Ижтимоий ҳимоя тизими янада яхшиланади

02.06.2023, 17:01

Ижтимоий ҳимоя тизими янада яхшиланади

Юртимизда сўнгги олти йилда ижтимоий ёрдам кўлами 5 баробар оширилиб, 2 миллиондан ортиқ оила қамраб олинди. Ҳозирги кунда ҳар бир эҳтиёжманд оила бюджет ва “3 та дафтар” тизими орқали моддий ёрдам олмоқда. Бу мақсадларга бюджетдан ҳар йили ажратиладиган маблағ эса 18 триллион сўмга етказилди.

Ижтимоий таъминотга йўналтирилган маблағларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2,5 баробар ёки 2016 йилдаги 0,9 фоиздан 2022 йилда 2,2 фоизга кўпайди.

Лекин ижтимоий ҳимоя фақат пул бериш билан чекланиб қолаётгани, аслида, бу тизимнинг вазифаси аҳолини оғир аҳволдан чиқариш ва жамиятда ўз ўрнини эгаллаши учун кўмак беришдан иборат бўлиши керак. Бу ҳақида O'zLiDePдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида кўрсатилган Шавкат Мирзиёев 30 май куни ўз сайловолди дастури юзасидан сўзлаган маърузасида айтиб ўтди.

Маърузада таъкидландики, бизда оғир вазиятга тушган 30 та тоифадаги 9 миллион аҳоли бор. Булар – ногиронлиги бор шахслар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотганлар, оилада зўравонликка учраган аёллар. Шу боис, сайловолди дастурига мувофиқ, ижтимоий хизматлар соҳаси буткул қайта кўриб чиқилади ва ҳар бир маҳаллада профессионал ижтимоий ходимлар фаолияти йўлга қўйилиб, улар ижтимоий хизматларни манзилли асосда кўрсатади.

Оғир ҳаётий аҳволга тушган ёки тушиш хавфи юқори бўлган ҳар бир оила бўйича алоҳида “ижтимоий хизмат иши” очилади. Ушбу оилаларда шароитни яхшилаш, уларга даволаш, дориларни етказиш, фарзандларини боғча ва мактабга жойлаштириш, моддий ёрдам бериш каби ижтимоий хизматлар кўрсатилади. Оғирроқ вазиятдаги оилаларга психологик ёрдам ҳам берилади. Бундай оилаларнинг ҳаёт сифати амалда яхши томонга ўзгаргандан кейингина, “ижтимоий хизмат иши” ёпилади.

Туманларда ижтимоий хизматларни “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатадиган ижтимоий хизматлар марказлари; психолог, ҳуқуқшунос, ижтимоий ходимдан иборат “мобил гуруҳлар”; зўравонликка учраган аёлларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича “колл-марказ”лар ташкил қилинади. Шунингдек, қийин аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар учун ҳам ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш хизмати кенгайтирилади.

Туғруқ таътилидаги аёллар учун онлайн ишлаш тизими жорий этилади. Болаларни васийликка олиш тизими, васийларни танлаш мезонлари ва мониторинг қилиш тартиби тўлиқ ўзгаради.

Ногиронлиги бор оила аъзосига қаровчи эҳтиёжманд инсонларга иш ҳақи тўлаш тизими жорий қилинади. Ушбу тоифадаги одамларни бизнесга жалб қилиб, даромад топишга ўргатган, уларнинг маҳсулотини реализация қилишга кўмаклашган тадбиркорларга имтиёз ва афзалликлар берилади.

Бу ишларни мувофиқлаштириш учун эса ҳозирги 6 та вазирликда тарқоқ бўлган ижтимоий хизматлар бирлаштирилиб, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилиши ҳақида куни кеча президент қарори қабул қилинди. Ваҳоланки, бу ҳақида Ш.Мирзиёев ўз маърузасида ҳам алоҳида таъкидлаб ўтганди. Эндиликда ижтимоий ҳимояга ажратиладиган барча маблағлар агентлик ҳузурида ташкил этиладиган алоҳида жамғарма орқали манзилли йўналтирилади ва унинг харажатлари очиқ-ошкора бўлади. Агентлик жамоатчилик билан яқин мулоқот ўрнатиб, улар билан бамаслаҳат иш юритади. Яна бир янгилик, янги агентлик учун камида 10 фоиз ходимлар ногиронлиги бўлган шахслар орасидан танлов асосида ишга олинади.

Албатта, бу ислоҳотлар ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароит яратишдек эзгу мақсадни амалга оширишда навбатдаги пиллапоя вазифасини ўтайди.

 Гулбаҳор Тангирова,

O'zLIDeP Сурхондарё вилояти Кенгаши депутати

  • Кўрилди
    783
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+