Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилади

02.06.2023, 19:10

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилади

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизими тобора мустаҳкамланиб, аҳолининг кам таъминланган ва заиф қатламларини ижтимоий ёрдам тизимига киритиш механизмлари такомиллаштирилмоқда.

Айниқса, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя соҳасига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдорини ошириш ва қўшимча ресурсларни жалб қилиш, ижтимоий ҳимоя дастурлари қамровини кенгайтириш ва оилаларни оғир ҳаётий ҳолатлардан олиб чиқишга қаратилган қўшимча механизмларни жорий этиш йўналишларида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, куни кеча давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди.

Айтиш керакки, Ижтимоий ҳимоя масаласи бир неча йилдан бери ўз ечимини кутиб келаётган долзарб масалалардан эди.

Юртимиздаги ижтимоий ҳимоя тизими фақат пул бериш билан чекланиб қолаётганди.

Давлатимиз раҳбари аслида, бу тизимнинг вазифаси аҳолини оғир аҳволдан чиқариш ва жамиятда ўз ўрнини эгаллаши учун кўмак беришдан иборат бўлиши кераклигига эътибор қаратди. Айни шу сабабли ҳам, ижтимоий хизматлар соҳасини буткул қайта кўриб чиқиш лозимлигини ўз сайловолди дастуридаги муҳим мақсадлар сирасига киритди.

Инсон қадрини улуғлашда ижтимоий ҳимоя тизимининг нақадар муҳим эканини теран англаган юртбошимиз ижтимоий ёрдам тизимини модернизациялаш борасидаги аниқ таклиф ва ечимларни олға сурди.

O'zLiDePнинг 30 май кунги съездида давлатимиз раҳбари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилиши ҳақида сўз юритаркан, агентлик ходимларидан камида 10 фоизи ногиронлиги бўлган шахслар орасидан танлов асосида ишга олинишига алоҳида урғу берганининг замирида ҳам катта маъно ётибди.

Негаки, агентлик фаолиятининг йўлга қўйилиши билан Ўзбекистонда ҳозирги 6 та вазирликда тарқоқ бўлган ижтимоий хизматлар бирлаштирилди.

Ижтимоий хизматлар соҳаси буткул қайта кўриб чиқиладиган бўлди.

Эндиликда юртимиздаги ҳар бир маҳаллада профессионал ижтимоий ходимлар фаолияти йўлга қўйилади ва улар ижтимоий хизматларни манзилли асосда кўрсатади. Оғир ҳаётий аҳволга тушган ёки тушиш хавфи юқори бўлган ҳар бир оила бўйича алоҳида “ижтимоий хизмат иши” очилади. Ушбу оилаларда шароитни яхшилаш, уларга даволаш, дориларни етказиш, фарзандларини боғча ва мактабга жойлаштириш, моддий ёрдам бериш каби ижтимоий хизматлар кўрсатилади.

Оғирроқ вазиятдаги оилаларга психологик ёрдам ҳам берилади. Бундай оилаларнинг ҳаёт сифати амалда яхши томонга ўзгаргандан кейингина, “ижтимоий хизмат иши” ёпилади.

Туманларда ижтимоий хизматларни “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатадиган ижтимоий хизматлар марказлари, психолог, ҳуқуқшунос, ижтимоий ходимдан иборат “мобиль гуруҳлар”, зўравонликка учраган аёлларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича “Колл-марказлар” ташкил қилинади.

Қийин аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар учун ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш хизмати кенгайтирилади. Туғуруқ таътилидаги аёллар учун онлайн ишлаш тизими жорий этилади. Болаларни васийликка олиш тизими, васийларни танлаш мезонлари ва мониторинг қилиш тартиби тўлиқ ўзгаради.

Ҳар йили юрак нуқсони бор 5 минг болани ва кўриш қобилиятини йўқотиш эҳтимоли юқори бўлган 10 минг чақалоқни бепул даволашни давлат ўзига мажбурият қилиб олади.

Ижтимоий ҳимояга ажратиладиган барча маблағлар Агентлик ҳузурида ташкил этиладиган алоҳида жамғарма орқали манзилли йўналтирилади ва унинг харажатлари очиқ-ошкора бўлади.

Бир сўз билан айтганда, ижтимоий хизматлар кўрсатиш бўйича ягона орган тузилиши ўз вақтида тўғри қабул қилинган қарор бўлди, десак, асло муболаға бўлмайди.

Инсон салоҳиятини ишга солишга қаратилган ислоҳотларни амалга оширишда ушбу институционал ўзгариш яхши самара бериши муқаррар!

Актам ХАИТОВ,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    541
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+