллари бўлган маҳаллий раҳбарларга нисбатан ишончи ошишида муҳим омил бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари ёшлар ҳаёт мамотимиз, келажагимиз эканини доимо таъкидлаб, уларнинг тарбияси, таълим сифатини ошириш борасидаги ишларни давлат сиёсати даражасига олиб чиқди.

Илгари асосий вақтини қишлоқ хўжалиги ишларига сарфлаган ҳокимлар, қишлоқ хўжалигида кластер тизими жорий этилиши натижасида, эндиликда ижтимоий масалаларни ҳал этиш билан шуғулланишмоқда. Бунинг натижасида, мактабларимиз моддий техника базаси яхшиланмоқда. Ёшларимизнинг халқаро мусобақалардаги ғалабалари сони кўпаймоқда. Уларни ҳаётга тайёр кириб боришлари учун 2 та хорижий тил ва битта касбни ўргатиш бўйича амалий ишлар бошланган. Ислоҳотлар натижасини мактабгача таълим қамровининг ўтган олти йилда вилоятимизда 22 фоиздан 72 фоизга етганида ҳам кўришимиз мумкин.

Ҳокимларнинг ўз ҳудуди қобиғидан чиқиб, халқаро миқёсда фикрлаш, керак бўлса ҳудуд иқтисодий ривожига ҳисса қўша оладиган инвесторларни жалб этиш борасидаги талаб ҳам бизга атрофга кенгроқ назар билан қарашга туртки берди. Бунинг натижасида вилоятимизда 2017-2022 йилларда тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилиши ҳажми 1,2 млрд долларни ташкил этди ва 2016 йилга нисбатан 4 баробарга ўсди.

Бу эса жаҳон ҳамжамиятининг юртимизга нисбатан ишончи тобора ошиб бораётганининг яққол ифодасидир. Буни сўнгги йилларда улкан туристик имкониятларга эга юртимизга келаётган сайёҳлар сони ошиб бораётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Соҳага қаратилган эътибор натижасида биргина ўтган йилда сайёҳлар ташрифи 3,5 млн нафарга етди. 2016 йилга нисбатан 4,5 баробар, туристик хизматлар экспорти эса 4 баробарга ортди.

Маърузада Янги Ўзбекистонни мустаҳкам пойдевори қурилганини айтиб, энди унинг биносини қуриш бўйича аниқ стратегияи баён қилинди. Ишончим комилки, биз Шавкат Мирзиёев билан Янги Ўзбекистонни бирга қурамиз ва барчангизни партиямиздан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида қўллаб-қувватлашингизни сўрайман.

Ботир ЗАРИПОВ,

Бухоро вилояти ҳокими

  • Кўрилди
    627
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+