Барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш йўлида

03.06.2023, 13:10

Барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш йўлида

Тошкент шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг ўн биринчи съездида партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши номидан делегат сифатида иштирок этдим.

Съездда шу йилнинг 9 июль куни бўлиб ўтадиган муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида O`zLiDePнинг иштироки ва сайловда партиядан кўрсатиладиган номзод масаласи муҳокама қилинди. Мамлакатимизда кейинги йилларда барча соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар, янгиланиш ва ўзгаришлар халқимизнинг ғурурини, қаддини тик тутишига, ҳақ-ҳуқуқларини ҳис қилишига, ўз фикрини эркин ифода этишига олиб келди. Авваламбор, “Инсон қадри учун” тамойили асосида “Аввал инсон, кейин – жамият ва давлат” деган халқчил ғоя асосида халқимизнинг фаровонлигини таъминлашда барча жабҳаларда изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизнинг етакчи кучига айланиб бораётган, иқтисодиётимизнинг тадбиркорлик соҳасини замонавий бозор муносабатлари талабларидан келиб чиқиб, янада эркинлаштириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.  

Жумладан, тадбиркорлар фаолияти устидан турли текширишларга мораторий жорий қилинганлиги, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-нормалари тубдан соддалаштирилганлиги, давлат иштирокидаги корхоналарни хусусийлаштириш, рақобатни қўллаб-қувватлаш орқали давлатнинг иқтисодиётга аралашуви чекланганлигини алоҳида қайд этиш лозим. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг қорақалпоқ халқига бўлган ғамхўрлиги ва эътибори натижасида Қорақалпоғистон Республикасида ҳам катта янгиланиш ва ўзгаришлар амалга оширилди. Президентимизнинг қўллаб-қувватлаши натижасида Қорақалпоғистонда 15 триллион сўм инвестиция ҳисобидан 5 мингдан зиёд лойиҳа амалга оширилди. Тадбиркорлар сони икки баробар кўпайиб, 45 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Шу билан бирга, қулай инвестициявий муҳит яратилганлиги натижасида мамлакатимизда тадбиркорлар сони икки миллион нафарга етди, тадбиркорлик субъектларида эса иш билан банд бўлганлар сони ҳам бир неча баробар ортди. Буларнинг барчаси давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар самараси эканлигини бугун ҳар бир юртдошимиз, халқимиз ўзининг ҳаётида сезмоқда, англамоқда. Партиямизнинг навбатдаги съездида хам Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб амалдаги Президент Ш.Мирзиёев номзоди делегатлар томонидан тасдиқланди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзод Ш.М.Мирзиёев ўз дастурининг асосий йўналишлари ҳақида маъруза қилди. Дастур бешта мақсадни қамраб олган. Сайловолди дастури мазмунан мамлакатимизда олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсатнинг узвий давоми бўлиб, бунда инсон қадри, шаъни, унинг ҳақ-ҳуқуқларини амалда таъминлаб берувчи, ҳар бир инсоннинг бу ҳаётда соғлом бўлиб, хавфсиз яшаб, таълим олиши, ишлаши, фаровон ҳаёт кечириши учун яратилаётган шарт-шароитлардан мамлакатимизнинг дунё ҳамжамияти олдидаги обрўси ва нуфузини янада оширишга, иқтисодиётимиз ва барча соҳаларнинг ривожланишига, қадриятларимизнинг улуғланишига, мудофаа салоҳиятини ошириш каби муҳим вазифаларни ўз ичига олган.  

Сағиндиқ Турманов, 

Қорақалпоғистон Республикаси 

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири, 

O'zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси. 

  • Кўрилди
    419
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+