Фақат соғлом ва баркамол миллатгина буюк ишларга қодир бўлади

02.06.2023, 16:59

Фақат соғлом ва баркамол миллатгина буюк ишларга қодир бўлади

“Саломатлик бўлмаса, ҳеч нарса татимайди” деган ҳикмат бор. Аслида мўлжаллаган ишларимизни амалга оширишимиз учун ҳам, ҳаёт неъматларидан баҳра олишимиз учун ҳам, аввало, соғ-саломат бўлишимиз керак. Шу маънода олганда соғлиқни сақлашга мамлакатимизда жуда катта эътибор берилаётгани ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” тамойили асосида тиббиёт соҳасида ҳам жуда катта ислоҳотлар амалга оширилди. Биргина 2022 йили жойларда 100 дан зиёд оилавий шифокорлик пункти, поликлиникалар ҳамда олис ва чекка ҳудудларда 1000 дан ортиқ маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилди. Натижада қўшимча равишда яна 3,5 миллион аҳолини бирламчи тиббий хизмат билан қамраб олишга эришилди.

Оилавий шифокорлар томонидан аҳолига бепул тарқатиладиган 70 хилдаги дори-дармонлар учун маблағлар ҳажми ўтган йилларга нисбатан 3 баробарга оширилди.

Тиббиётга қаратилаётган эътибор янгиланган Бош қонунимизда ҳам ўз аксини топди. Бу борада Конституциямиздан бир неча  концептуал ўзгартиришлар ўрин олди. Умуман, Асосий қонунда аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар 4 баробарга кўпайди. Бу янгиланишлар партиямизнинг мазкур йўналишдаги дастурий мақсадларига батамом мос келишини ҳам қайд этишим зарур.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг XI съездидаги нутқида мазкур бошланган ислоҳотлар яна давом эттирилиши алоҳида таъкидланди.

Хусусан, сайловолди дастурида юртимизда ўртача умр давомийлигини ҳозирги 73 ёшдан келгусида 78 ёшга етказиш бўйича барча имкониятлар ишга солиниши, бунинг учун 2030 йилга қадар оналар ва болалар ўлими, болалар ўртасида ирсий касалликларни камида 2 баробар қисқартириш; онкология, юрак-қон томир, диабет, нафас йўллари ва юқумли касалликлар бўйича эрта ўлимни эса 2,5 баробар камайтириш асосий вазифа қилиб белгиланмоқда. Бунда 120 минг нафар онкология, 350 минг нафар диабет, 1,5 миллион юрак-қон томир касаллиги бор беморларни даволаш билан тўлиқ қамраб олинади. “Гепатит С” касаллигини 100 фоиз давлат ҳисобидан даволашни йўлга қўйилади. Туберкулёз билан касалланиш даражасини юз минг аҳолига нисбатан ҳозирги 34 нафардан кескин камайтиришга эришилади.

Шу билан бирга, келгуси йилдан бирламчи бўғин орқали энг кўп учрайдиган 10 та касалликни даволаш ва 6 та тиббий хизматдан иборат кафолатланган тиббий пакет аҳолига бепул тақдим этилади. Бу орқали, тиббий ёрдамга муҳтож аҳолининг 70 фоиз мурожаатлари бирламчи бўғиннинг ўзида ҳал бўлади.

Онкологик беморлар ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида мамлакатимизда илк бор ўзак ҳужайраларини трансплантация қилиш йўлга қўйилади. Бу борадаги харажатлар эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун тўлиқ давлат ҳисобидан қопланади.

Яна бир муҳим янгилик – соғлиқни сақлаш тизими тўлиқ рақамлаштирилади ва тиббий суғурта тизими жорий қилинади. Умуман, 2030 йилга қадар тиббиётга бюджетдан ажратиладиган йиллик маблағ ҳажмини 2 карра ошириб, 6 миллиард долларга етказилади.

Умуман олганда ушбу ислоҳотлар аҳолимизни тиббиёт тизимидан рози қилиш учун амалга оширилаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, фақат соғлом ва баркамол миллатгина буюк ишларга қодир бўлади.

Мавлуда ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    1384
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+